Ўзбекистон | 13:09 / 15.04.2023
10751
3 дақиқада ўқилади

Афғонистон, МДҲ ва Марказий Осиё – Самарқандда вазирлар даражасида 3 та муҳим учрашув бўлиб ўтди

13-14-апрель кунлари Самарқанд шаҳрида Афғонистонга қўшни давлатлар вазирлари, Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги Ташқи ишлар вазирлари, Марказий Осиё давлатлари ва Россия ташқи сиёсат идоралар раҳбарларининг учрашувлари бўлиб ўтди.

Фото: ТИВ ахборот хизмати

13-апрель куни Самарқандда Ўзбекистон раислигида Афғонистонга қўшни давлатлар тўртинчи вазирлар учрашуви бўлиб ўтди. Тадбирда Ўзбекистон, Эрон, Покистон, Россия, Тожикистон, Туркманистон ва Хитой ташқи сиёсат идоралари раҳбарлари иштирок этди.

Тадбирда томонлар Афғонистондаги мавжуд вазият, Толибон томонидан жаҳон ҳамжамиятининг асосий талаблари – инклюзив ҳукумат яратиш, афғонистонлик аёлларнинг меҳнат ва таълим олиш имкониятини ҳамда миллий озчиликларнинг ҳуқуқларини таъминлаш каби талабларнинг бажарилиши муҳокама қилинган.

Шунингдек, Афғонистон халқига гуманитар ёрдам кўрсатиш ва мамлакат миллий иқтисодиётини тиклашга қаратилган биргаликдаги ҳаракатлар механизмини ишлаб чиқиш зарурлиги таъкидланди.

Халқаро терроризм, гиёҳванд моддалар ишлаб чиқариш ва уларнинг контрабандасига қарши курашда Афғонистонга қўшни давлатларнинг чора-тадбирларини кучайтириш муҳимлиги таъкидланди.

Марказий ва Жанубий Осиё ўртасидаги минтақавий ўзаро боғлиқликнинг асосий омили сифатида Афғонистон салоҳиятини рўёбга чиқаришга кўмаклашиш муҳимлиги қайд этилди.

Шу нуқтаи назардан, томонлар Афғонистон ҳудудида қўшни давлатлар иштирокида нафақат янги иш ўринлари яратиш, балки бу мамлакатнинг минтақавий иқтисодий жараёнларга янада фаол интеграциялашувга хизмат қилувчи инфратузилма ва ижтимоий-иқтисодий лойиҳаларни амалга ошириш тарафдори эканликларини билдирган.

Самарқандда, шунингдек 14-апрель куни Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги Ташқи ишлар вазирлари кенгашининг йиғилиши ҳам бўлиб ўтди.

МДҲга аъзо давлатлар ташқи ишлар вазирлари ҳамда МДҲ Бош котиби Сергей Лебедев иштирок этган учрашувда ташкилот доирасидаги кўп қиррали ҳамкорликни янада фаоллаштириш, долзарб минтақавий ва халқаро масалалар юзасидан фикр алмашилган.

«Ўзбекистон томони президенти Шавкат Мирзиёевнинг Ҳамдўстлик доирасида савдо-иқтисодий ҳамкорлик, саноат ва технологик кооперация, маданий-гуманитар алоқаларни ривожлантиришга қаратилган ташаббусларини амалга ошириш бўйича келгусидаги саъй-ҳаракатлар муҳимлигини таъкидлади. Рақамли трансформация, яшил иқтисодиёт, туризм ва ёшларни ривожлантириш бўйича янги қўшма лойиҳаларни амалга ошириш долзарблиги таъкидланди”дейилади Ўзбекистон ТИВ хабарида.

Йиғилишда МДҲга аъзо давлатларнинг кўп босқичли ташқи ишлар вазирликлари ўртасида Маслаҳатлашувлар режаси ҳамда 2022-йилда Ҳамдўстликка аъзо давлатлар ташқи ишлар вазирликлари ўртасидаги шерикликни кенгайтириш бўйича Ҳаракатлар дастури ижроси юзасидан ахборот эшитилди.

Ҳамдўстликка аъзо давлатлар Ҳукуматлар раҳбарлари кенгаши ва Давлат раҳбарлари кенгаши томонидан кўриб чиқиш учун киритиладиган ҳужжатлар, шу жумладан Самарқанд шаҳрини 2024-йилда Ҳамдўстликнинг Маданият пойтахти, Тошкент шаҳрини эса МДҲ Ёшлар пойтахти деб эълон қилиш бўйича ҳужжатлар лойиҳалари кўриб чиқилди ва тасдиқланди.

Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги Ташқи ишлар вазирлари кенгашининг навбатдаги йиғилишини 2023-йил октябрь ойида Бишкек шаҳрида (Қирғиз Республикаси) ўтказиш тўғрисида қарор қабул қилинди.

Бундан ташқари, 14-апрель куни Самарқандда Марказий Осиё давлатлари ва Россия ташқи ишлар вазирларининг олтинчи учрашуви ҳам бўлиб ўтган. Лекин Ўзбекистон ташқи ишлар вазирлиги ушбу учрашув тафсилотларини очиқламади.

Мавзуга оид