Жаҳон | 10:38 / 15.04.2023
7377
2 дақиқада ўқилади

Пентагон Украина бўйича махфий маълумотлар сизиб чиқишини текширяпти

АҚШ Мудофаа вазирлиги махфий маълумотлардан фойдаланиш тартибини қайта текширади, деди Пентагон раҳбари Ллойд Остин. У ходимларни ҳамкасбларининг шубҳали хатти-ҳаракатлари ҳақида хабар беришга чақирди.

Фото: CNN

АҚШ Мудофаа вазирлиги махфий ҳужжатларнинг интернетда чоп этилиши билан боғлиқ жанжал фонида махфий маълумотларга кириш тартибини яна бир бор текширади. Пентагон раҳбари Ллойд Остин 13 апрель, пайшанба куни кечқурун Вашингтонда: «мудофаа вазири сифатида мен мамлакатимиз сирларини ҳимоя қилиш учун зарур бўлган кейинги қадамларни қўйишдан тортинмайман», деди.

Остиннинг сўзларига кўра, у махфий маълумотларга кириш шартлари бўйича текширув ўтказишни буюрган, келажакда шунга ўхшаш ҳодисаларнинг олдини олиш учун назорат механизмлари текширилмоқда.

Ллойд Остин, шунингдек, АҚШ Мудофаа вазирлигининг хавфсизлик рухсатномаларига эга бўлган барча ходимлари қонуний ва маънавий жиҳатдан ушбу маълумотларни ҳимоя қилишлари ва шубҳали ҳаракатлар ҳақида раҳбарларга хабар беришлари шартлигини таъкидлади.

Бир неча ҳафтадан бери интернетда АҚШ маъмуриятининг гўёки махфий ҳужжатлари, жумладан, Россиянинг Украинага қарши урушига оид Пентагон ҳужжатлари тарқалмоқда. Америка оммавий ахборот воситалари биринчи бўлиб, ҳужжатларни ўзи эълон қилмасдан, сизиб чиқиш факти ҳақида хабар берди.

13 апрель куни Федерал тергов бюроси ушбу ҳужжатларни интернетга жойлаштиргани тахмин қилинаётган 21 ёшли америкалик ҳарбий хизматчини қўлга олди. Агар айблов эълон қилинса ва у айбдор деб топилса, узоқ муддатли қамоқ жазосига ҳукм қилинади.

Мавзуга оид