Ўзбекистон | 22:21 / 19.04.2023
12689
5 дақиқада ўқилади

Самарқанд учрашувлари: вазирлар нималарни гаплашди?

13-14 апрел кунлари Самарқандда кетма-кет учта бир-биридан алоҳида дипломатик форумлар – МДҲ анжумани, Марказий Осиё – Россия мулоқоти ва Афғонистонга қўшни давлатларнинг мажлиси бўлиб ўтди.

Биринчи учрашув – бу Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлигининг ташқи ишлар вазирлари кенгашининг йиғилиши эди. Маълумки, МДҲ доирасида жуда кўплаб ҳамкорлик ва мулоқот форматлари бор. МДҲ давлат раҳбарлари кенгаши, бош вазирлари кенгаши, ташқи ишлар вазирлари кенгаши ва ҳ.к.

МДҲ ташқи ишлари вазирларининг охирги кенгаш учрашуви ўтган 2022 йилнинг октябр ойида, қўшни Қозоғистон пойтахти Остонада бўлиб ўтган эди. МДҲ – бу собиқ СССРдан кейинги “тинч ажрашиш учун” тузилган ташкилотлардан бири ҳисобланади.

Самарқандга, МДҲ ташқи ишлар вазирлари кенгашида қатнашиш учун 9 давлат хорижий вазирлари тўпланишди, бу – Ўзбекистон, Арманистон, Беларус, Озарбойжон, Россия, Тожикистон, Туркманистон, Қирғизистон ва Қозоғистон.

Украина, Грузия ва Молдова ташқи ишлар вазирлари бу кенгашда иштирок этишмайди. Грузия расман МДҲдан чиқиб кетганига анча бўлди. Молдова ва Украина кўп йиллардан бери МДҲдан узоқлашмоқда.

Иккинчи форум – бу Марказий Осиё ва Россия Федерацияси ташқи ишлар вазирларининг мулоқот йиғилиши бўлди.

Кейинги, учинчи муҳим учрашув – бу Афғонистонга қўшни бўлган давлатлар Ташқи ишлари вазирларининг йиғилиши. Самарқандда Афғонистон қўшниларининг 4-учрашуви бўлиб ўтди.

Бу формат 2021 йил сентябрь ойидан буён мавжуд. Унинг иштирокчилари – Россия Федерацияси, Хитой Халқ Республикаси, Эрон Ислом Республикаси, Покистон, Тожикистон, Туркманистон ва Ўзбекистондир.

Афғонистон бўйича учрашувдан сўнг ташқи ишлар вазирлари баёнот ҳам тарқатишган. Баёнотда Афғонистондаги мураккаб вазият АҚШ зиммасига юклатилган. АҚШ ва унинг НАТО доирасидаги иттифоқчиларининг Афғонистонда 2001-21 йилларда олиб борган ҳарбий операцияси “муваффақиятсиз эксперимент” деб аталган.

Самарқанддаги ушбу учрашувлар, дунё геосиёсатида юз бераётган катта воқеалар ва ўзгаришлар фонида кечмоқда. Россия-Украина уруши, расмий Москванинг глобал вазиятини анча мураккаблаштирди. Россияга қарши ғарб санкциялари Москвани шарққа ва жанубга юзланишга мажбур қилди.

АҚШ ва Хитой ўртасидаги зиддиятлар ҳам кучайиб, чигаллашиб бормоқда. Хитой, Россия ва Эрон – бу учала давлат ҳам Самарқанддаги учрашувларда қатнашди, улар – АҚШнинг энг кўзга кўринган оппонентлари ёки душманлари. Дунё иқтисодиётида доллардан воз кечиш жараёни тезлашди. Бу жараёнга ҳаттоки Саудия ва унинг араб иттифоқчилари, Франция, Бразилия ва бошқа давлатлар ҳам қўшилмоқда.

Афғонистон борасида, унинг қўшни давлатлари босқичма-босқич “Толибон” ҳокимиятини тан олиш бўйича реал қадамлар ташлаш ниятида. Самарқанд учрашувларида, Афғонистондаги ижтимоий вазият издан чиқмаслиги, иқтисодий таранглик қайтадан беқарорликка олиб келмаслиги кўп такрорланди.

Ўзбекистоннинг Афғонистон атрофидаги манфаатлари жуда муҳим. Бу хавфсизликдан бошланиб, иқтисодий алоқалар, транспорт ва геосиёсий муносабатларгача бориб тақалади. Дунё ҳамжамияти “Толибон” ҳокимиятини расман тан олгани йўқ. “Толибон” ҳукуматига, маълум талаблар қўйилган. Булар, инклюзив (кўп миллатли) ҳукумат шакллантириш, аёл-қизлар ҳақ-ҳуқуқлари таъминланиши шарт қилиб қўйилган, қолаверса, собиқ ҳукумат вакилларини ҳам қамраб олиш тавсия берилган эди. Бироқ, “Толибон” режими бу борада ҳозирча сезиларли қадамлар ташлагани кузатилмайди.

Афғонистонда инклюзив ҳукумат шаклланиши – ушбу давлатдаги барқарорлик мустаҳкамланишига, жумладан, шимолий вилоятларда яшовчи беш-олти миллион атрофидаги этник ўзбекларга ҳам маълум ҳуқуқ ва имкониятлар берилишини кафолатлар эди.

Афғонистонда Амударёдан сув олувчи Қўштепа каналининг қурилиши, Ўзбекистоннинг “Толибон” ҳукумати билан муносабатларини таранглаштиради. Ўзбекистон ҳар йили сув танқислигидан қаттиқ азият чекади. Энди, Афғонистоннинг янги канали орқали, Амударё сувининг тахминан 25-30 фоизгача суви тортиб олиниши, Ўзбекистоннинг ғарбий ҳудудларидаги сув танқислигини янада оширади. Демак, Амударё сув масаласи ҳам, энди икки томонлама мулоқотларнинг оғир мавзусига айланиб боради.

Марказий Осиё–Россия ташқи ишлар вазирлари мулоқотида, Москванинг мақсади аниқ: минтақани Россия орбитасида ушлаб туриш, ғарбга ёки Хитойга оғишувга имкон бермаслик, ғарб санкцияларини айланиб ўтувчи ҳудуд ролини юклаш ва ошириб бориш...

Айни пайтда, Марказий Осиё, бир томондан иқтисодий ҳамкорликни Россия ва Хитой билан ривожлантириш, лекин геосиёсий жиҳатдан бу давлатларнинг тўлиқ измига тушиб қолмаслик каби мураккаб вазифаларни ўз олдига қўйишлари аниқ.

Мавзуга оид