Россия Словянскни ўққа тутди: уйлар вайрон бўлди, ҳалок бўлганлар бор
Бу 2023 йил бошидан бери содир бўлган энг оммавий ўққа тутишлардан бири деб айтилмоқда.
Россия қўшинлари 14 апрель куни Украинанинг Словянск шаҳрини (Донецк вилояти) ўққа тутди ва бир неча уйни вайрон қилди. Бироз аввалроқ, россияликлар шаҳарга С-300 ракеталари билан ҳам зарба берган эди.
Украина президенти девони раҳбари Андрей Ермак сўзларига кўра, шаҳардаги 8-мактаб ҳудудида камида 7 та портлаш содир бўлган.
«Бир уй қисман вайрон бўлди. Иккисида ёнғин чиқди. Атрофдаги уйлар ҳам зарар кўрди», деди у.
Словянск маъмурияти раҳбари Вадим Лях ёзганидек, россияликлар С-300 ракеталари билан зарба берган. У бугунги зарбаларни 2023 йил бошидан бери содир бўлган энг оммавий ўққа тутишлардан бири деб атади.
«Бир вақтнинг ўзида шаҳарнинг турли қисмларига бир нечта зарбалар берилди. Кўп қаватли бинолар вайрон бўлди, мактабга зарар етди», деди Лях.
Вилоят маъмурияти раҳбари Павел Кириленко сўзларига кўра, бешта кўп қаватли уй, бешта хусусий уй, дўкон, хўжалик маркази, клуб, учта дорихона ва автомобиллар зарар кўрган.
Кўп қаватли уйлардан бирининг кириш қисми деярли бутунлай вайрон бўлган. У ерда олти киши ҳалок бўлгани, улардан бири ёш бола экани айтилмоқда.
«Бола вайрона остидан тириклайин олиб чиқилди, бироқ тез ёрдам машинасида вафот этди», деди Украина президенти девонининг алоқа бўйича маслаҳатчиси Даря Заривная.
Яна олти нафар маҳаллий аҳоли вайроналар остида қолган бўлиши мумкин. 15 киши турли даражада тан жароҳати олди. Ўққа тутилган ҳудудда портловчи моддалар бўйича мутахассислар, шифокорлар, қутқарувчилар ва полиция ишламоқда.
Украина президенти Владимир Зеленский воқеага изоҳ берар экан, «Терроризмнинг ҳар бир кўриниши учун адолатли жавобгарлик бўлади. Биз ўз еримизда Россиядан бирор асар қолдирмаймиз. Ва биз бирорта ҳам душманни жазосиз қолдирмаймиз», деб ёзди ижтимоий тармоқда.
Словянск шаҳри фронт чизиғидан 50-60 километр узоқликда жойлашган. Рус қўшинлари бу шаҳарни мунтазам равишда ўққа тутмоқда. Бахмут ва Северск тўлиқ ишғол қилинмагунча, улар Словянскка ҳужум қила олмайди.