Жаҳон | 09:30 / 13.04.2023
4821
2 дақиқада ўқилади

АҚШ Россия ва бошқа давлатлардан 120 шахс ва компанияга қарши санкциялар киритди

Қўшма Штатлар Россия ва бошқа давлатлардан 34 нафар жисмоний ва 120 тадан ортиқ юридик шахсларга нисбатан санкциялар киритди. Тегишли рўйхат чоршанба куни ўз веб-сайтида АҚШ Молия вазирлиги томонидан эълон қилинди. 

Фото: Torsten Sukrow/SULUPRESS.DE/picture alliance

Идора маълумотларига кўра, жорий санкциялар тўплами Россияга Украинага қарши уруш олиб боришда, жумладан, Ғарбнинг жорий санкцияларини четлаб ўтиб, унга икки томонлама мақсадли маҳсулотлар етказиб бериш орқали ёрдам берадиган компания ва ташкилотларга қарши қаратилган.

Жазо чоралари, хусусан, Россия бош вазири ўринбосари Марат Хуснуллин, собиқ транспорт вазири ва Давлат транспорт лизинг компанияси бош директори Евгений Дитрих, Давлат думаси депутати Владимир Скоч ва унинг қизи Варварага жорий этилди. 

Санкциялар орасида бош қароргоҳи Будапештда жойлашган «Международный инвестиционный банк», «Юнармия» ҳаракати, Россиянинг «Металлоинвест» ва «Мегафон» компаниялари, Алишер Усмоновнинг USM ширкати, бошқа ўнлаб Россия ва Кипр фирмалари, тўртта турк ва бир Хитой компанияси – China Head Aerospace Technology бор, унинг Евгений Пригожин билан алоқаси борлиги тахмин қилиняпти.

Ўзбекистоннинг «Оҳангаронцемент» заводи АҚШ янги санкцияларига учради. 2022 йил бошида заводнинг 98,6 фоиз акциясини сотиб олган, Алишер Усмоновнинг USM ҳолдинги томонидан ташкил этилган Akkermann Cement CA ҳам чекловлар остида қолди. 

АҚШ Молия вазирлигининг Чет эл активларини назорат қилиш бошқармаси янги санкциялар рўйхатига киритилган бир қатор компаниялар, жумладан Akkermann Cement CA билан операцияларни 11 июлгача тугатиш талабини қўйган.

«Оҳангаронцемент» 2020 йилда Ўзбекистондаги энг йирик солиқ тўловчилардан бири бўлган ва бозорда устун мақомга эга компаниялардан ҳисобланади. Комбинатнинг 2021 йилнинг тўққиз ойида соф фойдаси 188,8 миллиард сўмни, 2020 йилнинг тўққиз ойида 187,1 миллиард сўмни ташкил этди.

Мавзуга оид