Лондон: Россия Маринкага танклар ва артиллерия ҳужумини кучайтирди
Британия ҳарбий разведкаси маълумотларига кўра, Россия Донецк йўналишида, жумладан, Маринка ва Авдийивка ҳудудларида минимал натижаларга эришган ҳолда, муҳим ресурсларни сарфлашда давом этмоқда.
Буюк Британия Мудофаа вазирлиги Twitter'да эълон қилган кундалик хулосада айтилишича, ўтган ҳафтада Россия Донецк вилоятидаги Маринка атрофида бронетанк (танклар ва ўзиюрар артиллерия) ҳужумларини кучайтирган.
Донецкдан 20 километр жануби-ғарбда жойлашган шаҳар учун жанглар 2014 йилдан бери давом этмоқда ва у артиллерия ўқларидан «тўлиқ» вайрон қилинган, деб ёзади разведка.
Шу билан бирга, Маринка, таъкидланганидек, Донецкка яқинлашиш йўналишлари ҳамда Н15 асосий йўли устидан назоратни таъминлайди.
Аввалроқ Британия Мудофаа вазирлиги сўнгги кунларда Бахмут ҳудудида Россия қўшинларининг ҳужуми яна тезлаша бошлагани ҳақида хабар берганди.
Британия разведкасининг таъкидлашича, Россия янада илгарилаб кетишни бошлади ва энди шаҳар марказига кириб, Бахмутка дарёсининг ғарбий қирғоғини эгаллаб олиши мумкин.
«Украинанинг шаҳар ғарбидаги 0506-асосий таъминот йўли жиддий хавф остида бўлиши мумкин», - дейилади ҳисоботда.
Буюк Британия Мудофаа вазирлиги таъкидлашича, Россия мунтазам кучлари, жумладан, ҳаво-десант қўшинлари ҳам ҳужумни кучайтирди ва Россия яна бу секторда артиллериядан самаралироқ фойдаланмоқда.
Таҳлилчиларга кўра, маҳаллий даражада «Вагнер» хусусий ҳарбий компанияси қўмондонлари ва Россия Мудофаа вазирлиги ўзаро низони тўхтатиб, алоқани яхшилаган бўлиши эҳтимоли бор.
Мавзуга оид
20:43
«Мосфильм» киностудияси ўз омборидаги танкларни Россия армиясига топширди
19:33
Россияда мигрант болаларнинг рус тилини билиш даражаси текширилиши мумкин
17:53
Ўзбекистон олтин ишлаб чиқарувчи давлатларнинг етакчи ўнталигига кирди
21:00 / 12.11.2024