СССРнинг ҳарбий қудрати нега совет қўшинларини Афғонистонда муваффақиятсизликдан асрай олмаган?
Бу кучли армияга эга, ҳарбий жиҳатдан барқудрат давлат «қолоқ» давлатга енгилиши илк марта рўй бериши эмасди. Франция ўз мустамлакаларини сақлаб қолиш учун Ҳиндихитойда муваффақиятсизликка учрагани, АҚШ эса Вьетнамда ютқазгани каби, совет қўшинлари ҳам Афғонистонни ўз ниятига эриша олмасдан тарк этади.
«Халқлар устидан ҳукмронлик. 1400 йилдан бизнинг давримизгача технологиялар, табиат ва ғарб империализми» китобини ёзган Американинг Рузвелт университети ижтимоий фанлар ва тарих бўйича фахрий профессори Дэниел Ҳедрикнинг ихтисослашуви империализм хизматида бўлган технологиялар билан боғлиқ.
Унинг номи юқорида зикр этилган китоби энг ривожланган давлатларнинг бошқа мамлакатлардан ҳарбий устунлик нуқтайи назаридан эволюциясига бағишланган. Муаллиф хусусан Иккинчи жаҳон уруши ғолиблари ақл бовар қилмас технологик ютуқларга эришган бўлса-да, алал оқибатда «қолоқ» давлатларни ерпарчин қила олмаганини савол остига олади: «Гарчи Франция, советлар иттифоқи ва Қўшма Штатлар ҳаво ҳужумидан мудофаа тизими кучсиз бўлган рақибларига нисбатан ҳавода устунликка эга бўлса-да, буюк барқудрат давлатларга қуруқликда — тоғларда, ўрмонларда, шаҳарларда ва ботқоқ жойларда қақшаткич зарба берилган». Бошқа мисоллар қатори, Ҳедрик СССР парчаланишида етарли ролни ўйнаган совет қўшинларининг Афғонистондаги мағлубияти сабабларини таҳлил қилади. Қуйида китобнинг ўша бўлимидаги фикрлар келтирилади.
* * *
Бир неча тажовузкор давлатлар ўз танасида синаб кўриб, тарвузи қўлтиғидан тушганидек, Афғонистонни маҳв этиш осон иш эмас. Унинг катта қисми ўтиш қийин бўлган тоғликлардан иборат бўлиб, ёзда жазирама иссиқ, қишда эса қаҳратон совуқ бўлади. Инсон истиқомат қиладиган водийлар жуда тор, тоғ довонлари эса йилнинг катта қисмида қор билан қопланган бўлади. Афғон қабилалари мудом бир-бири билан жанг қилиб туради, эркакларнинг аксарияти ё ов, ё жанг қилиш учун қурол ишлатишни билади.
1979 йил декабрида совет транспорт учоқлари қўшинларни Кобул шаҳрига, Афғонистон коммунистик ҳукуматига ёрдам бериш важи остида элтиб ташлай бошлайди. Аслида эса мамлакатни эгаллаш бўйича яхшилаб режалаштирилган кампания ҳақида гап бораётган эди. Кўп ўтмасдан еттита мотоўқчи ва бир ҳаво-десант дивизиялари Афғонистон чегарасини кесиб ўтиб, йирик шаҳарлар ва асосий йўлларни тезлик билан эгаллаб олди. Икки йил мобайнида Афғонистондаги совет ҳарбий контингенти 110 минг кишигача ошди. Афғонистонга қўшни Туркманистон, Ўзбекистон ва Тожикистонда яна 30–40 минг одам захирада ушлаб турилганди.
Қуруқликдан туриб кенг миқёсли босқин уюштириш учун совет армияси 1980 йилнинг мартини кутди — бу вақтга келиб Афғонистон тупроғидаги қор қопламининг асосий қисми эрий бошлаганди. Ўтган вақт ичида диний қарашларга эга ва бегона босқинчиларга нафрат ҳиссини туйган афғонлар қаршилик кўрсатишга тайёрланиш учун тоғларга чиқиб кетган эди.
Леонид Брежнев ва совет қуролли кучлари қўмондонлиги ҳарбий ҳаракатларнинг асосий оғирлиги Афғонистон коммунистик ҳукумати қўшинлари зиммасига тушади деб ўйлаган ва қаттиқ адашган эди. Афғон армиясидан катта сонда ҳарбий хизматчилар қурол-яроғлари билан қочиб кетади, совет қўшинлари уларнинг қолган-қутганларини ҳам қуролсизлантириб, ҳарбий ҳаракатларни ёлғиз ўзлари олиб боришга мажбур бўлади. Бу жуда мураккаб вазифа бўлиб чиқди, чунки совет қўшинлари 1945 йилдан буён уруш кўрмаган, 18-20 ёшли аскарларнинг аксарият қисми жанговар ҳаракатларга тайёр эмасди.
