ХОҚ россиялик ва беларуслик спортчиларга мусобақаларда нейтрал байроқ остида қатнашишига рухсат беришни тавсия қилди
Россиянинг Украинага босқини бошланганидан кейин россиялик ва беларуслик спортчилар барча халқаро мусобақалардан четлатилган эди.
Халқаро олимпия қўмитаси россиялик ва беларуслик спортчиларга халқаро мусобақаларда нейтрал байроқ остида қатнашишларига рухсат беришни тавсия қилди, деди ташкилот раҳбари Томас Бах. Бу тавсиялар 2024 йилги Париж олимпиадасига тааллуқли эмас, у бўйича алоҳида қарор чиқарилади.
Тавсиялар бўйича спорт федерациялари мустақил қарор чиқариши лозим.
Бундан ташқари, ХОҚ тавсияларига кўра, қуйидаги чекловлар ўрнатилади:
- россиялик ва беларуслик спортчиларга жамоавий спорт (футбол, хоккей ва ҳоказолар) ўйинларида қатнашиш тақиқланади;
- Украина ҳудудидаги ҳарбий ҳаракатларни қўллаб-қувватловчи спортчиларга халқаро мусобақаларда қатнашиш тақиқланади;
- Россия ёки Беларус армияси, шунингдек, ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари ва хавфсизлик идоралари билан алоқаси бўлган спортчиларга халқаро мусобақаларда қатнашиш тақиқланади.
«Спортчиларга халқаро мусобақаларда иштирок этишга рухсат беришдан олдин уларнинг оммавий баёнотлари, митинглардаги иштироки ва жангларни қўллаб-қувватловчи рамзларнинг намойиш этилиши ҳисобга олиниши керак», деди Бах.