Жаҳон | 16:13 / 03.04.2023
3871
2 дақиқада ўқилади

Германия Украина билан энергетик ҳамкорликни кенгайтириш ниятида

Германия иқтисодиёт вазири Роберт Хабекнинг фикрича, келажакда Украина энергетика сектори қазиб олинадиган ёқилғидан воз кечиши керак.

Фото: AP

Германия вице-канцлери ва иқтисодиёт вазири Роберт Хабек Германия-Украина энергетика ҳамкорлигига янги туртки бериш ниятида. Бу ҳақда у 3 апрел, душанба куни Украинанинг энг зич жойлашган ҳудудларидан бирини энергия билан таъминловчи «Укрэнерго» энергетика концерни подстанциясини кўздан кечиргандан сўнг маълум қилди. Унинг сўзларига кўра, Украина энергетика тизимини ривожлантиришнинг стратегик мақсадлари кенгайтириш ва марказсизлаштириш бўлиши керак.

Келажакда, деди вазир, энергияни «карбонсизлантириш», яъни қазиб олинадиган ёқилғидан воз кечиш ҳақида ҳам ўйлаб кўриш керак. Шу тариқа, бир вақтнинг ўзида иккита вазифани ҳал қилиш мумкин - хавфсизлик муаммоси, анъанавий ёқилғига қарамликдан воз кечиш ва истиқболли энергия тизимини яратиш. Украина, дейди у, Европага энергия экспорт қилувчи давлатга айланиши мумкин.

Германия ва Украина 2020 йилда энергия бўйича ҳамкорлик шартномасини имзолади, у энергия ишлаб чиқаришнинг иқлимга мос шаклларига ўтишни осонлаштиришга қаратилган. Устувор йўналишлар қаторига бинолар ва саноат объектларининг энергия самарадорлигини ошириш, электр энергетика соҳасини модернизация қилиш, қайта тикланадиган энергия манбаларидан фойдаланишни кенгайтириш ва СО2 ташламаларини камайтириш киради.

Ўтган йилнинг феврал ойида Россиянинг Украинага ҳужумидан бери асосий эътибор Россия зарбалари натижасида вайрон бўлган электр тармоқларини таъмирлаш ва тиклаш учун шошилинч ёрдам кўрсатишга қаратилди.

Федерал иқтисодиёт вазирлигига кўра, ўзаро ҳамкорликнинг бу жиҳати янада кучайтирилиши керак. Шу билан бирга, гап Украина энергетика тизимини хавфсизроқ ва углероддан холи бўлиш учун ўрта ва узоқ муддатли тиклаш ҳақида кетяпти.

Мавзуга оид