Жаҳон | 21:11 / 14.04.2023
15991
2 дақиқада ўқилади

Россияга керакли мигрантлар сони ҳисоблаб чиқилди

Тадқиқотчилар Россия аҳолисининг ўсишини мигрантларсиз таъминлаш мумкин эмаслигини таъкидламоқда. 

Фото: Коммерсантъ

Россия Олий иқтисодиёт мактаби демографлари мамлакат учун зарур бўлган мигрантлар сонини ҳисоблаб чиқди. Экспертлар фикрига кўра, аҳоли сонини сақлаб қолиш учун Россияга йилига 390 мингдан 1,1 миллионгача мигрантни жалб қилиш керак. 

Тегишли тадқиқот Валерий Юмагузин ва Мария Винник томонидан «Новая экономическая ассоциация» журналида чоп этилган. Бу ҳақда Lenta.ru хабар берди. 

Олимларнинг таъкидлашича, туғилиш ва ўлимнинг турли сценарийларига қараб, 2021-2023 йилларда компенсацион миграциянинг йиллик ўсиш даражаси 460-1200 минг кишига тўғри келиши керак. 

Тадқиқотчилар Россия аҳолисининг ўсишини мигрантларсиз таъминлаш мумкин эмаслигини таъкидладилар. Энг қулай шароитларда, агар ҳар бир аёлга 2,5 бола тўғри келса, эркаклар ва аёлларнинг ўртача умр кўриш давомийлиги мос равишда 85,7 ва 90,5 ёшгача бўлса, мигрантларнинг барқарор оқимига бўлган эҳтиёж 2036 йилгача, аҳоли сони қисқариши эса 2026 йилгача давом этади. 

Салбий сценарийда ҳар бир аёлга 1,4 бола тўғри келиши (бу Италия, Испания ва Грециядан юқори) ва эркаклар билан аёлларнинг ўртача умр кўриши мос равишда 74,9 ва 83,6 ёшга қисқариши назарда тутилмоқда. 

Россия аҳолиси 2018 йилдан буён қисқариб бормоқда ва 2023 йил бошида 146,45 миллион кишини ташкил этди. Бу 2022 йил бошига нисбатан 0,5 миллион кишига кам. 

Мавзуга оид