Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
ФИФА Ривалдо олдидаги қарздорлик туфайли «Бунёдкор»га трансфер тақиқи қўйди
Энди «Бунёдкор» янги футболчиларни ПФЛ рўйхатидан ўтказолмайди.
Бразилиялик собиқ футболчи Ривалдо билан ҳисоб-китоб қилинмагунча «Бунёдкор» футбол клуби янги футболчиларни рўйхатдан ўтказа олмайди. Бу ҳақда ФИФА 23 июнь куни қарор қабул қилди ва 2 июль куни Ўзбекистон Профессионал футбол лигасини (ПФЛ) огоҳлантирди.
Аввалроқ «Бунёдкор» бразилиялик собиқ футболчиси олдида юзага келган қарздорликни расман тан олган бўлиб, кейинчалик уни беш йил давомида босқичма-босқич тўлаб бориш юзасидан Ривалдо билан келишувга эришганди.
2024- ва 2025-йилги мавсумлар давомида клуб беш йиллик келишув доирасидаги мажбуриятларини бажарди. Бироқ 2026 йилга келиб, клуб таъсисчиси ва бош ҳомийси ҳисобланган «Ўзбекнефтгаз» АЖ «Бунёдкор» футбол клубини молиялаштиришни тўхтатгач, клуб жорий йилнинг май ойига қадар амалга оширилиши керак бўлган қарзнинг навбатдаги тўловини бажара олмади.
Шундан сўнг, Ривалдо ФИФАга қайта шикоят киритди. Қўшимчасига, «Бунёдкор» билан тузилган беш йиллик келишув шартлари ва унда назарда тутилган чегирмалар ҳам бекор қилинди.
Қайд қилинишича, Ўзбекистонда ёзги трансфер ойнаси 10 августга қадар давом этади, аммо «Бунёдкор» янги футболчиларни Лига рўйхатидан ўтказа олмайди. Клуб мавжуд футболчилар билан мавсумни якунлаши, шунингдек, тақиқ кучга киргунига қадар «Бунёдкор» академияси тарбияланувчиси сифатида ФИФА рўйхатида мавжуд бўлган ёш футболчиларнигина кейинчалик ўз қайдномасига қўшиши мумкин бўлади.
Жорий йилнинг 23 июнь санасидан кейин «Бунёдкор» футбол академиясига қабул қилинган ёш футболчилар ҳам мазкур тақиқ доирасида клуб учун рўйхатдан ўта олмайди.
Ривалдо олдидаги қарздорлик қанча?
Аввалроқ, «Бунёдкор»га Ривалдо учун жами 11 млн 164 минг 398 евро миқдорида пул тўлаш мажбурияти юклатилган эди. Аммо клуб ва футболчи ўзаро келишувга эришиб, умумий қарздорлик суммаси 7 млн 500 минг еврога камайтирилди.
«Бунёдкор» клуби берган маълумотларга кўра, 2026 йил учун тўловларни белгиланган муддатда тўлашнинг имкони бўлмаган.
Kun.uz манбасига кўра, «Бунёдкор»нинг йиллик бюджети давлат томонидан ажратиладиган 35 млрд сўмдан иборат. Ривалдонинг 2028 йилгача бўлиб тўланадиган қарзининг 2026 йил учун тўловлари эса умумий бюджетнинг ярмини ташкил этади. Шунингдек, давлат ҳам 35 млрд сўмдан бразилиялик футболчининг қарзини ёпишга рухсат бермаган.
Ўз навбатида, «Ўзбекнефтгаз» ҳам ҳукумат топшириғига асосан 1 январдан футбол клубларини молиялаштиришни бутунлай тўхтатганини қайд этган ҳолда, компания «Бунёдкор»нинг Ривалдо олдидаги қарзини тўламаслигини маълум қилди. Бу қарздорлик клуб мажбурияти экани билан изоҳланяпти.
Ривалдо 2008-2010 йилларда «Бунёдкор» шарафини ҳимоя қилиб, 61 ўйинда майдонга тушган ва 31 та гол урган. У 2015 йилда фаолиятини якунлаган.
Мавзуга оид
16:34 / 12.06.2026
«Дунёни биз бошқармаймиз» – Инфантино арбитр Артан АҚШга киритилмаганига муносабат билдирди
21:30 / 10.06.2026
Америкада тарихдаги энг қиммат жаҳон чемпионати бошланмоқда — барчаси мухлислар пули ҳисобига
10:10 / 09.06.2026
Жаҳон чемпионати ҳаками АҚШга киритилмади
20:05 / 28.05.2026