Ўзбекистон | 10:06 / 19.04.2023
62098
12 дақиқада ўқилади

“Муштумзўрга тегишли жазо берилганда видео интернетга чиқмасди” – фаоллар Сурхондарёда дўппосланган ўқитувчи аёллар ҳақида

Сурхондарёда икки ўқитувчи аёлнинг эркак киши томонидан дўппосланиши жамоатчиликни жунбишга келтирди. Фаоллар 14 апрел куни содир бўлган воқеага расмийлар жараён акс этган видео интернетда тарқалганидан кейингина реакция билдиргани, унгача муштумзўрга нисбатан ҳеч қандай чора кўрилмаганини танқид қилишмоқда.

Видеодан кадр

Ўзи нима гап?

18 апрел куни интернетда Сурхондарёдаги мактабларнинг бирида 2 аёл ўқитувчи дўппослангани акс этган видео тарқалди. Кейинчалик ҳолат Узун туманидаги 31-мактабда содир бўлгани аниқланди.

Бош прокуратура аёлларга қўл кўтарган 34 яшар эркакнинг ўзи ҳам ўқитувчи экани, у қўлга олингани ва рўй берган ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 277-моддаси (Безорилик) билан жиноят иши қўзғатилганини маълум қилди. Қайд этилишича, ушбу воқеа 14 апрел куни содир бўлган.

Мактабгача ва мактаб таълими вазири Ҳилола Умаровага кўра, дўппосланган икки аёл ўқитувчи шифохонада даволанаётгани, рўй берган воқеани шахсан назорат қилиб турганини билдирди. Вазир устозлар орасида бир-бирига қўл кўтарилиши жуда ачинарли ҳолат деб атаган.

“Нажот фақат интернетдан бўлиб қолди”

Блогер Исроил Тиллабоев аёллар дўппослангани тасвирланган видео интернетда тарқалгандан кейингина муштумзўр қўлга олиниб, жиноят иши очилгани, нима учун бу ишлар илгарироқ қилинмаганига эътибор қаратган.

“Мени бир нарса ўйлантиряпти. 18 апрелда жиноий иш очилибди, воқеа эса 14 апрелда бўлган экан. Бош прокуратура яхшиям инсоф қилиб воқеа қачон бўлганини-ю, иш эса қачон очилганини айтиб ўтиб кетибди. Наҳот шу кунгача у ўқитувчиларнинг ўзлари ёки оила аъзолари участка нозирига ёки бошқа тегишли масъулларга арз қилмаган? Мен ишонмайман бунга, арз қилган деб ўйлайман.

Лекин балки анави муштумзўрнинг кучи ёки «илтимоси» билан бу иш очилмай қолган ва ёки кейинчалик ҳам очилмайдиган бўлгандирки, воқеа акс этган видеони охирги нажот сифатида интернетга жойлашмоқда. Шундан сўнггина муштумзўр қўлга олинди, жиноят иши очилди, иш назоратга олинди.

Савол туғилади-да, агарда видео интернетга чиқарилмаганда нима бўларди? Шундай жирканч иш жазосиз қолиб кетардими? Воқеа яхшиям камерага тушиб қолган, тасаввур қиляпсизми энди, агар шу вазиятда, 4 кундан буён босди-босди қилиниб турган ишда мана шундай кучли далил бўлмаганда нима бўларди? Бу ҳақда ўйлашга ҳам қўрқасан киши.

Агар қонунлар белгиланган тартибда ишлаганида, муштумзўрга тегишли жазо берилиб, жабрдийдалар ҳимоя қилинганда эди, видео интернетга чиқишигаям, жамоатчиликнинг жунбишга келишигаям ҳожат қолмасди.

Хуллас, тергов жараёнида маҳалла участкавойидан тортиб барча масъулларнинг ҳаракати (ҳаракатсизлиги) текширилиши керак. Улар адолатли бўлишмас, халқнинг ичига кириб ишламас экан, одамларнинг охирги нажоти яна интернет бўлиб қолаверади!” деб ёзади Исроил Тиллабоев.

