Байден Россияга қарши санкциялар муддатини бир йилга узайтирди
Оқ уй Россия ҳукуматининг ғаразли фаолияти АҚШ миллий хавфсизлигига таҳдид солишда давом этмоқда, деб ҳисоблаяпти.
АҚШ президенти Жо Байден маъмуриятга россиялик жисмоний ва юридик шахсларга нисбатан янги санкциялар жорий этиш имкониятини берувчи фармонни бир йилга узайтирди. Бу ҳақда Оқ уй сайтида чоп этилган ҳужжатда айтилади.
«Россия ҳукуматининг ғаразли фаолияти АҚШ миллий хавфсизлиги, ташқи сиёсати ва иқтисодиётига ўта жиддий хавф туғдиришда давом этмоқда», дейилади ҳужжатда.
Оқ уй бундай таҳдидлар қаторида «АҚШда, шунингдек, унинг иттифоқчилари ва ҳамкорларида эркин ва демократик сайловлар ўтказилишига путур етказиш», «кибер соҳадаги зарарли ҳаракатлар», «трансмиллий коррупцияни рағбатлантириш ва хориж ҳукуматларига таъсир қилиш учун ундан фойдаланиш» кабиларни санаб ўтди.
2021 йил 15 апрелда Россия Федерациясининг айрим хавфли ҳаракатлари миллий хавфсизликка таҳдид солиши муносабати билан АҚШда фавқулодда ҳолат эълон қилинган 14024-сонли ижро қарори, 2022 йил 8 мартда фавқулодда ҳолат кўламини кенгайтириш тўғрисида 14066-сонли фармон имзоланган эди.
Оқ уй фавқулодда ҳолатни 7 апрель куни яна бир йилга узайтиришга қарор қилди.