Жаҳон | 21:35 / 09.04.2023
27984
12 дақиқада ўқилади

Муқаддас Қорабоғ: Озарбойжон ва Арманистон ўртасидаги сулҳ жараёнига ўтмишни азизлаштириш халақит бермоқдами?

Март ойида Озарбойжон ва Қорабоғ арманлари ўртасида тўғридан тўғри музокаралар — можаро томонлари ўртасида илк очиқ мулоқот бошланди. Улар тан олинмаган Тоғли Қорабоғ республикаси келажагини ҳал қилишади.

Табиийки, Озарбойжон ушбу ҳудудни ўз давлатининг бир қисми сифатида билади, у ерда яшовчи арман миллатига мансуб аҳолини эса Озарбойжонга ишончсизлик ва қўрқув бирлаштириб турибди. Ўтган ўттиз йил давомида нафақат ҳукуматлар, шунингдек, шоир-ёзувчилар, мусиқачилар ва халқлар ўртасида шу қадар улкан жарлик юзага келганки, жарликнинг икки томонида турувчилар ҳаётини энди бу жарсиз тасаввур қила олмайди, деб ёзади Маҳаррам Зайналов.

26 феврал куни Озарбойжонда Хўжали фожиаси навбатдаги марта ёдга олинди. Биринчи урушгача Қорабоғдаги бу шаҳарчанинг аксар аҳолиси озарбойжонлар бўлган. 1992 йилнинг февралида юзлаб тинч аҳоли вакиллари арман кучлари томонидан ўлдирилган — бу воқеалар Озарбойжонда геноцид деб аталади. Бу воқеа сиёсий жараёнларга мустаҳкам сингиб кирган, янгиликларда албатта тилга олинади, болалар эса бу воқеаларни хотирлаб суратлар солишади.

Арманистонда эса «озарбойжон терроризми» билан қўрқитишади. 1988 йилда Озарбойжоннинг Сумгаит шаҳридаги тартибсизликларда ўнлаб арманлар ўлдирилган, минглаганлари қочишга мажбур бўлган — бу воқеа ҳам барча озарбойжонларга ёрлиқ ёпиштиришга хизмат қилади.

Ҳар икки мамлакатда ўлдирилган тинч аҳоли хотираси сиёсий мақсадларда ишлатилади, дейди Қорабоғ можаросини ўрганган социолог Сергей Румянцев: «Қорабоғдаги биринчи урушда Озарбойжон ахборот урушида ютқазган, ўшанда арманлар ўзини турклардан жабр кўраётган ягона қурбон сифатида тақдим эта олган. Ўша урушда энг йирик тинч аҳоли қирғини бўлган Хўжали фожиаси эса Озарбойжонга улар ҳам қурбон эканини кўрсатиш имконини тақдим этди».

Миллий орзулар объекти

Арманистонда озарларни турклар деб аташади ва шу йўл билан Қорабоғ можароси ҳамда 1915 йилги Туркиядаги арманлар қирғинини боғлашга ҳаракат қилишади.

«Ўн беш деганда йилни, Тоғли деганда Қорабоғни эсга оламан», деб ёзганди таниқли арман шоираси Силва Капутикян, кейинги сатрларида адолат талаб қилиб.

Тадқиқотчилар Мане Григорян ва Беҳрўз Самедовнинг қайд этишича, бундай ижодий асарлар юз йил аввалги Усмонлилар империясининг турклари ва замонавий озарбойжонликларни тенглаштирувчи узвийлик бор ва оғриқли ўтмиш хотираларини яна қўзғатишга қаратилган. Аслида, озарбойжонларнинг ўтмиши Туркия билан эмас, Эрон ва Россия империяси билан боғлиқ.

Бир вақтнинг ўзида озарбойжонлик шоир Халил Ризо Қорабоғни «Озарбойжон ифтихори, жон томири ва юраги» деб атайди.

