Тошкент шаҳри ҳокими вазифасини бажарувчи Шавкат Умрзоқовнинг 7 апрелда имзолаган қарори билан пойтахтда ирригация тизимини яхшилаш учун маблағ ажратиладиган бўлди. Унга кўра, дренаж ва коллекторларни таъмирлаш, бетон қувур ётқизиш учун ҳокимият бюджетининг захира фондидан 700 млн сўм сарфланади.

Қайд этилишича, юқоридаги чора-тадбирлар ёмғир пайтида сув тошқинининг олдини олиш учун амалга оширилмоқда. Шу ўринда савол туғилади, 700 млн сўм мазкур чора-тадбирлар учун етарлими? Аслида дренаж тизимини яхшилашга қанча маблағ сарфланиши керак? Бу жараёнда нималар инобатга олинади? Kun.uz ушбу саволларга жавоб олиш учун соҳадан бохабар бўлган муҳандис, шаҳарсоз ҳамда эколог билан суҳбатлашди.

Дастлаб 20 йилдан бери АҚШнинг Техас штатида яшаб, ҳозирда Темпл шаҳридаги йирик инженерлик-консалтинг компаниясида сув хўжалигини лойиҳалаш директори бўлиб ишлаётган, техника фанлари доктори, муҳандис Асқарали Каримов билан гаплашдик. Мутахассиснинг айтишича, маблағ ажратишдан олдин дренаж тизимини ривожлантиришга ким масъуллигини аниқлаб олиш лозим.

Асқарали Каримов, техника фанлари доктори, муҳандис / Фото: Kun.uz

– Ўтган йили Тошкент шаҳрининг эски ҳокими Жаҳонгир Ортиқхўжаев дренаж муаммолари юзасидан мени чақирганди. Жараёнда кўнгилли сифатида қатнашгандим. Ўшанда ҳокимият ҳузуридаги рақамлаштириш марказида мавжуд бўлган лотоклар, оқова сув қувурлари, иншоотларини рақамлаштириш, картография қилиш бошланганди. Мен доим бир савол бераман: Тошкент дренаж тизимининг эгаси ким? Бунга ким жавобгар, қайси ташкилот масъул? Бу шаҳар балансидами ёки республиканикида? Суриштирувларим натижасида шуни билдимки, бунга 3 та ташкилот масъул экан. Кейин мен барча вазифа ва жавобгарликни битта ташкилотга ўтказишни, унга ишчилар, техника жалб қилишни ва бу ташкилотни ҳокимият балансига ўтказишни таклиф қилгандим. Ўша ердаги ҳоким ёрдамчилари, марказ ходимлари билан биргаликда президент қарорини ҳам тайёрладик, бу жараёнда ўзим ҳам бевосита қатнашдим, кўрдим. Лекин афсуски, бу нарсалар қолиб кетди. Мен ўшанда ҳам кўп такрорлагандим, Тошкент, умуман Ўзбекистоннинг бундан кейинги аҳволи оғир бўлади, яхши бўлмайди. Чунки энг кучли зилзиладан кейин қурилган тизим талабга жавоб бермай қўйган. Асфальт ва бетон жойларда ёғадиган ёмғирнинг борадиган жойи йўқ. Шунинг учун муаммолар жуда кўп.