Иқтисодиёт | 13:37 / 20.04.2023
70821
4 дақиқада ўқилади

Дедолларизация бошланган. Бу ортга қайтмас жараёнми?

Хитой, Россия, Эрон, Ҳиндистон, Саудия Арабистони ва Бразилия долларга “ўлим зарбаси”ни бера оладими?

Долларнинг халқаро гегемон мақомини йўқотиш хавфи – сўнгги пайтларда халқаро экспертлар томонидан кенг масштабда, энг кўп муҳокама қилинаётган масалалардан бири.

Албатта, долларнинг келажаги ҳақидаги саволлар ўз-ўзидан пайдо бўлмади. Ғарб санкцияларига дучор бўлган мамлакатлар ўзларининг миллий валюталарида савдо қилишнинг янги механизмларини ишлаб чиқа бошлади.

Хитой сўнгги геосиёсий ўзгаришлар фонида Эрон, Ҳиндистон, Саудия Арабистони ва Россия билан ўзаро ҳисоб-китобларда миллий валюталардан фойдаланишни назарда тутувчи савдо битимларини имзолади. Расмий Теҳрон ва Ар-Риёд ўртасидаги алоқалар нормаллаша бошлади. Бундан ташқари, “Saudi Aramco” компанияси ва Хитой ўртасидаги кўп миллиард долларлик шартнома имзоланганидан кейин Саудия Арабистони ҳукумати ШҲТга киришни маъқуллади.

Америкалик стратег Збигнев Бжезински “Буюк шахмат тахтаси” асарида Вашингтоннинг бир қутбли гегемонлиги учун "энг хавфли сценарий" сифатида Хитой, Россия ва Эроннинг ўзаро бир иттифоқда бўлишини келтириб ўтганди. Сўнгги йилларда АҚШнинг мазкур уч давлатга нисбатан санкциялари ва тажовузкор сиёсати Россия, Хитой ва Эрон коалициясининг пайдо бўлишини рағбатлантиряпти.

Шунингдек, Жанубий Американинг икки йирик давлати: Бразилия ва Аргентина ягона валюта яратиш режаларини эълон қилди. Янги валюта ушбу мамлакатлар миллий валюталарини алмаштирмайди ва улар билан параллель равишда қўлланади. Ушбу қарор савдо ва молиявий муносабатларда долларга қарамликни сусайтириш имконини берувчи қадам сифатида эътироф этилди.

Географик жиҳатдан бир-бирига яқин жойлашган ва стратегик ресурсларнинг асосий экспортчиси ҳисобланувчи мамлакатларнинг ўзаро савдода миллий валюталарга ўтиши интеграция жараёнларини кучайтиради ва минтақавий савдода доллардан воз кечишни қўллаб-қувватлайди.

АҚШ доллари жаҳон бозорида ҳали ҳам катта ролга эга, лекин сўнгги 20 йил ичида унинг ҳукмронлиги пасайди. Хусусан, Халқаро валюта жамғармасининг 2022 йилдаги ҳисоботига кўра, марказий банклар томонидан АҚШ долларида сақланаётган захираларнинг улуши аср бошидан буён 12 фоизга камайиб, 1999 йилдаги 71 фоиздан 2021 йилда 59 фоизга қисқарган. Шундай бўлса-да, доллар қолган валюталарга нисбатан юқори даражадаги доминантликни ушлаб турибди.

Агар доллар халқаро молия тизимидаги етакчилигини йўқотса, унинг ўрнини бошқа валюта эгаллаши мумкинми? Ҳозирда жаҳон бозори Европадан Осиёга томон кўчмоқда. Бу ҳудуддаги мамлакатлар катта қисмининг ташқи савдо айланмасида Хитой етакчилик қилади. Бундан ташқари, дунёнинг глобал кучга эга компаниялари ва ишлаб чиқарувчилари учун ҳам маҳсулот сотишда Хитой энг катта бозор ҳисобланади. Бу эса расмий Пекиннинг доллар устунлик қиладиган халқаро тўловлар инфратузилмасига муқобил вариантлар ишлаб чиқишга туртки беради. Бироқ мамлакатдаги кучли капитал назорати ва ёпиқ ишлаш тизими юаннинг долларга рақобатбардош валютага айланишига тўсқинлик қилади. Шунингдек, юань ҳалигача тўлиқ эркин конвертацияланадиган валютага айлана олгани йўқ.

Евро доллардан кейинги энг йирик миқдорда сақланадиган захира валютасидир, аммо унинг қиймати евроҳудуддаги инқирозли ҳолат туфайли ноаниқликларни юзага келтирди. Бундан ташқари, глобал мақомга даъво қилиши тахмин қилинган криптовалюталар қиймати жуда ўзгарувчан ва беқарор бўлгани сабабли уларга нисбатан ишонч ҳам кескин пасайиб кетди.

Умуман олганда, доллар ўзининг доминант мавқейини абадий сақлаб қола олмайди, чунки унинг турли мамлакатлар валюта захираларидаги улуши бошқа валюталар фойдасига сезиларли даражада камаймоқда. Бошқа томондан, евро, юань ва ривожланаётган бозор валюталари, масалан, ҳинд рупияси ва бразил реалининг халқаро ҳисоб-китоблардаги улушлари сезиларли даражада ошди.

Бошқача айтганда, доллар ҳукмронлиги тугайди ва кўп қутбли валюта тизимига ўтиш бошланади. Бироқ халқаро молия бозорларидаги барқарорликни сақлаб қолиш истаги туфайли бу жараён тез кечмайди ва бир неча ўн йилларга чўзилиши мумкин.

Достон Аҳроров

Мавзуга оид