«Миллатчи жамоатчилик ўй-хаёллари Қорабоғни муқаддаслаштириб, уни миллий орзу объектига айлантирган», — деб ёзади тадқиқотчилар.

Қорабоғни муқаддаслаштириш ҳокимият билан ҳам аччиқ ўйин қилган: 2020 йилги урушдан сўнг Арманистон раҳбарияти Қорабоғни мустақил қилиш ғоясидан воз кечди, бироқ жамиятнинг бир қисми бу нарсага рози бўлмади.

«Ҳозир “Қорабоғни бериш — Арманистон давлатчилигини йўқотиш” шиори бор, лекин нима учунлиги ва бу нимани англатишини ҳеч ким билмайди. Мана шу муқаддаслаштириш оқибати», — дейди арман журналисти Марк Григорян.

Тадқиқотчи Мане Григорян совет давригача Қорабоғни «муқаддаслаштириш»га мисол топа олмаганини айтади, социолог Сергей Румянцев эса озарбойжонликлар учун ҳам бу ҳудуд XX аср охирларидаги можаролардан сўнг чинакам азиз жойга айлана бошлаганини қайд этади.

Қорабоғнинг аввалги пойтахти Шуша ҳар икки халқ учун муқаддас ватанга айланган, гарчи у XVIII асрда қурилган ва қадимийлиги бўйича атрофдаги кўплаб шаҳарлар, жумладан, Боку ва Еревандан анча ёш.

Шуша манзараларидан бири

Ҳозир Озарбойжон назоратига қайтган Шушага бориб, осори атиқалар фонида суратга тушиб, ижтимоий тармоқларга жойлаштириш янги урфга айланган. Биринчи урушгача Шушада аҳолининг 90 фоизини озарбойжонлар ташкил этган, уларнинг шаҳардан қувиб чиқарилиши кўплар учун зарба бўлган.

Тадқиқочилар Самедов ва Григоряннинг ёзишича, умумий муқаддас ўтмиш миллатларнинг сиёсий умумлашувини шакллантиради, бироқ ташқи, энг асосийси — абадий душман образи орқали.

Ўтмиш ҳукм остида

«Арманлар — душман, эронликлар — душман, турклар — дўст». Бокуликларнинг кўпчилиги шу фикрда, урушдан икки ярим йил ўтгач, маҳаллий матбуот ҳам буни бот-бот такрорламоқда.

«Эронликлар ҳам арманлар сингари маккор», — дейди янгиликларни радиодан эшитган бокулик таксичи. Машинамиз тирбандликда туриб қолди, ойнадан XVI аср бошларида Озарбойжонни маҳв этган шоҳ Исмоил Биринчига ўрнатилган ҳайкал кўриниб турарди. У Эрон шоҳи бўлса-да, озарбойжонликлар тилида шеърлар ёзган, шу сабабли уни бу ерда ўзлариники ҳисоблашади.

«У туркларга қарши урушган», — дейман ҳайкал томон ишора қилиб.

«Бу ёлғон, — дейди таксичи. — Сен буни интернетдан ўқиган бўлсанг керак, у ерда фейклар тиқилиб ётибди».

Бугун Озарбойжон ва Туркия — иттифоқчи, халқлари ўхшаш тилда сўзлашади. Озарбойжон пойтахти уруш тугагандан буён Туркия байроқлари билан ҳам безатилган, аскарлар эса ўз либосига мамлакат байроғи билан бирга Туркия байроғини ҳам қадашади.

Лекин кўпчилик бугунги кун воқелигини ўтмишга ҳам татбиқ этишга ҳаракат қилишмоқда, аммо «уларнинг» шоҳ Исмоили Усмонли имериясига қарши курашганинига ишонишлари қийин.

Миллатлар ва элатлар томонидан ўзининг бугунги воқелигини ўтмиши устига қўйиши примордиализм деб аталади. Замонавий озарбойжонлар ва арманларни энди XVIII асрда Қорабоғнинг Паноҳ Али хони ва маҳаллий арман феодали Шоҳназар қуда-анда бўлгани, биргаликда жанг қилгани, ўша Шушани бирга қурганига ишонтириб бўлмайди.

Арман шоири Саят Нова озарбойжон тилида ҳам шеърлар ёзган

Арманлар ва озарбойжонларнинг зиддияти миллатчилик ғоялари тарқалиши билан чамбарчас боғлиқ, ҳозир кўпчиликка туюлганидек чуқур тарихий илдизларга эга эмас, нари борса 100 йиллик тарихга эга.

Тадқиқотчи Бенедикт Андерсон ўзининг «Ўйлаб топилган уюшмалар» китобида миллатчилик миллатни тарих қаъридан чиқиб келган уюшма сифатида тасвирлайди, аслида миллат ғоялари XVIII-XIX асрларда пайдо бўлган, деб ёзади. Европада ва жаҳоннинг бошқа нуқталарида саноатлашув шарофати билан, шунингдек, саводлилик даражаси ошиши билан ўзликни англаш асоси дин эмас, тил бўла бошлаган: масалан, инсон ўзини биринчи навбатда венгр, сўнгра католик ҳисоблаган.

Миллатчилик ғояси ўша пайтлар Россия империяси губерниялари ҳисобланган Жанубий Кавказга ҳам кириб кела бошлаган. Жуда кўп жойларда аҳоли аралаш яшарди: озарбойжонлар Ереван аҳолисининг катта қисмини ташкил этар, арманлар эса Бокунинг.

XX аср бошида ҳар икки томонда миллатчилар зўравонлик намойиш эта бошлашган: 1905 йилдан Нахичивонда арманлар калтакланган, Шушада эса озарбойжонлар; замонавий Озарбойжон ва Арманистоннинг бутун ҳудуди бўйлаб қуролланган отрядлар тўқнашувлари юз бера бошлайди. Ниҳоят энг қонли тўқнашувлар 1918 йилда Бокуда рўй беради, март ойида минглаб озарбойжонлар ҳалок бўлади, сентябрда эса арманлар.

Совет ҳукумати даврида миллий масалалар «гилам остига» беркитилди ва 1980-йиллар сўнгига келиб яна бўй кўрсата бошлайди. Тадқиқотчилар қайд этишича, ҳаммаси экологик намойишлардан бошланган: Арманистонда «Мецамор» АЭС туфайли, Озорбойжонда эса Қорабоғда ўрмонлар кесилишига қарши чиқишган. Экологик ҳаракат тезгина миллатчилик ҳаракатига дўнган ва Арманистонда намойиш қилаётганлар Қорабоғни Озарбойжондан ажратиб олиб, Арманистонга қўшишни талаб қила бошлашади.

Яна тартибсизликлар бошланиб кетган ва 1992 йилда собиқ совет республикалари ўртасида тўлақонли уруш рўй беради.

Абадий уруш

XX асргача бу халқлар умумий пазандачилик (бу борада ҳалигача баҳслашишади), мусиқа ва урф-одатларга эга бўлгани ҳақида ҳеч ким эсламаяпти. Тадқиқотчилар Самедов ва Григоряннинг сўзларига кўра, ҳар икки томон ўз маданиятида бир-бирини «айёр ва мунозарага яроқсиз ёвуз» образи сифатида трансляция қилади.

Озарбойжонда уруш бошланганидан 30 йилдан ортиқ вақт ўтиб, уруш ҳақида янги қўшиқлар ёзилмоқда, уларда Туркия ва Озарбойжон президентлари мадҳ этилиб, Арманистон бош вазири калака қилинмоқда, видеоклипларда яқинда тугаган урушда пилотсиз учар қурилмалардан берилган зарбалар намойиш этилмоқда.

2020 йили рўй берган 44 кунлик урушда Озарбойжон Қорабоғнинг бир қисми ҳамда уни ўраб турган ва 1990-йиллардан буён Арманистон оккупацияси остида бўлган еттита туманни тўлиқ қайтариб олди. Ҳозир бу ҳудудларда янги аэропортлар, йўллар ва 30 йил вайрона ҳолида турган шаҳарлар янгидан қурилмоқда. Миналардан тозалаш ишлари олиб борилмоқда, бир пайтлар шу ҳудудларда яшаган озарбойжон қочқинлари ва уларнинг авлодлари секин-аста ватанига қайтишмоқда.

Бунга параллел равишда Озарбойжон ва Арманистон ўртасида чегараларни демаркация қилиш бўйича оғир музокаралар ўтказилмоқда, томонлар сулҳ шартномаси вариантлари устида ишлашмоқда. Лекин ҳали тўла тинчлик ўрнатилишига анча бор, чегараларда ва Қорабоғда ҳамон отишмалар бўлиб турибди, инсонлар ўлмоқда.

Арманистон Озарбойжонга ҳудудий даъвосидан воз кечди, бироқ Боку Қорабоғ арманлари билан музокараларга эндигина киришди. Бу вақтда Қорабоғнинг ўзи (унинг бир қисми сулҳ шартномасига кўра россиялик тинчликпарвар кучлар назорати остида) уч ойдирки қамал ҳолатида қолмоқда. Экофаоллар ҳудудни Арманистон билан боғловчи ягона йўлни ёпиб қўйишган.

Урушда ғалаба қозонгач Озарбойжон Қорабоғ арманларига бирор автономия таклиф этишни бас қилди, президент Илҳом Алиев эса Озарбойжон фуқаролигини олишни истамаганлар ҳудудни бемалол тарк этиши мумкинлигини айтди.

Мамлакат ичида Озарбойжон ғалаба мавзусини янада авж олдирди — ўтган йил расман Шуша шаҳри йили деб эълон қилинди. «Шуша — муқаддас шаҳар, бизнинг Маккамиз экани [одамларнинг онгига] сингдирилмоқда, — дейди Қорабоғ можароси бўйича эксперт Шоҳин Ризаев. — Буларнинг барчасига чек қўйиб, бир неча юришни олдиндан ўйлаб, арманлар ва озарбойжонларнинг биргаликда умргузаронлик қилиш вариантини танлаш фурсати етган».

* * *

2007 йили Тбилисида сайр қилиб юрарканмиз, таниш армани қиз кафтини ёйганча масаланинг моҳиятини образли қилиб тушунтиришга уриниб кўрди: «Биз, арманлар худди дарахт кабимиз, — деганди у бармоқлари ёйилган кафтига ишора қилиб. Сўнг чинчалоғни кўрсатди. — Бу эса Шуша. Бу шохни синдириш мумкин эмас, чунки унда мен ўлган бўламан».

У яхши, оқкўнгил қиз эди, озарбойжонларни ёмон кўрар, илгари қандай қилиб бирга тотув яшаганимизни хаёлига сиғдира олмасди. Мен эса унинг учун бошқаларга ўхшамайдиган, яхши озарбойжон йигит эдим.

Сайримиз чоғида менга холам қўнгироқ қилиб қолди. Арман қизи билан сайр қилиб юрганимни эшитгач, холам қатъий огоҳлантирди: “Эҳтиёт бўл, у сени заҳарлаб қўймасин”.

Афтидан, катта авлод бошқача даврлар бўлганини унутиб қўйган, кичик авлод эса у даврларни ҳеч қачон кўрмаган. Менинг холам энди бу дунёда йўқ, таниш армани қиз эса вақт ўтиб мен билан гаплашмай қўйди.

Маҳаррам Зайналов, BBC.

Шуҳрат Шокиржонов
Муаллиф Шуҳрат Шокиржонов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид