«Сити»га ҳатто «Бавария» рақобат қилолмаяпти. Пеп энди ЕЧЛни оладими?
Мюнхенликлар жамоаси «шаҳарликлар»га қарши уй учрашувида дурангга эришди (1:1), аммо икки ўйин натижасига кўра турнирни тарк этди. «Манчестер Сити»ни эса яримфиналда «Реал» кутмоқда.
ЕЧЛ. 1/4 финал. 19 апрел
Жавоб ўйинлари
Бавария — Манчестер Сити 1:1
Голлар: Киммиҳ (83, пеналти) — Ҳоланд (57).
Аниқ ижро этилмаган пеналти: Ҳоланд (38).
Бавария – Зоммер, Павар (Станишич, 77), Упамекано, де Лигт, Канселу (Дэвис, 63), Горетцка, Киммих, Коман, Сане (Мане, 64), Мусиала (Мюллер, 72), Шупо-Мотинг (Тель, 71).
Манчестер Сити – Эдерсон, Аке (Лапорт, 67), Диаш, Аканжи, Стоунз, Гундўған, де Брюйне (Уокер, 88), Грилиш, Силва, Родри, Ҳоланд (Алварес, 84).
Огоҳлантиришлар: Канселу (11), Упамекано (35), Эдерсон (44), Гундўған (45), Киммиҳ (45), Аке (54), Павар (60), Лапорт (86), Станишич (88).
Биринчи ўйин — 0:3.
Пеп Гвардиоланинг Чемпионлар лигаси чоракфинали билан муносабатлари алоҳида тарих. Биринчидан, ушбу каталониялик мутахассис «Манчестер Сити»даги дастлабки тўрт мавсумида бу босқичдан ўта олмаган. Иккинчидан, жамоанинг ўша ўйинлар учун ўйлаб топилган тактикалари тўғрисидаги мемлар интернетни тўлдирган. Бошқа томондан, ўша даврда «Сити» мураббийнинг айёр ғояларига мослаша олмайдиган ҳолатда эди ва шунинг учун турнирни эрта тарк этарди.
Сўнгги мавсумларда эса Гвардиола ишлаб турган тизимни бузиб қўймасликни ўрганди ва унинг учун чоракфинал тавқи лаънати ғойиб бўлди. Аммо «Сити» ҳамон тактика ва таркиб нуқтайи назаридан олдиндан тахмин қилиш қийин бўлган клуб бўлиб қолаётганди.
Аммо Пеп ҳайрон қолдиришни ва ўзгаришни билади. Мюнхендаги учрашувга у нимчоракфиналда «Лейпциг»га қарши ва чоракфиналнинг биринчи ўйинида «Бавария»га қарши ўйнаган таркибни туширди. Еврокубокда кетма-кет уч ўйинда «МС»нинг бошланғич таркиби бир хил бўлиши — Гвардиола учун бу нонсенс.
Упамеканонинг бекор қилинган четлатилиши
Бундай танловни натижа билан изоҳлаш мумкин — «Сити» ЕЧЛнинг охирги икки ўйинида умумий 10:0 ҳисобида ғалаба қозонганди. «Бавария»дан эса ўзгариш талаб этиларди ва Томас Тухел буни амалга оширди. Манчестерда кучсизроқ кўринган Гнабри ўрнига олдинги чизиқда Шупо-Мотинг пайдо бўлди, Дэвиснинг ўрнини — Жоау Канселу эгаллади. Мураббий биринчи ўйиндан кейин Саненинг лабини ёриб юборган ва жамоа билан ишлашдан вақтинча четлатилган Манени ҳам кечирди.
Аммо асосий ўзгариш кайфият билан боғлиқ эди. «Бавария» «Этиҳад»да ҳам майдонга максимал даражада иштиёқ билан тушганига шубҳа йўқ, аммо «Альянц Арена»да мўъжизадан умидвор бўлган минглаб томошабинларнинг овозлари уларга қўшимча куч бериши аниқ эди.
Ўйиннинг дастлабки чорак соати деярли хавфли вазиятларсиз кечди, аммо кейин мезбонлар «қўшишди» — Сане икки бор дарвоза сари яхши зарбалар йўллади, ўнг қанотда эса Коман мунтазам равишда Акени босим остида ушлаб турди. Аммо мюнхенликларнинг ҳужумларини арбитр Клеман Тюрпеннинг қарори бузиб қўйди — 18-дақиқада у яккама-якка вазиятга чиқиб бораётган Ҳоландни тўхтатгани учун Упамеканога қизил карточка беришга шошилди, аммо бунда у норвегиялик футболчи офсайд ҳолатида эканини ҳисобга олмади. Натижада ҳакам четлатишни бекор қилди, лекин унинг биринчи қароридан норозилигини кескин ифодалаган Тухелга огоҳлантириш берди. Умуман шу куни ўйиндаги сариқ карточкалар аномал даражада бўлиб кетди ва бу реферининг айби эди.