Аввалига совет генераллари Иккинчи жаҳон урушида ҳитлерчилар Германиясига қарши ўзини аъло даражада намойиш этган тактикадан фойдаланишди. Улар ҳужумни астойдил режалаштириб, қаттиқ интизом ва барча операциялар устидан марказлаштирилган назорат ўрнатиб, кўп сонли оғир танклар ва зирҳли транспортёр (БТР)ларга ишонишди. Бироқ, икки томони баланд тоғлар билан ўралган тор водийларда бундай бўлинмалар осонгина пистирма нишонига айланар, танкларга қарши миналар ва снарядлар воситасида йўқ қилинарди. Исёнчиларга қарши уруш олиб бориш учун Афғонистонга Шимолий Вьетнамдан ҳарбий мутахассислар жалб қилинди, бироқ СССР мудофаа вазирлигининг Афғонистондаги оператив гуруҳи раҳбари Сергей Соколов уларнинг тавсияларини рад этди. У ҳудудни тинч аҳолидан тозалашнинг советларга хос анъанавий усули — кулини кўкка совуриш ва одамларни қочиб чиқишга мажбурлашдан фойдалана бошлади.
Виетконг ва Шимолий Вьетнам армиясидан фарқли ўлароқ, афғон исёнчилари (мужоҳидлар) ҳеч қачон бир фронт бўлиб жанг қилмасди. Мамлакат ҳудудида сон-саноқсиз қуролланган гуруҳлар (уларнинг аксарияти қабилаларнинг кўнгилли лашкарлари) бор эди. Мужоҳидлар 2 млн киши қочиб ўтган Покистонда машқ лагерлари тузишган эди. Покистон орқали улар Саудия Арабистони ва антикоммунистик мафкурага содиқ бошқа мусулмон давлатлардан ёрдам олиб туришарди. Мужоҳидлар Шимолий Кавказ тоқчилари, Риф ва Жазоирда бўлгани каби партизанлик уруши тактикасидан фойдалана бошлашди. Аввалига уларнинг қуролланиш даражаси жуда абгор эди — уларнинг қўлида эски армия винтовкалари ва Покистон бозорларида сотиб олинган Калашников автоматлари бор эди, холос. 1982 йилга келиб, уларнинг ихтиёрида гранатомётлар ва танкларга қарши миналар пайдо бўлади. Мужоҳидлар карвонлари хачир, туя ёки юк машиналари орқали, асосан тунда ҳаракатланарди. Баъзан улар совет қўшинларига бевосита яқин жойларда кундузи ҳам қўрқмасдан йўл босишарди.
Мужоҳидлар ҳарбий базалар ва қуруқликдаги қўшинларига ҳужум қилишининг олдини олиш учун СССР Афғонистонга кўплаб учоқлар жўнатган. Ўнлаб авиабазалар барпо этилди, уларнинг энг йириги мамлакат шимолидаги Багром авиабазаси бўлди. Хавфли йўллардан юрмаслик учун қўшинлар ва қурол-аслаҳалар Ан-12 ва Ан-26 турбопарракли транспорт самолётларида ташила бошланди. Бомбардимон қилишда МиГ-21 ва МиГ-23 реактив қирувчи самолётлари ҳамда Су-24 ва Ил-28 фронт бомбардимончиларидан фойдаланилди. Энг катта рол вертолётларга ажратилди. 1981 йилга келиб Афғонистондаги совет қўшинлари ихтиёрида 500 дан 700 тагача вертолёт бўлган: Ми-6 ва Ми-8 вертолётларидан қўшинларни ташишда фойдаланилган, бироқ НАТО таснифи бўйича Hind деб аталувчи, СССРда «учар танк» ва «тимсоҳ» деб аталувчи Ми-24 жангларда қатнашган. Бу зирҳланган штурм вертолёти тўп, ракета ва пулемётлар билан жиҳозланган, тўлиқ экипировкага эга саккиз аскарни ҳам ташиши мумкин эди.
1982 йилга келиб совет қўшинлари авиациядан самаралироқ фойдаланишни ўрганиб олишади. Ҳар қандай операцияни ўтказиш учун Бош штабдан рухсат сўраш ўрнига қўшинлар қуруқликдаги ва осмондаги ҳаракатларини ўзлари мувофиқлаштира бошлашди, қарор қабул қилиш эса жойдаги командирлар зиммасига юклатилди.
Вертолётлар йўлдаги пистирмаларни бартараф этиш учун ўта самарали чиқиб қолди. Улар аскарларни водийлар узра олиб ўтиб, пиёда ва танк қисмлари ҳаракат қилаётган тоғ тизмаларига етказарди. Вертолётлар мужоҳидларнинг карвонларига пистирма қўядиган махсус бўлинмаларни ҳам таший бошлади. Совет қўшинлари исёнчилар назорати остидаги туманларни қонли бомбардимон қилишга киришди. Улар далалар ва сўқмоқларга минглар пиёдаларга қарши миналарни ташлаб чиқишди. АҚШ Марказий разведка бошқармаси СССРни «сариқ ёмғир» деб аталувчи заҳарли газдан фойдаланганликда айблади, бироқ мужоҳидлар назорати остидаги туманларда иш олиб борган «Чегара билмас шифокорлар» ҳуманитар ташкилоти вакиллари буни тасдиқлай олишмади.
