Жаҳон | 23:50 / 30.03.2023
19136
3 дақиқада ўқилади

АҚШ америкаликларни дарҳол Россияни тарк этишга чақирди 

Россияда WSJ журналисти ҳибсга олингач, АҚШ расмийлари шундай чақириқ билан чиқишди. 

Фото: TASS

АҚШ Давлат котиби Энтони Блинкен Москва суди The Wall Street Journal (WSJ) журналисти Эван Гершковични ҳибсга олганидан кейин америкаликларни дарҳол Россияни тарк этишга чақирди. Блинкеннинг таъкидлашича, Вашингтон содир бўлаётган воқеалардан «жуда хавотирда». Аввалроқ Москва суди Гершковични жосуслик иши бўйича икки ойга ҳибсга олган эди. 

«Агар сиз Россияга саёҳат қилаётган ёки Россияда яшовчи АҚШ фуқароси бўлсангиз, илтимос, зудлик билан бу мамлакатни тарк этинг», деб ёзди Блинкен ўзининг ижтимоий тармоқдаги саҳифасида. 

Блинкеннинг таъкидлашича, Вашингтон америкалик журналистнинг ҳибсга олинишидан «жуда хавотирда» ва АҚШ фуқароларининг хавфсизлиги биринчи ўринда туради. 

АҚШ департаменти ҳам бу ҳақда алоҳида баёнот берди. Унда АҚШ фуқаролари Россияни зудлик билан тарк этиши кераклиги айтилади. Департаментнинг қайд этишича, у WSJ билан алоқада. 

«АҚШ фуқароси хорижда ҳибсга олинса, биз дарҳол консуллик билан боғланамиз ва барча зарур ёрдамни кўрсатишга ҳаракат қиламиз», дейилади баёнотда. Унда Қўшма Штатлар Кремлнинг журналистлар ва фуқаролик жамияти вакилларини «қўрқитишга уринишлари»ни қаттиқ қоралаши таъкидланади. 

Оқ уй ҳам вазиятдан хавотирда эканини билдирди. «Россия ҳукумати томонидан Америка фуқароларининг таъқиб этилиши қабул қилиниши мумкин эмас. Биз жаноб Гершковичнинг ҳибсга олинишини кескин қоралаймиз», дейилади Оқ уй баёнотида. 

Москванинг Лефортово суди 30 март куни The Wall Street Journal журналисти Эван Гершковични жосуслик иши бўйича икки ой муддатга ҳибсга олди. Маҳкама ёпиқ эшиклар ортида ўтди. Ишда Гершковичнинг мақомига аниқлик киритилмаган. Гершкович 1986 йилдан бери Россияда жосусликда айбланиб ҳибсга олинган биринчи америкалик журналист бўлди. Бу мамлакатда айғоқчилик учун максимал жазо - 20 йил қамоқ. 

Россия ФХХ 30 март куни WSJ журналисти ҳибсга олингани ҳақида хабар берди. Баёнотга кўра, Гершкович «Америка ҳукумати манфаатларини кўзлаб Россия ҳарбий-саноат комплекси корхонаси иши тўғрисида давлат сирини ташкил этувчи маълумотларни тўплаган». 

Россия президенти матбуот котиби Дмитрий Песков Гершковичнинг «жиноят устида ушланганини» айтди, бироқ тафсилотларга аниқлик киритмади. Кремль вакилининг қўшимча қилишича, WSJ нашрининг «ҳақиқий журналистик фаолият» билан шуғулланувчи ходимлари Россияда ишлашда давом этиши мумкин. 

Мавзуга оид