
Мен учун бу лойиҳа ҳалигача Ўзбекистонда охирги йилларда содир бўлган энг зўр жараёнлардан бири. Бу ҳақда аввалроқ бир неча маротаба ёзганман.
Биринчидан, “ўзбекистонликлар ўз солиқлари тақсимланишида, маҳаллий сайловларда ва фуқаролик жамияти қуришга қизиқиш билдирмайдилар, биз бошқачамиз, биз унга ва бунга тайёр эмасмиз” мазмунидаги шаблон гапларни баъзида эшитамиз. Шу гаплар тўғри эмаслигига далилни айнан “Ташаббусли бюджет” лойиҳаси кўрсатиб бермоқда десам ҳам бўлади. Бироз бўлса ҳам фуқаролик жамияти пайдо бўлаётгани, фуқаролар ўз солиқлари тақсимотида фаоллашиб бораётганлари фақат ва фақат яхши эмасми?
Иккинчидан, аслида “Open budget” парламент қилиши керак бўлган ишни қиляпти. Бюджет, солиқ тўловчиларнинг пуллари тақсимоти аслида, парламентда халқ вакиллари орқали бўлиши керак эди. “Open budget” атрофидаги ҳозирги фаоллик бизга шу жараён кейинги босқичда чинакамига парламентга кўчишига, туман, ҳудудлардан сайланган депутатлар ўз овоз берувчиларига нима кераклигини бошқа халқ вакиллари олдида баҳслашиб келишишларига, ва ниҳоят парламент деган институт тўлиқ ташкил топишига умид беради.
Учинчидан, эркинлик ва ривожланишнинг гарови ўша оддий саволларда ва унга жавоб излашда ётади: “Солиқларим қаерга кетяпти, нималарга сарфланяпти? Нима учун менинг солиқларим тақсимоти менсиз бўляпти?” Бу саволлар сизни ўйлантириши керак, уни беришингиз, жавоб излашингиз керак.
“Ташаббусли бюджет”га қарши танқидий фикрда бўлганлар айтади: “Бу нарса учун давлат бор-ку, бу лойиҳаларнинг барчаси ўзи қилиниши керак бўлган ишлар-ку. Биз солиқларни тўлаб қўйганмиз-ку, вазифамизни бажариб қўйганмиз-ку, энди давлат ўз ишини қилсин, ахир улар маош оладилар, улар бунга мажбур”. Ҳа, балки, лекин давлат ота эмас, у бизга ҳамма нарсани муҳайё қилиб берадиган куч ҳам эмас. Давлат бу одамлардан алоҳида текисликда фаолият олиб борадиган идора, мавҳум машина ҳам эмас, балки шу одамларнинг ўзи томонидан вақтинча тайинланган бошқарув институти. У самарали ишлаши учун унга “checks and balances” керак, унинг кучи тийилиб, фаолияти назоратда бўлиши лозим. Солиқ тўловчи ўз солиқларини вакиллари орқали бошқа солиқ тўловчининг вакиллари билан келишиб-баҳслашиб тақсимлашлари, унинг ижроси устидан назоратда бўлиши кераклигини қайта-қайта эслаб туришимиз лозим.
Тўртинчидан, мени қувонтираётган кузатувлардан бири инсонларда “бу бизнинг пулимиз, давлатники эмас, давлат бизнинг туманга, қишлоққа қачон пул ажратаркан, қачон асфальт қилар экан деб кутиб ўтиргунча, ўзимиз шуни фаолроқ бўлиб қилсак бўлар экан”, деган тушунчалар кўпаймоқда. Оддийгина рақамларга кўра, бу мавсумги лойиҳада шу дамда қарийб 13,4 миллион ўзбекистонликлар овоз берибди. Жуда катта рақам-ку бу.















