Жамият | 20:24 / 12.04.2023
19037
2 дақиқада ўқилади

Наманганда 27 млн миқдоридаги қарзни ундиришга келган МИБ ходими пичоқланди

Давлат ижрочисини пичоқлаган 36 яшар эркак муқаддам жиноятлари учун 6 маротаба судлангани маълум қилинди.

Фото: МИБ

10 апрель куни соат 15:40 ларда 26 млн 982 минг сўмлик банк кредити ва бошқа қарздорликларни ундириш учун қарздор фуқаронинг яшаш хонадонига борган давлат ижрочиси уни тополмайди. Уйидагилари у йўқлигини айтгач, О.Тошбоевга қўнғироқ қилиб етиб келишни сўрайди. Қарздор эса турли баҳоналар билан келмаслигини маълум қилади.

Давлат ижрочиси қарздорлик бартараф этилмаса мажбурий ижро ҳаракатларига киришишини билдиради. МИБ ахборот хизматига кўра, бундан ғазабланган эркак давлат ижрочисини ўлдиришга қасд қилади ва давлат ижрочисининг кўкрак қафасига хўжалик пичоғи билан урмоқчи бўлади.

Таъкидланишича, МИБ ходими ўзини ҳимоя қилгани боис қарздор ниятига етолмайди. Бироқ ходим ўнг қўлининг кафтидан жиддий жароҳат олади.

“Қарздор яна давлат ижрочисини ўлдириш мақсадида унинг ортидан қувган вақтда, ижро ҳаракатларида иштирок этаётган бошқа давлат хизматчилари томонидан қўлидаги хўжалик пичоғи олиб қўйилиши сабабли, жиноятни охирига етказа олмайди”, дейилади расмий хабарда.

Мажбурий ижро бюроси матбуот хизматининг Kun.uz’га маълум қилишича, 36 ёшдаги қарздор фуқаро муқаддам қатор жиноятлари учун 6 маротаба судланган.

Бош прокуратура матбуот хизмати раҳбари Ҳаёт Шамсиддинов мазкур ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 25, 97-моддаси (Қасддан одам ўлдириш) 2-қисми билан жиноят иши қўзғатилганини билдирди. Айни пайтда Тўрақўрғон туман прокуратураси томонидан дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда. 

Мавзуга оид