Нима бўлганди?

2022 йил кузида, Европада иситиш мавсуми бошланишидан олдин, Россия ҳукумати расмийлари бир неча марта Европа Иттифоқининг Россияга «дўст бўлмаган» деб эълон қилган мамлакатлари келаётган қишда рус углеводородларисиз музлашини башорат қилганди. Владимир Путин Россияга қарши санкциялар киритилгандан кейин Европа Иттифоқини «яна бир марта ўйлаб кўриш»га чақирди — акс ҳолда минтақага «газ ҳам, нефт ҳам, кўмир ва мазут ҳам» юбормасликка ваъда берди. У ўзининг таҳдидли нутқини кўпчилик билувчи эртакдан келтирилган иқтибос билан якунлади: «Музла, музла, бўрининг думи».

«Газпром» компанияси бошқаруви раиси Алексей Миллер ҳам Россия Федерациясидан газ экспортини тўхтатиш Европадаги «бутун шаҳарлар ва ерларни музлатиши» мумкинлиги ҳақида огоҳлантирди.

Ушбу баёнотлар фонида Россия томони аввалига ўзи ўйлаб топган баҳоналар билан Европа Иттифоқига газ етказиб бериш ҳажмини чеклаб қўйди. Сентябр ойи охирида, «Шимолий оқим» қувурларидаги диверсиядан сўнг, Москва ва Европа мамлакатлари ўртасидаги газ соҳасидаги узоқ муддатли ҳамкорлик тўхтади ва техник жиҳатдан фалажланди.

Шунга қарамай, Европа Иттифоқи Россия газисиз ўтган биринчи қишдан электр ва иссиқлик таъминоти узилишларисиз чиқди. Хомашё сақланувчи ер ости омборлари ҳамон анча тўла (55,7 фоиз) ва минтақанинг энг йирик иқтисодиёти бўлмиш Германия энди рецессия хавфи остида эмас.

«Путиннинг режаси барбод бўлди, бизда газ ва нефт етарлича», деди Германия канцлери Олаф Шолц Россиянинг Украинага бостириб киришининг бир йиллиги муносабати билан сўзлаган нутқида.

Европа Иттифоқи нима учун «музламади»?

Бунга кўплаб омиллар сабаб бўлди, уларнинг ҳар бирининг ҳиссаси экспертлар томонидан турлича баҳоланмоқда. Мутахассислар фикрига кўра, Европанинг об-ҳаво борасида ҳам омади келди. «Иссиқ қиш (бирлашган Европадаги метеорологик кузатувлар тарихида бу қишдагидан ҳам ҳарорат юқорироқ қиш фақат бир марта кузатилган), шубҳасиз, катта рoл ўйнади», дея хулоса қилган Халқаро энергетика агентлиги (IEА). Бу қишда Европани иситиш учун камроқ газ керак бўлди.

Европа Иттифоқининг тезкор сиёсий қарорлари ҳам фавқулодда узилишлар ва танқисликлар олдини олишга ёрдам берди.

Хусусан:

— газ истеъмолини умумий 15 фоизга қисқартириш (Европа Иттифоқи давлатлари бу мажбуриятни ихтиёрий равишда ўз зиммасига олди);