Ўзбекистон | 13:10 / 30.03.2023
10671
3 дақиқада ўқилади

“Биз битта эл ва битта юртмиз!” – президент қорақалпоғистонликлар билан учрашди

Фото: Президент матбуот хизмати

Президент Шавкат Мирзиёевнинг Қорақалпоғистон Республикасига ташрифи Кегейли туманидан бошланди. Давлат раҳбари бу манзилда қорақалпоғистонликлар билан учрашиб, янгидан фаолиятини бошлаётган 6 та ишлаб чиқариш қувватларини ишга тушириш маросимида иштирок этди. Бу ҳақда Kun.uz мухбири хабар бермоқда.

Йиғилишда Шавкат Мирзиёев ўтган йили Қорақалпоғистонга қилган ташрифи натижаларига тўхталди. Президентга кўра, 2022 йилнинг август ойида Қорақалпоғистон Республикасини иқтисодий-ижтимоий ривожлантириш вазифаларни белгилаб олинган бўлиб, катта қарор ва дастур қабул қилинган. Булар билан:
-  2023 йилнинг ўзида 670 миллиард сўм ва 340 миллион доллар маблағлар ажратилган;
-  тадбиркорларга жозибадор бизнес муҳитини яратиш мақсадида, фойда, айланмадан солиқ, ер ва мол-мулк солиқларини 2 баравар пасайтирилган;
-  ижтимоий солиқ 1 фоиз қилиб белгиланган;
-  фақат ушбу ҳудуд тадбиркорларига тижорат кредитларининг 75 фоизига Тадбиркорлик жамғармаси кафиллиги берилиши белгиланган;
-  ҳар бир туманга вазирлар, вилоят ҳокимлари, идора ва банклар раҳбарлари бириктирилган.

“Қилаётган ишларимиз кўп ва буни халқимиз кўриб турибди. Уларнинг ўзи бу ўзгаришларга адолатли баҳосини беради. Биз битта эл ва битта юртмиз! Ҳамма вилоятлар Қорақалпоғистонни ривожлантиришга ўз ҳиссасини қўшишга бел боғлаган. Бунинг натижалари барча туманларда кўриняпти ва бу ишлар тўхтамайди”, деди президент.

Қорақалпоғистонда сўнгги йилларда кимё, қурилиш материаллари, озиқ-овқат, текстиль ва тўқимачилик, фармацевтика саноати маҳсулотларини ишлаб чиқариш 2 баравардан зиёд ўсиб, 61 турдаги янги маҳсулотлар ишлаб чиқариш йўлга қўйилган.

Рақамларда ифодаланадиган бўлса, сўнгги 6 йилда Қорақалпоғистонда:
-  15 триллион сўм инвестиция ҳисобига 5 минг 300 дан зиёд лойиҳа амалга оширилган;
-  тадбиркорлар сони 2 баравар кўпайиб (11 мингдан 23 мингга), 46 мингта доимий иш ўрни яратилган;
-  илгари саноати энг паст бўлган 6 та туманда ишлаб чиқариш 2-3 баравар ошиб, Қорақалпоғистондаги улуши 12 фоизга етган (2016 йилда – 7 фоиз).

Қораўзакда саноат 5 баравар, Элликқалъа, Мўйноқ, Тахтакўпирда 3 баравар, Шуманай ва Нукус туманида 2 баравар ошиб, бу туманларда ишлаб чиқариш 2 триллион сўмга етган (2016 йилда 300 миллиард сўм). 

Президентнинг Қорақалпоғистон Республикаси бўйлаб ташрифи давом этади.

Мавзуга оид