Жаҳон | 09:15 / 01.04.2023
12577
4 дақиқада ўқилади

Эксперт: Трамп 4 йиллик қамоқ жазосига ҳукм қилиниши мумкин

Молиявий жиноятлар бўйича мутахассис Девид Шапиро DW нашрига Доналд Трампга айблов қўйиш жараёни қандай бўлиши мумкинлигини тушунтирди.

Фото: AP

Нью-Йоркдаги катта ҳакамлар ҳайъати қароридан сўнг Доналд Трампга қўйилиши кутилаётган айбловлар бўйича АҚШнинг собиқ президенти тахминан тўрт йилга озодликдан маҳрум этилиши мумкин. Бу ҳақда 31 март, жума куни DW медиа-компаниясига берган интервьюсида Федерал тергов бюросининг (ФТБ) собиқ махсус агенти, фирибгарлик ва молиявий жиноятларга қарши кураш бўйича мутахассис Девид Шапиро айтиб ўтди.

«Очиқ манбалардан олинган маълумотларга асосланиб, айбловлар тўпламига тил бириктириш, бизнес ҳужжатларини қалбакилаштириш, сайловолди ташвиқотини молиялаштириш тўғрисидаги маълумотларни ошкор қилишда фирибгарлик, суғурта ва солиққа оид фирибгарлик киради, деб тахмин қиламан», - дейди Шапиро. «Айни пайтда уларнинг аксарияти (эҳтимолий айбловларнинг), афтидан, гап Трампга тўрт йиллик қамоқ жазоси билан таҳдид соладиган жиддий Е тоифали жиноий ҳуқуқбузарликлар ҳақида кетаётганини кўрсатмоқда», — дея тушунтирди эксперт.

Девид Шапиро суд жараёни қандай бўлиши мумкинлиги ҳақида гапирар экан, Трамп расмий айбловларни эшитиш учун судья олдига келишини айтди. Унинг бармоқ излари ва полиция файли учун расмий фотосуратлар олинади. Айбловлар 4 апрел куни эълон қилиниши кутилмоқда. Тахминларга кўра, шундан сўнг АҚШнинг собиқ президенти қўйиб юборилади.

Адвокат Жо Такопина аввалроқ Трампнинг судга келиш вақтида қўлига кишан тақилмаслигини айтган эди. Ўз навбатида, Девид Шапиронинг фикрича, Оқ уйнинг собиқ раҳбари бунинг тескарисидан манфаатдор бўлиши мумкин.

«Бу вазиятнинг жиддийлигини, қурбонлик мақомини кучайтиради ва у 21-асрнинг хавфли жиноятчиси, мафиози деган таассурот уйғотади», деб таъкидлади эксперт. «Тасаввур қилса бўладики, унинг ошкораликка мойиллиги ва устунликка эришиши мумкин бўлган вазиятлардан максимал даражада фойдаланиш истаги туфайли у тажовузкор риторикани афзал кўриши мумкин: «Менга худди Американинг биринчи рақамли душмани сифатида муносабатда бўлинг», - дея қўшимча қилди Шапиро.

Нью-Йоркдаги катта ҳакамлар ҳайъати собиқ актриса Сторми Даниелсга жим бўлиш учун пул тўлаш ишининг бир қисми сифатида АҚШ собиқ президенти Доналд Трампга қарши жиноий иш қўзғатиш учун овоз берди. Манҳеттен округи прокурори Алвин Браггнинг 31 март куни Twitter'да эълон қилган баёнотига кўра, прокурорлар Трампнинг адвокати билан боғланиб, уни туман прокуратурасига келишини мувофиқлаштирган.

Прокурор қўшимча маълумотни айблов қўйиш муддати белгиланганидан кейин беришга ваъда қилди. The New York Times газетасининг ёзишича, яқин кунларда айблов эълон қилинади. АҚШ собиқ президентига қандай айбловлар қўйилиши ҳозирча маълум қилинмаган.

Американинг CNN ва NBC телеканаллари сиёсатчининг адвокати Жо Такопинага таяниб, Трамп келаси ҳафта судга келиши мумкинлигини хабар қилмоқда. Бу АҚШ тарихида биринчи марта мамлакатнинг амалдаги ёки собиқ президентига жиноий айблов қўйилишидир.

Манҳеттен округи прокуратураси собиқ президентга 2006 йилда Трамп билан яқин муносабатда бўлганини даъво қилган актриса Сторми Даниелсга пул тўлаш схемасидаги роли бўйича тергов ўтказмоқда. 2016 йилги президентлик сайловларидан бироз олдин Даниелс келишув доирасида Трампнинг адвокатларидан 130 минг доллар олган.

Мавзуга оид