Жаҳон | 18:02 / 13.04.2023
20625
5 дақиқада ўқилади

Ёлғон ваъдалар: Путин ва ҳарбийлар нималарни айтди-ю, қайси сўзидан қайтди?

РФ президенти Украина билан «фақат профессионал ҳарбийлар» уруш олиб боришини ваъда қилганди. Орадан бир йил ўтгач, Россия фронтда жанг қилиш учун яроқли эркаклар учун ўз чегарасини ёпмоқда.

Михаил Климентьев / AP / Scanpix / LETA

Meduza Россия Федерацияси президенти Владимир Путин ва мамлакат мудофаа вазирлигининг уруш давридаги ёлғон баёнотлари занжирини тузди.

2022 йил 5 март

Россия президенти Украинадаги «махсус ҳарбий амалиёт»да «фақат профессионал ҳарбийлар — зобитлар ва шартнома асосида хизмат қилувчи ҳарбийлар» иштирок этаётганини таъкидлайди. У Украинада муддатли ҳарбий хизматга чақирилган аскарлар «бирорта ҳам йўқлиги», қўмондонлик ёш аскарларни жанговар ҳаракатлар зонасига юборишни режалаштирмаётганини таъкидлайди. Путин ҳарбий комиссариатга ўз ихтиёри билан келганларга ташаккур билдириб, «ҳозирча уларнинг ёрдамига эҳтиёж йўқлиги»ни айтади. «Ишонаманки, эҳтиёж бўлмайди ҳам», — деб ваъда қилади Путин.

2022 йил 8 март

Путин хотин-қизларни 8 март байрами билан табриклаш жараёнида муддатли ҳарбий хизматга чақирилганлар «жанговар ҳаракатларда иштирок этмаётгани ва иштирок этмаслиги»ни такрорлайди. У шунингдек, Россияда захирадаги ҳарбийларга чақирув эълон қилинмаслигига ҳам ишонтиради.

2022 йил 9 март

Россия мудофаа вазирлиги урушда муддатли ҳарбий хизматга чақирилган ёшлар иштирок этаётганини тан олади. «Таассуфки, Украина ҳудудида ўтказилаётган махсус ҳарбий амалиётда қатнашаётган Россия қуролли кучлари ҳарбий қисмларида муддатли ҳарбий хизматга чақирилган ҳарбий хизматчилар ҳам иштирок этаётганига оид бир неча фактлар аниқланди», — дейилган вазирлик баёнотида. Идора расмий вакили генерал-майор Игор Конашенков муддатли хизматга чақирилган бир неча ҳарбий асирга тушганини маълум қилади.

2022 йил 13 сентябр

Россия президенти матбуот котиби Дмитрий Песков Россияда оммавий ҳарбий сафарбарлик ўтказилмаслигини таъкидлади. «Айни пайтда бу кўзланмаяпти, бу ҳақда гап-сўзлар йўқ», — деди у. Бундан бир кун аввал Песков сафарбарлик тўғрисидаги саволга жавоб беришдан бош тортиб, мудофаа вазирлигига мурожаат қилишни тавсия қилганди, вазирлик эса ҳеч қандай изоҳ бермаганди.

2022 йил 21 сентябр

Путин сафарбарлик эълон қилди. У бу заруратни Россия амалда «мамлакатни кучсизлантириш, пароканда қилиш ва ниҳоят, йўқ қилишни мақсад қилган Ғарбнинг бус-бутун ҳарбий машинасига қарши курашаётгани» билан тушунтиради. Путин сафарбарликни «қисман» деб атайди. Россия мудофаа вазири Сергей Шойгу 300 минг киши ҳарбий хизматга чақирилишини маълум қилади. Лекин Путиннинг мобилизация тўғрисидаги фармонида чақирилувчиларнинг тахминий сонига оид қисми махфийлаштирилди.

Ўз чиқишида Путин армияга аввало ҳарбий хизматни ўтаган, ҳарбий ҳисобдаги мутахассислик ҳамда «зарур тажриба»га эга инсонлар чақирилишига ишонтирганди. Аслида эса сафарбарлик ҳарбий тажрибага эга бўлмаган инсонларни ҳам қамраб олди. Боз устига, кўплаб сафарбар қилинганларни фронтга тайёргарликсиз жўнатишган.

Сафарбарлик эълон қилингач, юз минглаб инсонлар Россияни тарк эта бошлашди.

2022 йил 31 октябр

Россия мудофаа вазирлиги сафарбарлик якунланганини эълон қилди. Игор Конашенков чақирув қоғозлари тақдим этиш тўхтатилиши, ҳарбий комиссариатлар штатли режимга ўтишини таъкидлади. Бироқ Путин сафарбарлик якунлангани тўғрисида фармон чиқармади. Унинг матбуот котиби Дмитри Песков кейинроқ бу ҳолни Путин «юристлар билан маслаҳатлашгани» ва улар бундай фармонга ҳожат йўқлигини айтишгани билан изоҳлади.

2023 йил 11 апрел

Россия Давлат думаси бирйўла иккинчи ва учинчи ўқишларда ҳарбий хизматдан «бўйин товлаш»ни кескин қийинлаштирувчи тузатишлар пакетини қабул қилди. Тузатмалар матнига кўра, Россияда ҳарбий хизматга мажбур инсонларнинг рақамли реестри яратилади, армияга чақирув қоғози эса шахсан қўлга эмас, «давлат хизматлари» портали орқали электрон кўринишда ҳам тақдим этилиши мумкин бўлади. «Бўйин товловчилар»нинг ҳуқуқлари чекланади: улар Россияни тарк этиб чет элга чиқа олишмайди, машина ҳайдашдан, кўчмас мулк харид қилиш ва банкдан кредит олишдан мосуво бўлишади.

Дмитрий Песков бу тузатмалар «ҳарбий ҳисобга қўйиш тизимини такомиллаштириш учун» зарурлигини айтиб чиқди. Сафарбарликнинг иккинчи тўлқинида электрон чақирув қоғозлари берилиши эҳтимоли ҳақидаги саволга жавобан у шундай деди: «Ҳеч қандай иккинчи тўлқин бўлмайди».

Шуҳрат Шокиржонов
Тайёрлаган Шуҳрат Шокиржонов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид