Жаҳон | 21:37 / 04.04.2023
6601
2 дақиқада ўқилади

Москва суди Даря Треповани икки ойга ҳибсга олди 

У тарғиботчи Татарскийнинг ўлимига сабаб бўлган портлашдан сўнг терактда айбланди. 

Фото: Кирилл Зыков

Москванинг Басманний суди Даря Треповани икки ойга тергов изоляторига жўнатди, у тарғиботчи Владлен Татарский (Максим Фомин) ўлимига сабаб бўлган портлашни уюштирганликда гумонланиб ҳибсга олинди. 

Аввалроқ, 4 апрель куни Трепова Санкт-Петербургдан Москвага олиб кетилган эди. 

Тергов қўмитаси Треповага Россия Жиноят кодексининг 205-моддаси 3-қисми «б» банди (уюшган гуруҳ томонидан содир этилган, қасддан одам ўлимига сабаб бўлган террорчилик ҳаракати) ва 222.1-моддаси 4-қисми (уюшган гуруҳ томонидан портловчи моддаларни ноқонуний олиб юриш) билан айблаган. 

26 ёшли Даря Трепова 3 апрель куни Санкт-Петербургдаги квартиралардан бирида қўлга олинган. Қиз Университетская қирғоғидаги кафеда тарғиботчи Татарскийнинг «ижодий кечаси»га портловчи моддалар билан тўлдирилган ҳайкалчани олиб келганликда айбланмоқда. Трепова ҳайкалчани Татарскийга тақдим этганидан кўп ўтмай портлаш содир бўлган. Оқибатда тарғиботчи ҳалок бўлди, 30 дан ортиқ киши жароҳат олди. 

Худди шу иш бўйича Трепованинг таниши Дмитрий Касинцев ҳам қўлга олинди. Миллий аксилтеррор қўмитаси (МАҚ) Татарскийнинг ўлдирилишини Украина махсус хизматлари Алексей Навалнийнинг «Коррупцияга қарши кураш фонди» агентларини жалб қилган ҳолда уюштирганини айтди. 

Трепова ҳибсга олинганидан сўнг ҳайкалчадаги портловчи моддалар ҳақида билмаганини ва ўзига панд бериш учун шундай қилинганини айтган. 

Мавзуга оид