Ўзбекистон | 10:41 / 06.04.2023
3122
2 дақиқада ўқилади

БАА Ўзбекистон экспортини ривожлантириш стратегиясини тайёрлашда ёрдам беради

Ўзбекистон Инвестициялар, саноат ва савдо вазири Лазиз Қудратов мамлакатда расмий ташриф билан бўлиб турган БАА ҳукумат ишлари бўйича вазири Муҳаммад бин Абдуллоҳ ал-Гаргавий билан учрашув ўтказди.

Фото: Dunyo

Учрашувда савдо-иқтисодий ва сармоявий соҳаларда икки томонлама шериклик муносабатларини ривожлантиришнинг бугунги ҳолати ва истиқболлари, Ўзбекистонда давлат бошқаруви самарадорлигини ошириш бўйича жорий этилаётган лойиҳалар доирасидаги навбатдаги вазифалар муҳокама қилинди.

Ўзаро етказиб берилаётган товарлар турларини янада кенгайтириш бўйича тизимли чора-тадбирлар кўриш муҳимлиги қайд этилди. Шу муносабат билан томонлар Ўзбекистон экспорт салоҳиятини ривожлантириш стратегиясини тайёрлаш доирасида ҳамкорликни фаоллаштиришга келишиб олдилар.

Учрашувда мамлакат ҳудудлари инфратузилмасини ривожлантириш ва саноат салоҳиятини ошириш истиқболлари ҳам кўриб чиқилди. БАА томони иқтисодиётдаги давлат улушини қисқартириш бўйича ислоҳотлар янги босқичини юқори баҳолади ҳамда ишлаб чиқариш қувватларини ривожлантириш ва коммунал соҳа тизимларини такомиллаштиришга қаратилган шаҳар ва туманлар бош режаларини ишлаб чиқишда ҳамкорликни кенгайтиришга тайёрлигини билдирди.

Давлат бошқаруви самарадорлигини ошириш, ахборот технологияларини кенг жорий этиш масалалари алоҳида муҳокама қилинди. Томонлар сунъий интеллект соҳасида ҳамкорликни ривожлантириш бўйича кенгаш тузиш зарурлиги ҳақида якдил фикрга келган.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид