Исроилда 450 мингдан ортиқ одам намойишларга чиқди
Тел-Авив, Қуддус ва Исроилнинг бошқа шаҳарларида суд ислоҳотига қарши митинглар бўлиб ўтди. «Исроил давлатининг демократик характерини кафолатламагунимизча, биз кўчаларда қолишда давом этамиз», деди намойишчилар.
Бош вазир Бенямин Нетаняху мунозарали суд-ҳуқуқ ислоҳоти вақтинчалик тўхтатилишини эълон қилганига қарамай, Исроилда 450 мингдан ортиқ одам яна намойишга чиқди. Намойишлар 1 апрел куни Тел-Авив, Қуддус ва бошқа шаҳарларда бўлиб ўтди, энг йирик акцияларда эса 170 минг киши қатнашди, дея хабар беради dpa мухолифат етакчиси Яир Лапидга таяниб.
Полиция билан алоҳида тўқнашувлар кузатилди, бир қанча намойишчилар ҳибсга олинган. Тел-Авив полицияси намойишчиларга қарши сув пуркагичлардан фойдаланган.
Йиғилганларнинг баъзилари ўзлари билан Исроил байроқлари ва ёзувлари бўлган плакатларни олиб келишди, баннерлардан бирида, хусусан, «Демократия бу ҳукуматдан кучли» деб ёзилган.
28 мартдан бери ҳукмрон коалиция ва мухолифат суд ислоҳоти атрофидаги вазиятни ҳал қилиш мақсадида музокаралар олиб бормоқда. Шу билан бирга, мухолифатдаги сиёсатчилар Нетаняхунинг муросага эришиш нияти жиддийлигига шубҳа билдиряпти.
«Нетаняхунинг намойишчиларни тинчлантиришга уриниши барбод бўлди», — деди намойишчилар вакиллари. «Бугун тунда 445 мингдан ортиқ демократия тарафдори Исроил кўчаларига чиқди, бу Исроил тарихидаги энг йирик намойишлардан бири. Биз Исроил давлатининг демократик характерига кафолат олмагунимизча кўчаларда қолишда давом этамиз», - дея таъкидлади улар.
Исроилда оммавий норозилик намойишлари январ ойи ўрталаридан бери давом этмоқда. 27 март куни мамлакатда «Миллий фалажлик ҳафталиги» эълон қилинди - суд ислоҳотларига қарши бир қатор намойишлар ва иш ташлашлар ўтказилди, уларга етакчи касалхоналар қўшила бошлади. Бироқ ўша куни, 27 мартда Бенямин Нетаняху қонун лойиҳасининг «иккинчи ва учинчи ўқишини тўхтатишга қарор қилганини» билдирди. Шу тариқа, у апрел ойининг охиридан кечиктирмай парламентда овоз берилиши учун тақдим этилиши мумкин.
Суд-ҳуқуқ ислоҳоти вазирлар маҳкамасининг Олий суд судьяларини сайлаш бўйича ваколатларини кенгайтириш ва ушбу суд органининг ўз ваколатларини чеклаши керак. Агар қонун лойиҳаси қабул қилинса, ҳукумат амалда судьяларни тайинлаш устидан тўлиқ назоратга эга бўлади. 20 феврал куни Исроил парламенти қонун лойиҳасини биринчи ўқишда маъқуллади.
Вашингтон Исроилда содир бўлаётган воқеалардан «жуда хавотирда» эканини маълум қилди. Оқ уй Исроил ҳукуматини оммавий норозиликлар фонида муросага чақирди. «Биз Исроил раҳбарларини имкон қадар тезроқ муросага келишга чақиришда давом этамиз. Бу Исроил ва унинг барча фуқаролари учун энг яхши йўл деб ҳисоблаймиз», деди Оқ уй Миллий хавфсизлик кенгаши матбуот хизмати раҳбари Эдриенн Уотсоню. У АҚШ Исроил хавфсизлиги ва демократиясини қўллаб-қувватлашда давом этишини қўшимча қилди.
Мавзуга оид
16:38 / 12.11.2024
Амстердамдаги можаро: аслида нималар бўлди?
09:46 / 12.11.2024
АДЛ ва ИҲТ Исроилни Ғазодан чиқиб кетишга чақирди
12:00 / 11.11.2024
Исроилнинг янги мудофаа вазири: «Ҳизбуллоҳ» мағлуб этиб бўлинди
10:45 / 09.11.2024