Ҳоланднинг пеналтидан адашиши
«Бавария» биринчи бўлимни яхши ўтказди. «Сити»да оғриқли нуқталар деярли йўқ, аммо қизиллар бундай нуқталарни излаб топишга уринди. Ва топди дейиш ҳам мумкин, хусусан, танаффус арафасида Шупо-Мотинг Коман билан бирга жуда қулай имкониятни йўққа чиқарди. Аммо меҳмонлар туриб беришди.
Flying saves from Ederson and Onana 🧤#UCLsaves || @TurkishAirlines pic.twitter.com/TuMoWRoJD7
— UEFA Champions League (@ChampionsLeague) April 19, 2023
«Сити» биринчи бўлимда одатдагидан ёмонроқ кўринди. «Шаҳарликлар»га дарвоза соҳасига аниқ борган зарбалар етишмади, амалда жуда кам зарба берилди. Ҳоланд эса ҳатто пенальтини тўсин устидан ўтказиб тепди, ҳолбуки у икки йил мобайнида «нуқта»дан адашмаганди.
Зоммер фақат 55-дақиқага келиб ўйинга жиддий киришиши талаб этилди, бу эпизодда Ҳоланднинг зарбаси унинг ўзига тўғри борди, бунинг ортидан Эдерсон жамоани қутқарди — Коман яна бир бор қанотда Акени ортда қолдирди ва узоқ бурчак сари хавфли зарба йўллади. Бразилиялик посбон ўзини кўрсатди. Ва бу билан у ўз жамоасининг голли ҳужумини бошлаб берди.
Шафқатсиз норвегиялик
Ҳоланд — ҳайратланарли футболчи: бу йигит ўзининг деярли барча голларини бир хил услубда уради, аммо рақиблар уни барибир тўхтата олмайди. Бу ўйиндаги голли эпизодда ҳам у рўпарадан ёриб киришга асосланган одатий трюкини амалга оширди, аммо Упамекано негадир жуда ишончсиз ўйнаб, тойиб кетди ва форвардни олдинга ўтказиб юборди. Эрлинг ҳисобни очди ва «Бавария»нинг яримфинал учун умидларини кўмиб қўйди.
Бу эпизод немисларнинг иштиёқини сезиларли даражада сўндирди. Ўйин суръати пасайди, алоҳида футболчилар ҳеч бўлмаганда битта жавоб голи учун умидсиз уринишларни амалга ошира бошлади. Вазиятлар бўлди: ўйин охирларида видеотакрордан кейин Тюрпен Аканжи ўз жамоаси жарима майдонида тўпни қўли билан ўйнаган деб топди ва Киммиҳ пенальтини аниқ ижро этди. Ўйинга қўшиб берилган вақтда Мане яхши имкониятдан фойдалана олмади ва жамоа мухлислар учун юпанч бўладиган ғалабага эриша олмади.
«Манчестер Сити» ҳақли равишда кейинги босқичга йўл олди, «Бавария» эса Европада улардан анча кучлироқ жамоа ҳам борлигини тан олишга мажбур. Тухелни олдинда ҳали анча иш кутмоқда.
Икки қиёфали «Интер» «Бенфика» тўсиғидан ўтди. Яримфиналда Милан дербиси бўлади
Интер — Бенфика 3:3
Голлар: Барелла (14), Мартинес (65), Корреа (78) — Эурснес (38), А.Силва (86), Муса (90+5).
Интер – Онана, Думфрис, Дармиан, Ачерби, Бастони (Д`Амброзио, 80), Димарко (Гозенс, 80), Мхитарян, Брозович, Барелла (Чалхонўғли, 76), Жеко (Лукаку, 76), Мартинес (Корреа, 76).
Бенфика – Влаходимос, Жилберто (Нерес, 46), Отаменди, Антониу Силва, Гримальдо, Жоау Мариу (Скьеллеруп, 89), Рафа Силва (Невеш, 80), Эурснес, Шикинью (Муса, 80), Флорентину, Рамуш (Гедеш, 74).
Огоҳлантиришлар: Р.Силва (49), Муса (81), Нерес (90+5).
Биринчи ўйин — 2:0.
«Бенфика»га қарши голларга бой дурангдан кейин Миланнинг иккинчи жамоаси ҳам асосий еврокубок яримфиналига йўл олди.
Ёки баҳор — қайси турнир устуворлиги белгилаб олинадиган вақт, ёки ҳозирги «Интер» — икки қиёфали жамоа. А серияда «нерадзурри» шунгача етиб келдики, шармандали антирекорд ўрнатиб, кучли тўртликни тарк этди. Жамоа қаторасига уч ўйинида бирорта гол урмасдан мағлуб бўлди — бу кичик фалокат.
Ва фақат Чемпионлар лигаси Симоне Индзаги жамоасини қутқариб қолмоқда. Бу турнирда «нерадзурри» идеал плей-офф ўтказмоқда ва уч ўйинда дарвозаси дахлсизлигини сақлаб қолди. Гап рақиблар шунчаки португал клублари эканида эмас. Плей-офф стартида таслим этилган «Порту» «Атлетико» бор гуруҳдан чиққан, «Бенфика» эса «ПСЖ»ни гуруҳда иккинчи ўринда қолдириб, «Ювентус»ни Европа Лигасига жўнатган эди.
Тўғри, айнан еврокубоклар чоракфинали бошланишига «бургутлар» жамоасининг яхши ишлаб турган механизмида муаммолар пайдо бўлди. Лиссабонликлар барча турнирлар қўшиб ҳисобланганда қаторасига уч бор мағлубиятга учради, натижада миллий чемпионатда «Порту» билан орадаги фарқ 10 дан 4 тагача қисқарди. Рогер Шмидт эса сўнгги вақтларда футболчилар жамоа ҳақида эмас, кўпроқ ўзи ҳақида қайғураётганини айтиб чиқди. Шу билан бирга немис мутахассис ўйиндан олдин шундай деди: «Ҳамиша ўз жамоамга ишонаман — иложсиз ишнинг ўзи йўқ».
«Бенфика» яримфиналга йўл олиши учун талаб этиладиган мўъжиза рецепти — сифатида тезкор гол урилишини айтишаётганди, аммо бу аксинча, мезбонларда ўхшади. Ҳам кучли ҳужум — ҳам чиройли якун. Ҳужумнинг биринчи қисмига майдон марказида рақиб футболчиларини ожиз қолдирган Жеко масъул эди, Лаутаро Мартинес эса комбинацияни мустаҳкамловчи цемент вазифасини бажарди, голли ҳужумни эса Барелла безаб берди. У тўпни чапга олиш билан бирданига икки футболчини йўлдан олди, тўпни олис бурчак сари айлантириб йўллади.
Бир томондан, бу Миландаги ўйин томошабоплигини йўққа чиқариши мумкин эди. Аммо энди йўқотадиган нарсаси йўқлигини англаб етган «Бенфика» томошабинлар зерикиб қолмаслиги учун барча ишни қилишди. Гримальдонинг жарима зарбасидан йўллаган кучли зарбасини Онана бир амаллаб қайтарганди, аммо кўп ўтмай ҳимоячилар дарвозабонни ноқулай аҳволга солиб қўйишди. Дюмфрис ҳимоядаги жамоадошларининг ҳаракатларига мос реакция қилишда кечикди ва марказда бўш қолдирилган Ауршнес совғадан унумли фойдаланди.
Шмидт эса танаффусдан кейин ва-банкка бориб, ҳимоячи Жилберту ўрнига қанот форварди Давид Нересни туширди. Аммо бундай юриш билан фақат А сериядаги «Интер»ни чўчитиш мумкин эди. Қора-кўкларнинг Чемпионлар лигасидаги версияси эса барча бўш ҳудудларни тўсиб ташлади, ўз жарима майдонига кириш йўлларини максимал диққат билан қўриқлади.
«Бенфика» ёпиқ эшикни тақиллатишдан чарчаганида чап қанотда ақл билан уюштирилган комбинация трибуналарни ақлдан оздирди. Мхитаряннинг олдинга ташланган Димаркога паси, Мартинесга қанотдан идеал узатма ва аниқ зарбадан кейин — яримфиналда Милан дербиси бўлиши муқаррар бўлиб қолди. «Барселона», «ПСЖ», «Бавария» ва «Ливерпул» каби жамоалар етиб кела олмаган босқичда Италиянинг икки жамоаси ўйнайди.
Бу қарама-қаршиликда яққол фаворит бўлмайди. Кимдир «Милан» январ ойида Италия Суперкубогида ҳамшаҳарлари томонидан тор-мор этилгани (3:0) ва феврал ойида миллий биринчиликда ҳам ютқазганини (1:0) эслатиши мумкин.
Аммо бу ўйинлар вақтида «россонери»лар кичик инқирозда эди ва жароҳатлар гирдобига тушиб қолганди. Ҳозир эса бир йил олдин скудеттони қўлга киритган жамоани эслатмоқда. Еврокубоклар плей-офф босқичларида ҳамшаҳарларини доим енгиб келган жамоани. Шу билан бирга, «Интер» ҳам ЕЧЛнинг бу мавсумида бутунлай бошқача ўйнамоқда. Бу жамоа яримфиналларда 13 йилдан буён ўйнамаётганди — Жозе Моуриньо бошчилигида «қулоқли кубок»ни қўлга киритганидан буён. Олдинда мухлисларни яна иккита қизиқарли ўйин кутмоқда.
Дастлабки ўйинлар 9-10 майда, жавоб баҳслари 16-17 май кунлари бўлиб ўтади.
Мавзуга оид
12:28 / 07.11.2024
«Вилла» ўйинида аҳмоқона пеналти, «Барса» истаганча гол урмоқда. Кун ўйинлари
14:28 / 28.10.2024
«Арсенал» жароҳатлар гирдобида, Италия дербисида янги юлдуз порлади. Кун ўйинлари
17:00 / 19.10.2024
«Ливерпул», «Барса» ва «Юве» учун жиддий синов. Дам олиш кунларида тавсия этиладиган 4 учрашув
10:40 / 17.10.2024