Жаҳон | 20:36 / 14.04.2023
10103
2 дақиқада ўқилади

Ўтган йили Эронда 600 га яқин одам қатл этилди 

Инсон ҳуқуқлари ташкилотлари 582 одам қатл этилганини маълум қилди. Бу ҳақда расмий маълумотлар йўқ. 

Фото: Christoph Hardt/Geisler-Fotopress/picture alliance

Ўтган йили Эронда камида 582 киши қатл этилган. Бу 2015 йилдан бери энг юқори кўрсаткичдир. Бу ҳақда «Эрон ҳуқуқлари» ва «Ўлим жазосига қарши биргаликда» инсон ҳуқуқлари ташкилотлари ҳисоботига таяниб Deutsche Welle хабар берди. 

Ҳуқуқ ҳимоячилари 333 та қатлни қайд этган 2021 йилга нисбатан ўсиш 75 фоизни ташкил қилди. 

Қатл этилганларнинг ярмидан кўпи гиёҳванд моддалар билан боғлиқ, 49 фоизи қотилликда айбланиб, ўлимга ҳукм қилинган. 

«Эрон ҳуқуқлари» ташкилоти раҳбари Маҳмуд Амирий-Муқаддам сўзларига кўра, Эронда қандай айбловлар бўлишидан қатъи назар, ҳар бир қатл сиёсий характерга эга. Ҳукумат одамлар орасида қўрқувни кучайтириш учун сиёсий бўлмаган айбловлар билан қатллар миқдорини оширади, деб тушунтирди ҳуқуқ ҳимоячиси. 

Ҳисоботни тузганлар ўлим жазосини эълон қилишда шаффофлик йўқлигини таъкидладилар: барча қатлларнинг 88 фоиздан ортиғи расман эълон қилинмаган. 

2022 йил Эронда ҳукуматга қарши оммавий намойишлар бўлиб ўтди. У 22 ёшли Маҳса Аминий вафотидан кейин бошланди. Полиция уни «ҳижобни нотўғри ўраганликда» айблаб, ҳибсга олган эди. Сўнгра қиз шифохонанинг жонлантириш бўлимида вафот этди. Норасмий хабарларга кўра, у полиция томонидан калтакланган. 

Эроннинг йирик шаҳарларида намойишлар декабрь ойигача давом этди. Ҳукуматга қарши ҳаракатларни бостириш пайтида юзлаб одамлар ҳалок бўлди, минглаб одамлар хавфсизлик кучлари томонидан ҳибсга олинди. Намойишларда қатнашгани учун камида тўрт киши қатл этилган, юздан ортиғи эса ўлим жазосини кутмоқда. 

Мавзуга оид