Иқтисодиёт | 15:42 / 10.04.2023
44442
3 дақиқада ўқилади

Камбағалларга 12 фоиз кешбэк қайтариш тартиби маълум бўлди

1 майдан “Ижтимоий ҳимоя ягона реестри”га киритилган шахсларга гўшт, ёғ ва тухум сотиб олганлик учун 12 фоиз кешбэк қайтарилади. Бунинг учун “Soliq” иловасида Face ID орқали рўйхатдан ўтиб, харид чекини сканерлаш керак. ҚҚС тўловчиси бўлмаган тадбиркорлардан маҳсулот сотиб олганда, ҚҚС қайтарилмайди.

Президент қарорига кўра, 2023 йил 1 майдан “Ижтимоий ҳимоя ягона реестри”га киритилган жисмоний шахслар чакана савдо объектларидан айрим товарларни сотиб олганда харид суммасидан 1 фоиз миқдордаги кешбэк ўрнига 12 фоиз ҚҚС қайтарилади.

Реестрдаги шахсларга ҚҚС қайтариб бериладиган маҳсулотлар рўйхати:

  • Қўй гўшти
  • Парранда гўшти
  • Мол гўшти
  • Тухум
  • Ўсимлик ёғи

Давлат солиқ қўмитаси кешбэк қайтариш тартибини маълум қилди.

ҚҚСни қайтариб олиш учун “Ижтимоий ҳимоя ягона реестри”даги истеъмолчи “Soliq” мобил иловасини юклаб олиб, Face-ID орқали рўйхатдан ўтиши ҳамда иловада харид чекининг QR-кодини сканерлаши лозим.

ҚҚС қайтарилиши учун қуйидаги шартлар бажарилиши керак:

  • харидор “Ижтимоий ҳимоя ягона реестри”да бўлиши;
  • сотиб олинган маҳсулот ҚҚС қайтариладиган маҳсулотлар рўйхатига кириши;
  • тадбиркорнинг ҚҚС тўловчи сифатида рўйхатдан ўтгани.

Реестрдаги истеъмолчи:

  • ҚҚС қайтариладиган маҳсулотлар билан бирга бошқа турдаги маҳсулотларни харид қилиб чекни рўйхатдан ўтказганда, ҚҚС қайтариладиган маҳсулотлар учун 12 фоиз, бошқа турдаги маҳсулотлар учун 1 фоиз кешбэкка эга бўлади;
  • ҚҚС тўловчиси бўлмаган тадбиркорлик субъектидан ҚҚС қайтариладиган маҳсулотлар сотиб олганда, ҳозиргидек 1 фоиз кешбэк қайтарилади.

ҚҚС суммаси чек рўйхатдан ўтказилган ойдан кейин ойнинг 25-санасидан сўнг “Soliq” мобил иловаси орқали тўлаб берилади.

Аввалроқ, Kun.uz журналисти камбағалларга ҚҚСдан кешбэк қайтарилиши харид чекига боғлаб қўйилиши бу тизимнинг ишламаслигига олиб келиши мумкинлиги ҳақида ёзганди. Чунки шундоқ ҳам камбағал қатламга кирадиган одамларда ҚҚСни қайтариб олишда ресурслар (смартфон, интернет) билан боғлиқ муаммолар бўлиши мумкин. Боз устига, бу қатлам асосан деҳқон бозорларида бозорлик қилади; бозорларда эса аксарият ҳолатларда чек берилмайди.

Тахминий ҳисоблашлар кешбэк суммасининг жуда камлигини ҳам кўрсатди – бу эса уни қайтариб олишга қизиқиш паст бўлишига сабаб бўлиши мумкин.

Мавзуга оид