8 апрел куни Тошкентга Хитойдан олиб келинган янги автобуслар тақдимоти бўлиб ўтди. Унда транспорт вазири Илҳом Маҳкамов ҳам қатнашиб, тадбир доирасида журналистлар саволларига жавоб берди. Бу ҳақда Kun.uz мухбири хабар бермоқда.

Вазирнинг сўзларига кўра, Хитойнинг “King Long” ва “Yutong” брендларидан сотиб олинаётган 12 метрли 300 та электробус, 12 метрли 500 та табиий газда юрадиган автобус ва 18 метрли 200 та табиий газда юрадиган автобус – жами мингта транспорт воситасининг умумий нархи – 210 млн доллар.

“Мингта автобуснинг нархи 210 млн долларга айланди. Апрел ойи якунланиши билан барча мингта автобусни Хитойдаги заводлар ишлаб чиқариб юборади. Бугунги кунда мингта автобусдан 592 таси заводлардан чиқиб кетган, йўлда келяпти. Ҳозир 233 таси Тошкент шаҳрига келган. 20 апрелгача барчаси заводлардан чиқиб кетади. Хитой ва Қозоғистон чегараларидаги тирбандлик ҳисобига, автобусларнинг йўлда келишига 10-12 кун кетмоқда”, – деди Илҳом Маҳкамов.

— Автобуслар учун алоҳида ҳаракат бўлаклари ташкил этилди, лекин бу бўлаклар пластик ёки темир тўсиқлар билан ажратилмаган. Шунинг учун ҳам ҳайдовчилар орасида қоидабузарлик ёки автобусларнинг тирбандликда қолиб кетиши кузатиляпти. Келгусида бу йўлакларни жисмоний тўсиқлар билан ажратиш бўйича режалар борми?

— Йўл ҳаракати қоидаларида узлуксиз чизиқ бор, буни босиб ўтганларга нисбатан жарима мавжуд. Ҳозир ҳар бир автобусга махсус регистраторлар қўйилади. Автобуслар ўша махсус йўлакларда ҳаракатланаётганда йўлини тўсиб қўйган, мумкин бўлмаган жойни автотураргоҳга айлантирган автомобилларнинг ҳаммасини фиксация қилади, маълумотлар ЙҲХББга юборилади. Бу жараёнда энг самарали жазо бу – жарима. Икки марта жарима тўлаганидан кейин қоидабузарлик қилмасликка ҳаракат қилишади.

Айтганингиздек, буни алоҳида тўсиқ билан ажратиш учун алоҳида катта инфратузилма тузиш керак. Бу BRT (bus rapid transit – тезкор автобуслар тизими – таҳр.) бўлади. Жараёнда бекатларни мослаштириш, пиёдалар ўтиши учун алоҳида кўприклар ёки ерости ўтиш йўлагини қуриш керак. Бугунги кунда биз тезкор ечимларни бериш билан шуғулланяпмиз. Бу инфратузилма устида ҳам Тошкент шаҳар ҳокимлиги, ИИВ, Транспорт вазирлиги ҳамкорликда лойиҳа офисини ташкил қилганмиз. Пойтахтда 34 та йирик коридор бўлса, мана шу лойиҳа офиси билан биргаликда 13 та коридорни танлаб олдик. 2023 йилда 13 та коридорнинг ҳаммасида чорраҳадан ўтувчилик қобилияти, ўнг тарафга кетиш, йўлларда жамоат транспортига устуворлик бериш бўйича ишланяпти.