Жаҳон | 23:34 / 17.04.2023
8311
3 дақиқада ўқилади

НАТО мудофаа стратегиясини ўзгартиради – ОАВ 

Илгари альянс аъзо давлатлар ҳудудлари вақтинча босиб олинишига йўл қўярди, ҳозир эса йўқ. 

Фото: Vadim Ghirda / The Associated Press

Россиянинг Украинага кенг кўламли бостириб кириши туфайли Шимолий Атлантика альянси мудофаа концепциясини ўзгартиришга қарор қилди – энди НАТО ҳужумнинг биринчи куниданоқ ўз ерларининг «ҳар бир қаричини» ҳимоя қилишга ҳозирлик кўрмоқда, деб ёзди The New York Times. 

Газетанинг таъкидлашича, аввал НАТО стратегияси эҳтимолий рақибни тийиб туриш, қасос олиш билан таҳдид қилиш эди: альянс иттифоқчи кучлар ёрдамга келгунига қадар аъзо давлатлар ҳудудлари босиб олиниши мумкин, деб ҳисоблаган. 

Энди НАТО «тақиқлаш орқали тийиб туриш» стратегиясига ўтмоқда. Амалда, бу, бошқа нарсалар қатори, иттифоқнинг шарқий чегарасида қўшинлар сонининг кўпайишини англатади. 

Газетанинг ёзишича, альянс ўз ҳарбий иштирокини кўпроқ намойишкорона қилишни ҳам режалаштирмоқда. НАТО бош котибининг собиқ ёрдамчиси Камил Гранд сўзларига кўра, альянс энди Россия чегарасида қўшинларнинг ҳаддан ташқари кўп тўпланганидан Москвани хавотирга солмасликни муҳокама қилмаяпти – энди улар эҳтимолий ҳужумни қайтариш учун у ерга қанча қўшин жойлаштириш кераклигини муҳокама қилмоқда. 

Янги стратегия доирасида НАТО кучлари Европадаги АҚШ кучларига қўмондонлик қилаётган америкалик генерал Кристофер Каволи назоратига ўтади. Айнан унга АҚШ ва иттифоқчиларнинг ҳарбий режаларини бирлаштириш вазифаси юкланган. Энди альянсга аъзо давлатлар Совуқ урушдан кейин биринчи марта уруш содир бўлган тақдирда НАТО аниқ нима қилишини ва ўзлари нима қилиши кераклигини билиб олади. 

НАТО мудофаа концепциясини қайта кўриб чиқишни биринчи бўлиб Болтиқбўйи мамлакатлари талаб қилишди, чунки бу концепция ушбу мамлакатлар ҳудудини 180 кундан кейин озод қилиш шарти билан босиб олинишига имкон берган. Хусусан, Эстония бош вазири Кая Калласнинг айтишича, рус қўшинлари томонидан шундай узоқ вақт давомида ҳудуднинг босиб олиниши Болтиқбўйи давлатларидан исталганининг бутунлай йўқ қилинишига олиб келиши мумкин. 

Британия мудофаа вазири Бен Уоллес ҳам иттифоқ стратегиясини худди шундай баҳолади. Бошқа нарсалар қаторида, у НАТО ҳужум содир бўлган тақдирда Эстонияга танкларни юбориш учун 60 кун етарли бўлмаслигини айтди, чунки бу вақтга қадар «Эстония йўқ бўлиб кетади». 

Сардор Юсупов
Тайёрлаган Сардор Юсупов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид