Қирғизистонда Ўзбекистон билан қўшма автомобиль заводи тўғрисидаги қонун имзоланди
Заводда 19 турдаги Chevrolet, Daewoo ва Isuzu автомобиллари ишлаб чиқарилади.
Қирғизистон президенти Садир Жапаров «Қирғизистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси билан Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати ўртасида 27 январь куни имзоланган Қирғизистон Республикасида автомобиль ва тижорат автомобиллари ишлаб чиқаришни ташкил этиш бўйича ҳамкорлик тўғрисида»ги Битимни ратификация қилиш ҳақида»ги қонунни имзолади.
Қонун Жогорку Кенеш томонидан 2023 йилнинг 15 мартида қабул қилинган.
«Ушбу келишувнинг ратификация қилиниши Қирғизистон Республикаси ҳудудида енгил ва тижорат автомобилларини йиғиш, ишлаб чиқаришни ташкил этиш бўйича инвестиция лойиҳасини амалга ошириш имконини беради», дейилади хабарда.
Таъкидланишича, лойиҳанинг Қирғизистонда амалга оширилиши «мамлакат автомобилсозлик саноатини ривожлантиришга туртки беради, саноатнинг ялпи ички маҳсулотдаги улушини оширади, автопаркни янгилайди, 2 мингдан ортиқ янги иш ўринларини яратади, мос равишда мамлакат иқтисодиётининг ривожланиш динамикасига ижобий таъсир кўрсатади».
Қирғизистон — Ўзбекистон автомобиль заводи лойиҳаси уч босқичда амалга оширилиши режалаштирилган:
- 1-босқич – 500 та янги иш ўрни яратилади, 10 мингтагача автомобиль SKD (йирик қисмли) усулида йиғилади;
- 2-босқич – 20 минг дона автомобиль ишлаб чиқарилганидан кейин 4-5 йил давомида 1 мингта янги иш ўрни яратилган ҳолда автомобиль бутловчи қисмлари ишлаб чиқарилади;
- 3-босқич - олтинчи йилдан бошлаб CKD (майда қисмли) усулда йиғиш ташкил этилади, 2 мингта янги иш ўрни яратилади, 30 минг дона автомобиль ишлаб чиқарилади.
Заводда 19 турдаги Chevrolet, Daewoo ва Isuzu автомобиллари ишлаб чиқарилади. Автомобиллар нархи 13 минг доллардан, юк машиналари эса 28 минг доллардан бошланади.
Завод Чуй вилояти, Оқ-Сув қишлоғида (Бишкекдан 50 км узоқликда) қурилади.
Лойиҳа Ўзбекистондан – «Ўзавтосаноат» АЖ, Қирғизистондан – «ДТ техника» МЧЖ ва «Нур» АЖ томонидан амалга оширилади. Жами сармоя ҳажми 50 миллион долларни ташкил этади.
Мавзуга оид
17:52 / 04.12.2024
Тожикистон ва Қирғизистон умумий давлат чегарасини делимитация қилишни якунлади
11:30 / 02.12.2024
Қирғизистонлик сайёҳларнинг Ўзбекистонда қолиш муддатини узайтириш бўйича музокара ўтказилди
12:17 / 29.11.2024
Қирғизистон Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси бўлимида ходимлар учун намозхона очилди
16:33 / 25.11.2024