Бироқ Афғонистонда худди Вьетнамда бўлганидек, ҳаводаги ҳукмронлик ва ўт очиш қувватидаги катта устунлик ғалаба учун етарли гаров бўла олмади. Катта баландликларда вертолётлар юкнинг ярминигина кўтара олиши маълум бўлди. Жазирама, қум бўронлари ва Афғонистоннинг кучли шамоллари вёртолёт техникасига салбий таъсир қила бошлади. Уларга техник хизмат кўрсатиш ҳам жуда қийин эди ва белгиланган талабларга мувофиқ эмасди. Вертолётлар ва бесўнақай секин учар транспорт самолётларини учиши ва қўниши асносида ердан туриб нишонга олиш осон эди.
Аввалига мужоҳидлар оғир пулемётлардан фойдаланишди. Лекин тез орада уларда «ер-ҳаво» типидаги советларнинг «Стрела-2» кўчма зенит ракета тизимлари пайдо бўлди. Улар Афғонистонга Миср ёки Хитойдан олиб келингани тахмин қилинди, бироқ тахминлар ичида энг кучлиси сифатида КЗРТни мужоҳидларга Исроил қўшинлари томонидан Байрутдан сиқиб чиқарилган Фаластинни озод қилиш ташкилоти жангарилари етказилгани кўрсатилди. Бу тизимлардан фойдаланиш самолёт ва вертолётларни янада юқорироқ баландликка чиқишга мажбур қилди, натижада уларнинг ракета ва бомба зарбалари аниқлигини йўқота бошлади. 1986 йилга келиб совет қўшинлари 500 га яқин зиёд учоқларидан айрилиб бўлган эди.
1986 йилдан сўнг Буюк Британия мужоҳидларга юзлаб Blowpipe зенит ракета тизимларини етказа бошлади. Шундан сўнг АҚШ ҳам душманимнинг душмани — менинг дўстим, қабилида иш тутиб, Покистонга 2700 та иссиқликка қараб из олувчи Stinger кўчма зенит ракета тизимларини етказиб берди, уларнинг бир қисми (ҳаммаси эмас) мужоҳидлар қўлига келиб тушди. Stinger’ларнинг оғирлиги бор-йўғи 13,5 кг эди ва уни елкада осиб олиб юриш осон эди. У билан қарийб 5 км наридаги самолётни аниқ нишонга олиш мумкин эди. Аввалига АҚШ Stinger’лар туфайли кунига битта самолёт йўқ қилинаётганини таъкидлай бошлади. Тез орада совет ҳарбий ҳаво кучлари иссиқлик қопқонларини ташлаб, юқорироқ баландликка чиқиб зарбадан қочишни ўрганиб олишди. Бу уриб туширилаётган учоқлар сонини ҳам, бомбардимон қилиш аниқлигини ҳам пасайтира бошлади.
СССР устидан Stinger’ларнинг якка ўзи ғалаба қозонгани йўқ, албатта. Аммо улар юқори иштиёққа эга мужоҳидлар ва яхши қуролланган, бироқ ёмон раҳбариятдан азият чекаётган, бу урушдан бирор манфаат кўрмаётган совет аскарлари ўртасидаги уруш янада чўзилишига ёрдам берди.
Гарчи техник нуқтайи назардан ҳаводаги устунлик СССРда қолган бўлса-да, уруш ва қимматбаҳо учоқлардан айрилиш совет иқтисодиётини издан чиқарди ва СССР сиёсий ва иқтисодий харакатердаги кўплаб муаммолар ботқоғига ботган пайтда мамлакатдаги сиёсий вазиятга ўта салбий таъсир кўрсатди. 1988 йил апрелида КПСС раҳбари Михаил Горбачёв совет қўшинларини Афғонистондан олиб чиқиш ҳақида буйруқ берди. 1989 йил февралига келиб қўшинлар тўлиқ олиб чиқилди, советлар иттифоқи эса парчалана бошлади. Франция ўз мустамлакаларини сақлаб қолиш учун Ҳиндихитойда муваффақиятсизликка учрагани, АҚШ эса Вьетнамда ютқазгани каби, учинчи дунё мамлакати мутлақо бошқача уруш олиб боришга мўлжалланган оғир қурол-яроғларга эга барқудрат давлатнинг курагини ерга теккиза олди.
Афғонистонда «тарсаки» еган давлат биргина СССР бўлмади. Кейинчалик «Толибон»га дўнган мужоҳидлар ўзларининг бу муваффақиятли юришини АҚШ армияси мисолида яна бир қур синовдан ўтказишди. Афғон урушидан буён катта жангда қатнашмаган Россия армияси эса Украинада яна бир бор шундай муваффақиятсизликка дучор бўлмоқда.
Мавзуга оид
19:55
Унутилган қаҳрамон. Миллий озодлик ҳаракати раҳбари Мадаминбек ким эди?
18:20 / 18.12.2024
Ўзбекистон 2025 йилда ҳам Афғонистонга электр энергиясини етказиб беради
14:59 / 15.12.2024
КГБни доғда қолдирган аёл – Сталиннинг қизи нега АҚШга қочиб кетганди?
14:37 / 08.12.2024