Спорт | 21:10 / 29.03.2023
34863
2 дақиқада ўқилади

ФИФА Индонезияни ёшлар ўртасидаги ЖЧ-2023 мезбонлигидан маҳрум этди

Индонезияда ўтказилиши белгиланган ёшлар ўртасидаги (U20) ЖЧ-2023 турнири сиёсий сабаблар туфайли мамлакатдан тортиб олинди.

Фото: AP

ФИФА расмий сайти хабарига кўра, мусобақанинг янги мезбони тез орада эълон қилинади. Ташкилот ЖЧ-2023 ўтказилиш муддатини ўзгартирмоқчи эмас. Турнир 20 майдан 11 июнга қадар ўтказилиши белгиланганди.

Қайд этилишича, тез орада Индонезия футбол ассоциациясига нисбатан жазо чоралари эълон қилинади.

Аввалроқ, турнирга қуръа ташлаш маросими 31 март куни ўтиши белгилангани, аммо Индонезия футбол ассоциацияси маросим кейинроқ муддатга қолдирилганини эълон қилганди.

Эслатиб ўтамиз, ЖЧ-2023га илк марта Исроил ёшлар жамоаси ҳам йўлланма олгани, аммо бу мамлакат жамоасининг Индонезияга келиши маҳаллий аҳолининг турли норозилик намойишларига сабаб бўлаётганди. Индонезия Исроилнинг Фаластин билан низолари ва бу мамлакатга нисбатан зўравонликлари сабабли уни тан олмаган. Бунгача Бали ороли губернатори Исроил ёшлар жамоасини ўз ҳудудига киритмаслигини маълум қилган бўлса, мамлакат пойтахти Жакартада минглаб одамлар Исроил ёшлар жамоасининг Индонезияга келишига қарши намойишлар ўтказганди.

ФИФА 2016 йил Индонезияни халқаро ўйинлардан четлатган эди. Бунга мамлакат ҳукуматининг футболга аралашуви сабаб бўлган. Кейинчалик санкция бекор қилинганди.

Аввалроқ, Ироқ ёшлар жамоаси ҳам ЖЧ-2023да Исроилга рўбарў келса, бу жамоага қарши майдонга тушмаслиги ёки умуман турнирда қатнашмаслиги мумкинлиги ҳақида хабар қилинганди.

Мавзуга оид