Жаҳон | 08:26 / 01.04.2023
7196
4 дақиқада ўқилади

ОАВ: Урсула фон дер Ляйен НАТО бош котиблигига даъвогарлик қилмоқда

Еврокомиссия раиси НАТО бош котиблигига даъвогарлик қилмоқда, деб ёзади The Sun. Бироқ, Лондон, таблоидга кўра, фон дер Ляйеннинг номзодини блоклаши мумкин.

Фото: AP

Европа Комиссияси (ЕК) раиси Урсула фон дер Ляйен НАТО бош котиби лавозимига номзодини қўймоқда. Бу ҳақда 31 март, жума куни Британиянинг The Sun таблоиди дипломатик манбасига таяниб маълум қилди. Унга кўра, фон дер Ляйенга альянсни бошқаришни НАТОнинг қатор давлатлари 2022 йил октябр ойида таклиф қилган. Амалдаги бош котиб Йенс Столтенберг бу лавозимдаги фаолиятини шу йилнинг сентябр ойида якунлаши кутилмоқда. Унинг ваколати уч марта, жами қарийб тўққиз йил давомида янгиланган.

Фон дер Ляйеннинг Европа Комиссияси раҳбари сифатидаги ваколати 2024 йилнинг ёзида тугайди.

Шимолий Атлантика альянси янги раҳбарни консенсус асосида тайинлайди, дея эслатади The Sun. Қўшма Штатлар иттифоқнинг муҳим аъзоси сифатида, ҳатто бош котиб одатда Европа расмийси бўлса ҳам, якуний сўзни айтади. Қўшма Штатлар асосан НАТОнинг Европадаги иттифоқчи кучлари бош қўмондони (SACEUR) лавозимини сақлаб қолади, бу альянсдаги энг юқори офицерлик лавозими.

Шу билан бирга, The Sun Британия манбаларига таяниб, Лондоннинг Германия мудофаа вазири сифатидаги тажрибасига қараб, Буюк Британия фон дер Ляйен номзодини қониқарсиз деб ҳисоблагани учун блоклаши мумкинлигини ёзади.

Бундан ташқари, Британия Мудофаа вазирлиги раҳбари Бен Уоллес сўнгги 20 йил ичида Буюк Британиядан НАТОнинг биринчи бош котиби бўлишга даъвогарлик қилмоқда, дея қўшимча қилади нашр. Буюк Британия бош вазири Риши Сунак Уоллес номзодини расман қўллаб-қувватлайди, деб тахмин қилинмоқда.

Эстония бош вазири Кая Каллас ҳам НАТО бош котиби лавозимига даъвогар сифатида кўрилган, аммо кейин газетанинг ёзишича, ўз чегараларида Россия таҳдидига қарши туришга эътибор қаратиш зарурати туфайли курашда қатнашишдан бош тортган.

Номзодлар орасида Канада бош вазири ўринбосари ва молия вазири Христя Фриланд ҳам бор, унинг онаси украиналик. Аммо НАТОдаги манбага кўра, Фриланднинг бу ишга кириши даргумон, чунки Оттава мудофаа харажатлари учун ЯИМнинг 2 фоизини ташкил эта олмаяпти.

Урсула фон дер Ляйен НАТО бош котиби лавозимига ариза топшириши мумкинлиги ҳақида аввалроқ Италиянинг La Repubblica газетаси хабар берган эди. Унинг сўзларига кўра, фон дер Ляйеннинг март ойи бошида Канада ва АҚШга сафари «бошқача нуқтайи назардан» - унинг альянс раҳбари лавозимига номзод бўлиши контекстида кўриб чиқилиши керак эди.

Йенс Столтенберг 2014 йилдан бери НАТОни бошқариб келади. Февраль ойида CNN телеканалига берган интервьюсида у 2023 йилнинг кузида бош котиблик лавозимини тарк этиш ниятида эканлигини тасдиқлади. «Бу йил кузда кетаман. Ишончим комилки, альянс менинг ўрнимга муносиб одам топади», - деди у.

Аввалроқ Урсула фон дер Ляйен Европа Иттифоқи ва Хитой ўртасидаги муносабатлар Хитойнинг Украинадаги Россия урушига муносабати билан белгиланишини маълум қилганди

«Хитойнинг Путин урушига қандай муносабатда бўлиши ҳал қилувчи омил бўлади», деди фон дер Ляйен Брюсселда. 

У келаси ҳафта Франция президенти Эммануэл Макрон билан бирга Пекинга ташриф буюриши кутилмоқда. 

«Раис Си Украинага шафқатсиз ва ноқонуний босқиндан хавотирда эмас ва Путин Россияси билан «чексиз» дўстлигига содиқ қолади», деди фон дер Ляйен. 

Пекин Россиянинг Украинадаги агрессив урушини ҳозирча қораламади. «Хитой адолатли тинчлик излашда конструктив рол ўйнашга мажбур. Аммо бу тинчлик Украина суверенитети ва ҳудудий яхлитлигини ҳурмат қилишга асосланган тақдирдагина адолатли бўлиши мумкин», - деди у. 

Мавзуга оид