Жамият | 11:18 / 16.04.2023
37545
5 дақиқада ўқилади

“Ўзбекнинг асл табиатини асраб қолишимиз лозим” – Мурод Ражабов

Журналист Юлдуз Файзий YouTube каналида Ўзбекистон халқ артисти марҳум Мурод Ражабовга бағишланган “Уйга қайтиб…” кўрсатуви билан бўлишди. Кўрсатув бундан 5 йил олдин тасвирга олиниб, “Маданият ва маърифат” каналида эфирга узатилган. Kun.uz кўрсатувда Мурод Ражабов тилидан янграган иқтибосларни жамлади.

“Одамлар жуда меҳр-оқибатли эди”

Болалигимда 5-6 та уйнинг фарзанди эдим. Бир куни у уйда, бир кун бу уйда ётиб қолаверардим. Бизнинг уй ҳам жуда гавжум уй эди. Бувимнинг, онамнинг энг яхши кўргани одамлар эди, ҳар куни меҳмон бўларди уйимизда. Ўша давр одамлари жудаям меҳр-оқибатли бўлган экан, эсласам.

Телевизорлар биринчи чиққан пайтларда бизнинг уйда бўларди. Ўртоқларим билан, қўшни болалар билан кўриб ўтирардик, уй кинотеатр бўлиб кетарди. Кечқурун болалар ухлаб қолса, бувим устига бирор нарса ёпиб қўйиб, болалар тарқагач, онам, отам ёки бувимнинг ўзи уйғотмай, секин кўтариб уйига ташлаб келарди... Ҳар бир даврнинг ўз одамлари, нафаси бўлар экан.

“Умр оқар сув ўтиб кетаркан...”

Ёлғиз ўғил бўлганим учунми, бувим анҳорга чўмилишга боришимга рухсат бермасди. Шунинг учун сузишни ўрганолмаганман. «Ажойиб хаёлпараст» фильмида сув бўйида айтадиган монологдан кейин сувга ташлаш керак эди. Режиссёрга сузишни билмайман, деб айтганман. Кейин Ўткир ака деган директоримизни камерани орқа тарафдан олиб, сувга калла ташлаш саҳнасини олганмиз. Мен эса худди сув тагидан чиққандек бошимни чиқариб турганман. Кейин 30 ёшларимда ўрганганман сузишни. Умр қизиқ экан. Мана шу оқар сув ўтиб кетаркан, шу сувлар ҳаммасини олиб кетди...

Юздан ортиқ фильмларим премьераси Панорама кинотеатрида бўлган. Бу жой мен учун жуда қадрдон. 1975 йилдан бери фильмларим экранда. Премьера — киноижодкорлар учун бахт, ҳаётдаги энг қувончли кунлардан бири. Ҳар бир режиссёр, актёр бутун умр мана шу кун учун ишлайди. Касбим ортидан дунё кездим.

“Театр — мен учун муқаддас жой”

Чустдаги «Темир хотин» фильми олинган қишлоққа бордим яқинда. Қўчқорнинг ҳовлиси сифатида олинган ҳовлига кирар эканман, худди ўз уйимга боргандай бўлдим. Ўша пайтлар бир онахон бўларди, оламдан ўтиб кетибди. Жуда кўп нарсалар ўзгариб кетган экан, лекин барибир қадрдон. Ҳар бир фильм, ижро этилган рол ўз даврини акс эттиради.

Санъат институтини битирмасдан, учинчи курсда ўқиётганимда Аброр Ҳидоятов номидаги театрга ишга келганман. 1976 йилда Бахтиёр Ихтиёров театрга бадиий раҳбар бўлиб келганди. Бир йил ўтиб Ҳошим Арслонов, Матёқув Матжоновлар келган эди жамоага. 10 йил бирга ишлаб қадрдон бўлиб қолган у ердагилар. Лекин театрда қолиб кетган армонларим бор. Театр — мен учун муқаддас жой.

Биринчи энг катта ролларимдан бири «Биринчи бўса» спектаклида бўлган эди. Шу битта спектакл бутун умр мен учун мактаб бўлган. Битта монолог учун бир ҳафта ишлаганмиз. Ўша спектаклга Абдулла Ориповнинг «Биринчи муҳаббатим» шеърини киритганмиз. Спектакл шу шеър билан тугарди... Ҳамманинг кўзида ёш бўларди, бу — биз учун бахт.

“Замонларни улаб турган иплар узилди”

Болаларимга доим айтаман: «Одам қаерда бўлмасин, доим одам бўлиб қолиши керак. Унда виждон деган нарса бор. Шуни унутмаслик лозим!»

Шекспирнинг «Ҳамлет» асарида бир гап бор: «Замонларни улаб турган иплар узилди, ўша ипларни боғлаш — менинг вазифам». Бу гапларга бошида тушунмаганман. Кейин бир устозим тушунтириб берган.

Биздаги фазилатлар ота-боболардан ўтган. Биздаги фазилатлар эса фарзандларимизга ўтиши керак. Шунинг учун биз боболардан қолган ўзбекнинг асл табиатини асраб қолишимиз лозим.

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон халқ артисти, таниқли актёр, ўзбек кино хазинасидан жой олган бир қатор филмлардаги роллари билан томошабинлар меҳрини қозонган Мурод Ражабов 8 апрел куни узоқ давом этган касалликдан сўнг 74 ёшида вафот этди.

Kun.uz журналисти Мақсуда Абдуқаюмова санъаткорнинг вафотидан уч ой муқаддам ундан интервью олган, интервью давомида Мурод Ражабовнинг бугунги аҳволи, театр ва кинода ижро этган роллари, ижоддан кетиши сабаблари, “қора рўйхат”га тушиши ва келгуси режалари ҳақида сўз борганди.

Мавзуга оид