Мингта янги автобус билан кунига миллионтагача йўловчи таший оламиз — Анвар Жўраев
Тошкентга катта сиғимли мингта янги автобус яқин ҳафталарда тўлиқ олиб келингач, ҳар куни йўналишга чиқадиган автобуслар сони 1800 тага етади ва уларда 1 миллионгача йўловчи ташиш имконияти бўлади. Янги автобуслар тақдимотида сўзга чиққан шаҳар транспорт бошқармаси бошлиғи Анвар Жўраев шу ва бошқа янгиликларни маълум қилди.
— Бу автобусларнинг техник шартларига йўловчиларнинг оқимини санаш мосламасини қўшганмиз. Уларда хавфсизлик нуқтайи назаридан 9 тадан видеокамера ўрнатилган. Салони экранлар билан ҳам таъминланган. Мазкур экранлар орқали оралиқ бекатларни автомат равишда эълон қилиб бориш имконияти ҳам бор.
Тошкент шаҳри транспорт модели, унда 167 та йўналишдан иборат янги йўналишлар тармоғи ишлаб чиқилган. Апрел ойидан бошлаб мана шу тармоқларни босқичма-босқич жорий этиб борамиз. Автобуслар келиши билан барчаси янги йўналишга жойлаштирилади. Ҳозирги кунда мингта автобусдан 233 таси Тошкент шаҳрига етказиб берилди. Буларнинг 30 таси 18 метрли “гармошка”, 103 таси табиий газда юрадиган 12 метрли ҳамда 100 таси электрда ҳаракатланадиган автобуслар ҳисобланади.
Президентнинг қарорига асосан, апрелдан бошлаб йилнинг сўнгигача брутто-шартнома, яъни янгича молиялаштириш тизимига ўтишимиз керак. Бугунги кунда 34 та йўналишнинг қиймати ҳисоблаб чиқилиб, электрон тендерларга савдоларга чиқарилди. Май ойидан бу тендер савдолари ўйналиб, йўналишларга татбиқ этиб борилади.
Кейинги ҳафтадан бу янги ҳаракат таркибларини босқичма-босқич йўналишларга чиқарамиз. Ҳозирда божхона расмийлаштириш ишлари олиб борилмоқда. Айни вақт 30 та автобус расмийлаштирилиб, уларга давлат рақамлари олинган. У автобусларни кейинги ҳафтадан йўналишларга чиқарамиз, деди Анвар Жўраев 8 апрел куни Янги Ўзбекистон боғида ўтган янги автобулар тақдимотида.
— Қанча одам фойдалана олади бу автобуслардан? Бу ҳам ҳисоб-китоб қилинадими?
— Бугунги кунда 1 100 нафар ҳайдовчи билан кунига 670 минг нафар одамни ташимоқдамиз. Бу келаётган мингта автобус билан кунига 1 800 та автобусни чиқариш режалаштирилган. Ҳисоб-китобларга асосан, бу билан кунлик йўловчилар оқими камида 1 млн нафарни ташкил қилади.
— Битта автобус қанча одамни таший олади?
— Ўртача 2 минг нафар ташилади. Янги тармоғимиз 4 та коридордан иборат. Магистралимизнинг ўзида 13 та йўналиш бўляпти, бу йўловчи оқими энг кўп бўлган йўналишлардан ҳисобланади. Бу йўналишлардаги автобусларнинг интервали 4-5 дақиқани ташкил этади. Қолган ҳалқа, етказиб берувчи ва боғловчи йўналишларимизнинг интервали 6-7 дақиқани ташкил қилади. Жамоат транспорти жозибадорлиги ошиши ҳисобига йўловчилар сонини 1,5 баробарга ошириш кўзда тутилган.
Бундан ташқари, янгича тарифлар тизими ҳам жорий этилади. Бунинг ҳисоб-китобларини қилдик, 2 ҳафта давомида халқ депутатлар кенгашида бу маълумотларнинг тақдимотини ўтказиб, ҳимоя қилиб, тарификация жараёнларидан ўтиб олдик. Ҳозирда Тошкент шаҳар ҳокимининг қарори тайёрланмоқда. Май ойидан жорий этишни кутмоқдамиз. Бунда электрон ва нақд тўловлар ўртасидаги тафовут, 1 соат ичида транспортларни ўзгартириш бўлса, биринчи автобусда қилинган “пересадка” 600 сўмни ташкил қилади. Биринчи тўлов 1 минг 400 сўм бўлса, кейингиси 600 сўм бўлади. Учинчи тўлов эса 1 соат ичида текин бўлади.
Автобусдан метрога ўтилганда метро учун минг сўм тўланади. Бу ҳам жамоат транспортидан фойдаланишга жалб қилувчи механизм саналади. Жозибадорлигини ошириб беради, қулай бўлади.
— Автобусдан автобусга ўтаётган йўловчининг 1 соат ичида 2-марта автобусга чиқаётганини ҳайдовчи қаердан билади? Нақд пулларга ҳам тегишли бўладими бу тизим?
— Бу чегирма транспорт карта ёки электрон тарзда фойдалангандагина ҳисобланади. Агарда нақд бўлса, бунга ўтмайди. Бутун дунёда шундай тажриба бор, яъни электрон тўлов тизими шаффоф ҳисобланади. 90 фоиз аҳоли электрон тўловларга ўтса, фақатгина Тошкент шаҳри меҳмонлари ва бир мартагина автобусга чиқадиганлар нақд беради холос.
— Бирданига бир ойнинг ичида мингта автобус келиши кутилмоқда. Бунинг учун ҳайдовчилар сони етарлими?
— Бизга жами 3,5 минг нафар ҳайдовчи керак бўлади. Бугунги кунда уларни тайёрлаб келяпмиз. Мавжуд ҳайдовчиларниинг кўникмасини ошириш мақсадида полигон ташкил этилган, шунга олиб бориб текширяпмиз. Амалий машғулотларни ўтказиб, уларни янги автобусларга мослаштириб боряпмиз.
— 18 метрли “гармошка”лар Тошкент кўчаларида синаб кўрилган эди. Шу жараён қандай ўтди? Катта сиғимли автобуслар бемалол ҳаракатлана оладими?
— Синов жараёни кетмади, бизнинг ишчи гуруҳимиз бошчилигида кўчаларда ҳаракатланиб кўрилди. Бирор жойда муаммо чиққани йўқ. Бу ишчи гуруҳ таркибида Тошкент шаҳар ободонлаштириш бош бошқармаси ходимлари, ЙҲХББ вакиллари бўлган. Бизда бекатларни мослаштириш, ўзгартириш кераклиги ҳақида гап бўлди. Бунда бекат майдончалари, параметрлари тўғри келмаслиги ечилиши керак бўлган масала бўлиб турибди. Лойиҳа-смета ҳужжатлари ишлаб чиқилмоқда, мана шу бекатларда ўзгартириш киритилади. Яъни йўловчиларнинг кутиш майдончалари узайтириладиган бўлди, энди автобус узунлигига мослаштирилади.
— Автобусларга ўрнатилган видеорегистраторлар ва алоҳида ҳаракатланиш бўлаклари рўпарасига ўрнатилган видеокамералар қачондан ишлашни бошлайди?
— Бу борада ИИВ билан билан ишлар олиб борилмоқда, буларнинг ҳаммаси тест жараёнида. Бу ерда энг асосий нарса – видеокамера эмас, дастурий таъминоти. Шуни интеграция қилиш лозим. Хатосиз ишлаши, йўл қоидаларини тўғри қайд этиши учун синовлар ўтказилмоқда. 5 та автобусда жарималар тўғри келяптими ёки йўқ, синаб кўряпмиз. Келгусида ишга туширилганидан кейин кимгадир ноҳақ иш кўрилмаслиги, эътироз бўлмаслиги учун ҳам тажриба-синовлари кетмоқда.
Худди шу ҳолат махсус йўлаклар рўпарасига ўрнатилган видеокамераларга ҳам тегишли. Базавий маълумотлар йиғилиб, анализ қилинмоқда. Лекин жарима қўлланаётгани йўқ.
Дилшода Шомирзаева тайёрлади.
Мавзуга оид
16:37
Шавкат Мирзиёев: Тадбиркор — иқтисодиёт пойдевори, давлат таянчи
10:51
Тошкент аэропортида эшитиш қобилияти чекланган шахслар иш бошлади
17:02 / 22.11.2024
Тошкентда 4 млн дона пиротехника буюмлари йўқ қилинди
15:28 / 22.11.2024