19:30 / 18.04.2023
20358

Қозоғистоннинг собиқ президенти рафиқаси Назарбоева фамилиясидан воз кечди – ОАВ

82 ёшли Сора Назарбоева энди қизлик фамилиясига қайтгани айтилмоқда.

Фото: Arbat.media

Қозоғистоннинг собиқ президенти Нурсултон Назарбоевнинг рафиқаси Сора Назарбоева унинг фамилиясидан воз кечди, деб ёзди Арбат Медиа.

Нурсултон Назарбоев ва Сора Назарбоеванинг ажрашгани ҳақида расмий хабар берилмади, Нурсултон Назарбоев жамғармаси ва биринчи президент расмий сайтида Сора Алписовна ҳанузгача унинг рафиқаси экани ҳақида маълумот бор.

Бизнес реестрларга кўра, мамлакатнинг собиқ биринчи хоними «Назарбаева Сара Алписовна» номи билан якка тартибдаги тадбиркор сифатида рўйхатдан ўтган. Аммо унинг раҳбари Сора Алписқизи Қонақай саналади, бу унинг 1962 йилда Нурсултон Назарбоев билан турмуш қуришдан олдинги қизлик фамилияси.

Қайд этилишича, Назарбоевнинг рафиқаси 2005-2012 йиллар оралиғида фамилиясини ўзгартирган бўлиши мумкин. Чунки «Дочерняя компания Народного Банка Казахстана по страхованию жизни «Халык-Life» АЖ аффилланган шахслари рўйхатига 2012 йил 4 февралдан киритилган.

82 ёшли Сора Алписовнанинг Нурсултон Назарбоевдан уч фарзанди бор: 59 ёшли Дариға Назарбоева, 43 ёшли Алия Назарбоева ва 55 ёшли Динара Қулибаева.

Top