 “Барчасига тарбия тизимимиз айбдор”

Таниқли диний уламо Мубашшир Аҳмад ҳам рўй берган воқеани қоралади.

“Сурхондарё мактабларидан бирида бир мол (бу сўзни қўштирноқ ичига олмадим) қилган қилмиши учун жавоб берсин! У эркак эмас, у ҳақиқий мол! Аёлларнинг ана шундай тарбиясиз моллар қўлида калтакланиши ва таҳқирланишини нафақат қоралайман, балки жазоланишини талаб қиламан. 

Жамиятимизнинг нозик қатламига нисбатан жиноятлар содир бўлишига қайсидир жинс вакиллари айбдор эмас. Балки аёлларни ҳурмат қилмайдиган ва уларни инсон ўрнида кўрмайдиган, жиноятчини танлаб жазолайдиган ва жазо муқаррар бўлмаган ҳамда муаммоларнинг сабаблари эмас, оқибатлари билан курашадиган тарбия тизимимиз айбдор! Ишонинг, жазонинг муқаррар бўлиши ва ҳаммага нисбатан жорий қилиниши ҳам тарбияга боғлиқ. Бошқа нарсага эмас”, деб ёзади Мубашшир Аҳмад.

“Зўравонликка мойиллик” даражасини аниқлаш устида бош қотиришни бошлаш керак”

Иқтисод фанлари доктори, профессор Барногул Санақулова Хотин қизлар қўмитасидан зўравон эркакнинг оиласидаги қиз-аёллар ҳолатини ҳам ўрганишни талаб қилган.

“Сурхондарёдаги ҳолат бўйича кўнглим тинч, негаки жамоатчилик бош кўтарди, жазоламай иложиси йўқ, мени бошқа бир нечта фактлар жудаям ташвишга соляпти.

1. Бу зўравон эркакнинг оиласидаги хотини, қизлари, опа-сингилларининг аҳволи қандай? Улар қандай аҳволда кун кўришяпти, зўравон қурбони бўлиб келмаяптимикин, чунки бу эркак нусха учун зўравонлик одатий нормал ҳаётий режимга айланганки, куппа-кундузи давлат мактабида, камералар ишлаб турганини кўриб билиб турса-да, бемалол зўравонлик қиляпти! Тасаввур қилинг, энди бу эркак нусха уйида, ёпиқ эшиклар ортида нималар қилишга қодир!

2. Сурхондарё вилоятидаги қиз-аёллар ҳолати қандай? Агар уларни давлат мактабида шунақа уриш мумкин бўлса ва бунга атроф-муҳит нормал қараб туриш ҳолатида бўлса, вилоят Хотин-қизлар қўмитаси фаолияти катта сўроқ остига олиниши керак! Хотин-қизлар қўмитаси ходимларидан бу зўравоннинг оиласидаги қиз-аёллар ҳолатини ҳам ўрганишни, назоратга олишини талаб қиламан!

3.Бу ҳодиса куппа-кундузи, иш вақтида таълим даргоҳида бўлаётгани ўта жиддий сигнал сифатида қабул қилиниши керак! Таълим вазири эса бу ҳолатни жиддий кейс сифатида ўрганиши, ўқитувчиларни ишга олиш жараёнида талабгорларнинг “зўравонликка мойиллик” даражасини аниқлаш масаласида ҳам буёғига ечим топиш устида бош қотиришни бошлаши керак, бу ҳолатда қуруқ баёнот билан чекланиш етарли эмас!

4.Шу туман ҳокимлиги эса зўравонликка қарши курашиш тарғиботини бошлаши керак зудлик билан, видеодаги бир нечта эркакнинг ўзини бемалол эркин тутиши,томоша қилиши бу туманда зўравонлик одатий ҳаётий жараён эканидан сигнал бераётган бўлиши ҳам мумкин!” деб ёзади профессор.

“Калтакланган аёл ўзини қандай ҳис қилади?”

Адлия вазирининг давлат тили масалалари бўйича маслаҳатчиси ва блогер Шаҳноза Соатова одамлар кўз ўнгида калтакланган аёл нималарни ҳис қилишини тасвирлаб берган.

“Бир марта мени ҳам уришган, ҳали мактабда ўқиб юрган ўсмирлигимда. Ўша пайтда туйганларимни ҳануз унутолмайман (Таъкидлаш жоиз, мени эрим ҳеч қачон урмаган).

Агар мана бу видеода акс этганидек жамоат ичида, одамлар кўз ўнгида ва қариндош бўлмаган, жисмонан кучлироқ одам томонидан калтакланса, аёл (ёки ожиз инсон) нималарни ҳис қилади?

Биринчи, шок бўлади. Кутилмаганда бўлди-да, ахир, урган отанг, аканг, эринг бўлмаса... (улар ўзи нимага уриши керак?) сени доим уриб юрган одам бўлмаса, келиб тўсатдан “тушириб” қолишини ўйламайсан ҳам.

Иккинчи, жисмоний оғриқ сезасан, лекин у кучли бўлмайди. Яъни ҳали бу оғриқни тўлиқ ҳис қилиш бўлмайди, шунчаки сигнал, лекин сен уни орқага ташлайсан, ҳозир бу муҳиммас.

Учинчи, алам бўлади. Ҳеч нима қилолмаслигинг, шу пайтда сени ҳеч ким ҳимоя қилолмаслиги, мана шу зўравон билан яккама-якка қолганинг ва энди бу фақат сенинг муаммонг эканини англаш. Бу – роса ёмон туйғу.

Тўртинчи, исён келади. Кучинг етиш-етмаслигини ўйламайсан, шунчаки, бу ҳолатга кўна олмайсан, нимадир қилгинг келади. Қўлингдан келганича қаршилик қиласан. Шунда кейинги муштлар ҳам тушиши мумкин. Лекин оғриқ алами биринчи мушт, туртки, шапалоқникидек бўлмайди.

Бешинчи, ақл уйғонади, тушунасанки, бари бефойда. Балки кимдир кўриб, камерага ёзилиб, жамоатчиликка ошкор бўлгани учун анави зўравонни вақтинча (15 суткага) қамашар ҳам. Жамоатчилик билмаса, шу ҳам йўқ. Лекин энди сенинг синган ғуруринг, оринг, инсонийлигинг тикланмайди. Буни тушунасан. Синасан.

Ҳар сафар мушт еган жойинг оғриганида шу аламни туясан. Кейин жисмоний оғриқлар битиб, унутилиб кетганда ҳам, хотирангга бир чандиқ тушади – бот-бот эсингга тушаверади ва алам қилаверади.

Олтинчи, атрофдагилар хулоса қилади, афсуски, бу жуда зарарли хулоса бўлади. Зўравонлар баттар қутуради, мазлумлар баттар синади. Жамият таназзули шундай давом этади.

Зулм бу – бир лаҳзалик акт эмас, бу акс садоси ва оқибати узоқ давом этадиган емирувчи жараёндир. Олдини олиш самаралироқ, оқибатлари билан курашиш қиммат ва қийин.

Сурхондарёдаги мактабда калтакланган аёллар билан ҳамдардман. Энди бу билан сиз, яқинларингиз бир умрга яшайсиз. Биз ҳам! Бошқа такрорланмаслиги учун нима қилиш керак бўлса, барини қилиш лозим.

Мана шундай жамиятда феминизм ҳақида гапирса, дод солманглар. Аёлларга жиддий ҳимоя керак. Агар аҳвол шундай давом этаверса, аёлнинг қадри баттар бўлади, у аёл сизнинг оилангиз аъзоси, яқинингиз бўлиши мумкин. Бизда феминизм аёлларнинг жисмоний ва руҳий хавфсизлигини сўрайди, чунки мана бундай таҳдидлар бор.

Ўқитувчини директор урса, ўқувчи урса, ота-она урса... Кейин жаҳолат қайдан келяпти, нимага бизнинг ўзбек нуқул хорижда кўча супуради, юқори малакали эмас деманглар-да, майлими? Бизнинг жаҳолат – жаҳли мураккаб!” деб ёзади Шаҳноза Соатова.

Аёлга қўл кўтарган “эркак” эркакмас!

Олий Мажлис собиқ депутати, табиат ресурслари вазири маслаҳатчиси Расул Кушербаев аёл кишига қўл кўтариш, дўппослашни ҳеч нима билан оқлаб бўлмаслигини таъкидлаган.

Айтишларича, Сурхондарё вилоятининг Узун тумани 31-умумий ўрта таълим мактабида номаълум эркак ўқитувчи аёлларни калтаклаган.

Мен бунақа заиф эркаклар бор жамиятда улар билан бир сафда яшаётганимдан уяламан. Ҳар не бўлганда ҳам аёл кишига қўл кўтариш, дўппослашни ҳеч нима билан оқлаб бўлмайди.

Ҳолатни прокуратура ўрганмоқда экан. Ишонаманки, кўринишидан “эркак”ларга кескин чоралар кўрилади”, дея таъкидлаган Расул Кушербаев.

“Феминизм эркакнинг инсон сифатидаги ҳуқуқини камайтиргани йўқ”

Канаданинг British Columbia университети ўқитувчиси, социолог Дилсора Комил (Фозилова) аёлга қарши зўравонликка қарши бўлган ҳар бир аёл ва ҳар бир эркак феминист бўлиши лозим деб ҳисоблайди.

“Феминизмни ижтимоий иллат сифатида тасвирлашга уринаётганлар феминизм эркак агрессиясига қарши аёл ўз ҳақ-ҳуқуқини талаб қила билиши учун муҳит яратиш эканини тушунмасликларига шубҳам йўқ. Феминизм аёлга сиёсий жараёнларда, сайловларда қатнашиш, университетларда ўқиш, судда ўзини репресентация қилиш, бир хил меҳнат учун бир хил маош талаб қилиш, жинсий тажовузга қарши курашиш, никоҳ бузилиши ҳолатларида оила бойлигининг ярмини талаб қилиш ва фарзандларини ўзига олиш ҳуқуқини берди. Аммо феминизм эркакнинг инсон сифатидаги ҳуқуқини камайтиргани йўқ.

Дунёдаги энг камбағал қатлам ёлғиз оналар эканини биласизми? Дунёда энг кўп зўравонлик қурбонлари ёш аёллар эканини-чи? Бизникига ўхшаган жамиятларда «Келинизм» иллати ёш қизларни овозсизлантиришини, қадрсизлантиришини, тинимсиз оиланинг ҳамма меҳнатини бўйнига қўйишини ва инсонлик даражасини тушириб юборишини кўпчилик яхши билади. Оилавий зўравонлик қурбони бўлаётган, аммо уйдаги гапни кўчага чиқармаслик учун жим яшашни танлаган опа-сингилларимиз қанча.

Феминизм бу – кураш йўли! Аёлга қарши зўравонликка қарши бўлган ҳар бир аёл ва ҳар бир эркак феминист бўлиши лозим! Эркак киши феминист бўлиши учун эса ҳақиқий эркак бўлиш керак! Чунки у онасини, хотинини, қизини ва жамиятда бошқа аёлларни ҳимоя қилишга тайёр эркак ҳисобланади! Жамиятда аёлга қарши зўравонлик қандай даражага чиққанини эса рад этолмайсиз! Феминизмга қарши тиш-тирноғи билан курашишнинг ўзиёқ эркак агрессиясидан бошқа нарса эмас!” деб ёзган Дилсора Комил.

Мавзуга оид