Жаҳон | 09:23
1080
2 дақиқада ўқилади

Федоров истеъфоси Украинада оммавий норозиликларга сабаб бўлди

Украина пойтахти Киевда мудофаа вазири Михаил Федоровнинг истеъфосига қарши оммавий намойишлар иккинчи кун ҳам давом этди. Намойишчилар уни лавозимига қайтаришни талаб қилиш билан бирга, Украина Қуролли кучлари Бош қўмондони Александр Сирскийнинг истеъфосини ҳам талаб қилмоқда.

Фото: Anhelina Shorokhova

17 июл куни Киев марказида мудофаа вазири Михаил Федоровнинг истеъфосига қарши навбатдаги оммавий акциялар бўлиб ўтди. Норозилик намойишлари аввалги кун бошланган бўлиб, иккинчи кунга келиб иштирокчилар сони янада ошган.

Эрталабданоқ Украина пойтахти марказидаги Иван Франко майдонига юзлаб одамлар йиғилди. Асосий акция кечқурунга режалаштирилган бўлса-да, кун давомида намойишчилар сони ортиб борди. Кечга яқин майдон барча иштирокчиларни сиғдира олмай қолгани учун одамлар атрофдаги кўчаларни ҳам тўлдирган.

Намойиш қатнашчилари Михаил Федоровни яна мудофаа вазири лавозимига қайтаришни талаб қилар экан, Украина Қуролли кучлари бош қўмондони Александр Сирскийни лавозимидан озод этиш ва унинг ўрнига генерал Михаил Драпатийни тайинлаш чақириқларини ҳам илгари сурди.

Акция давомида иштирокчилар турли шиорларни янгратди, Украина давлат мадҳияси, ватанпарварлик қўшиқлари ҳамда футбол мухлислари орасида машҳур бўлган қўшиқларни куйлади. Намойишда Украина, Европа Иттифоқи ҳамда Украина исёнчилар армияси байроқлари кўтарилди.

Федоровнинг лавозимдан озод этилиши Украина жамоатчилигида, айниқса ҳарбийлар орасида кенг муҳокамаларга сабаб бўлди. Иккинчи кунги акцияларда ҳарбий либосдаги хизматчилар ва Россия–Украина уруши қатнашчилари бўлган ветеранлар сони ҳам кўпайган.

DW мухбирининг сўзларига кўра, акция иштирокчиси бўлган ҳарбийлардан бири армияда қурол-яроғ ва дронлар тақсимотида адолатсизлик мавжудлигини айтган. Унинг фикрича, айрим бўлинмалар эҳтиёжидан ортиқ ресурсларга эга бўлса, бошқалари кўнгиллилар ёрдамига муҳтож бўлиб қолмоқда.

Намойиш қатнашчилари Михаил Федоровни сўнгги йиллардаги энг самарали мудофаа вазирларидан бири деб баҳолаб, армиядаги ислоҳотлар ва модернизация жараёнларини айнан у билан боғлашини таъкидлади.

Ташкилотчиларнинг маълум қилишича, талаблар бажарилмагунча норозилик акциялари кейинги кунларда ҳам давом эттирилиши режалаштирилган.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид