Жаҳон | 21:36 / 14.04.2023
9875
2 дақиқада ўқилади

Тейшейрага Пентагон ҳужжатларини ошкор этганлик айблови эълон қилинди 

Адлия вазирлиги уни судгача ҳибсда сақлашни сўради. 

Фото: CNN

АҚШ Миллий ҳаво гвардияси аскари Жек Тейшейра миллий мудофаа маълумотларини рухсатсиз сақлаш ва узатиш, шунингдек, махфий маълумотлар ва ҳарбий ҳужжатларни изчил олиб қўйишда расман айбланди. Бу ҳақда CNN хабар берди. 

АҚШ Адлия вазирлиги айбланувчини судгача ҳибсда сақлашни сўради. Суд ушбу аризани 19 апрель куни кўриб чиқади. 

21 ёшли Тейшейра Пентагоннинг махфий ҳужжатлари интернетга сизиб чиққани бўйича судланмоқда. Тергов маълумотларига кўра, декабрь ойидан бошлаб у ҳужжатларни интернет тармоғига юклай бошлаган, уларнинг кўпчилиги 2022 йил декабрида «ўта махфий» деб белгиланган. 

Суд ҳужжатларига кўра, Федерал қидирув бюроси (ФҚБ) гумонланувчини аниқлаш учун Discord ижтимоий платформасининг тўлов маълумотларидан фойдаланган. Чунки, ҳужжатлар биринчи марта ошкор этилган Discord чатини айнан Тейшейра бошқарган. 

ФҚБ уни 13 апрель куни бир ҳафта давом этган терговдан сўнг ҳибсга олди. 

6 апрель куни The New York Times газетаси Пентагоннинг бир қатор махфий ҳужжатлари ижтимоий тармоқларда оммага тақдим этилгани, улар Украина армиясига тегишли эканини ёзди. Кейинроқ газета ижтимоий тармоқларда АҚШнинг «Украинадан Яқин Шарқ ва Хитойгача бўлган» сиёсатини акс эттирувчи махфий ҳужжатларнинг янги қисми пайдо бўлганини маълум қилди. Улар, жумладан, «Хитой, Ҳинд-Тинч океани, Яқин Шарқ ва терроризмга қарши кураш бўйича махфий брифинг слайдларини» ўз ичига олади. 

Пентагон ижтимоий тармоқларда тарқалиб кетган махфий материаллар манбасини аниқлаётгани ва тарқалиш кўламини баҳолаётгани, терговга Адлия вазирлиги ва Федерал қидирув бюроси қўшилгани ҳақида хабар берган эди. 

Мавзуга оид