Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
ЕИ Украинага ўқ-дорилар учун 1 миллиард евро юборишни маъқуллади
Шу билан Европа Иттифоқининг Украинага умумий ёрдам миқдори 4,6 миллиард еврога етди.
Европа Иттифоқи кенгаши Украинани 31 майгача ўқ-дорилар билан таъминлаш учун Европа тинчлик жамғармасидан (EPF) 1 миллиард евро ажратишни маъқуллади. Бу ҳақдаги қарор кенгаш баёнотида эълон қилинди.
Баёнотда айтилишича, бу чора Европа Иттифоқига аъзо давлатларга 2023 йил 9 февралдан 31 майгача Украинага юборилган ўқ-дорилар нархини мавжуд захиралардан қоплаш ёки мавжуд буюртмаларга қайтадан устунлик бериш орқали қоплаш имконини беради.
«Бугунги қарор билан биз Украина қуролли кучларига зудлик билан 1 миллиард евролик артиллерия ўқ-дориларини етказиб беришни қўллаб-қувватлаш бўйича Европа Иттифоқи етакчилари эришган тарихий келишувнинг биринчи қисмини кучга киритмоқдамиз. Украинанинг шафқатсиз рус тажовузкорига қарши ўзини ўзи ҳимоя қилиш бўйича қонуний ҳуқуқини қўллаб-қувватлашда давом этиш бўйича Европа Иттифоқининг қатъияти ва бирлашган интилишларини бундан яхшироқ намойиш қилиш мумкин эмас», деди Жозеп Боррель, Европа Кенгашининг ташқи ишлар ва хавфсизлик сиёсати бўйича олий вакили.
Кенгаш веб-сайтига кўра, ушбу чора олдинги еттита транш билан биргаликда Европа Иттифоқининг EPF доирасидаги Украинага ёрдамини 4,6 миллиард еврога етказади.
Апрель ойида АҚШ Украинага навбатдаги ҳарбий ёрдам пакетини, жумладан, HIMARS MLRS учун ўқ-дорилар, Patriot ва NASAMS ҳаво мудофаа тизимлари учун ракеталар, 500 миллион долларлик қуроллар ва оғир техникаларни, шунингдек, ракетага қарши қуролларни юбориши хабар қилинган эди. Етказиб бериладиган техника ва қуролларнинг қиймати тахминан 2,6 миллиард долларни ташкил қилади.