Жаҳон | 08:48 / 20.04.2023
6155
2 дақиқада ўқилади

Швейцария россияликларнинг активларини музлатиш гуруҳига кирмайди

Украинада уруш бошланганидан бери Швейцария Россиянинг 7,5 миллиард франк қийматидаги активларини музлатиб қўйди. Бироқ, Берн Россиянинг хусусий мулкларини мусодара қилишдан бош тортяпти, чунки бу мавжуд ҳуқуқий тартибни бузади.

Фото: EPA

Швейцария ҳозирда Россия фуқароларининг активларини музлатиш бўйича халқаро REPO (Russian Elites, Proxies and Oligarchs) ишчи гуруҳига қўшилиш ниятида эмас. Бу ҳақда 19 апрель, чоршанба куни мамлакат Иқтисодиёт, таълим ва фан федерал бошқармаси маълум қилди. Бироқ, Берн келажакда ушбу гуруҳ ишида иштирок этиши мумкинлигини тан олди.

«Швейцария REPO ишчи гуруҳига расман қўшилиш заруриятини кўрмаяпти. Агар келажакдаги аъзолик Швейцария манфаатларига мос келадиган бўлса, Федерал кенгаш вазиятни қайта кўриб чиқиши мумкин», — дейилади баёнотда.

Украинага бўлган тажовуз муносабати билан санкциялар остида қолган россияликларнинг активларини қидириш ва музлатиш бўйича REPO ишчи гуруҳи 2022 йил март ойида АҚШ ва Европа Иттифоқи мамлакатлари томонидан тузилган, кейинчалик унга G7 барча аъзо давлатлари кирди.

2023 йил апрель ойи ўрталарида G7 Швейцарияга Россиянинг санкцияланган активларини блоклаш бўйича фаолиятини танқид қилиб, мактуб йўллади. G7 мактубида Швейцариянинг санкцияларни амалга оширишга қаратилган саъй-ҳаракатларини таъкидлади, аммо уларни четлаб ўтишга қарши курашда қатъийроқ сиёсат зарурлигини билдирди.

Мавзуга оид