Kun.uz қишлоқ хўжалиги тармоқларида мавжуд муаммоларни ёритишда давом этади. Навбатдаги суҳбатимиз – газдан тўлиқ узилиши кутилаётган иссиқхоналар ҳақида. Суҳбатдошларимиз – Мева-сабзавотчилар миллий ассоциацияси раҳбари Абдураҳим Абдувалиев ва “Дормон Ниҳол Агро” корхонаси ҳаммуассиси Аҳроржон Асқаров.

Шокир Шарипов, журналист: Кўпчилигимизни қийнаётган ва қизиқтираётган савол: Помидор, бодринг, булғор қалампири нега қиммат бўлиб кетди?

Абдураҳим Абдувалиев, Мева-сабзавотчилар миллий ассоциацияси раҳбари: Биринчи сабаб бу – жуда кўп иссиқхоналар совуқдан чиқа олмади, катта йўқотишлар бўлди. Шунинг ҳисобига нархлар кўтарилди. Бошқа сабаблар ҳам бор, мисол учун иссиқхоналарни қуриш жараёнида кўплаб техник ҳисоб-китоблар нотўғри бўлган. Лекин энг катта сабаблардан бири – ёқилғи масаласи катта муаммо бўлди, иссиқхоналарда газ босими тушиб кетиши ҳисобига. Замонавий қозонлар бир хил босимда ишлайди.

Шокир Шарипов: Келинг, масалани иккига бўламиз: биз таъсир қилолмайдиган ва таъсир қилиниши мумкин бўлган жиҳатларга. Аномал совуққа биз таъсир қилолмаймиз.

Абдураҳим Абдувалиев: Кўп нарсани аномал совуққа тўнкаб қўйяпмиз. Аномал совуқ бу, масалан, бугун қуёш чиқиб иссиқ бўлиб турибди, аммо эрталаб турсангиз, 1,5 метр қор ёғган – бу аномал совуқ. Лекин совуқ бўлиши бизга энг ками бир ой олдин эълон қилинди. Вақт бор эди тайёргарлик кўриш учун.

Шокир Шарипов: Нега тайёргарлик кўра олмадик?

Абдураҳим Абдувалиев: Совуққа тайёр эмас эдик. Хусусан, техник билимимиз етмади. Ташқарида тахминан -10, -15 градус бўлса қанча кўмир ёқишни биламиз, лекин -25 даражага келганда... Бу ерда умуман бошқа ҳисоб-китоблар керак.

Шокир Шарипов: Умуман, иссиқхоначилик соҳаси Ўзбекистонда қанақа муаммоларга дуч келяпти?

Абдураҳим Абдувалиев: Жараённи бошидан олиб қарайдиган бўлсак, охирги олти йил ичида замонавий иссиқхоналар кириб келди. Аввал оддий парниклардан фойдаланиб келганмиз. Ҳозир тизими бошқача. Бошланишида иссиқхоначилар катта миқдорда кредитлар олди. 2016-2017 йилларда кредитлар олинган, кейинчалик доллар курси ўзгариши ҳисобига қарздорлик кўпайиб кетди. Иккинчидан, иссиқхоналар жуда тартибсиз қурилди. Ўзбекистон ўз иқлимига қараб зоналарга бўлинади. Бунга эътибор берилмади. Ҳаммасини бир хил қилиб қурдик.