«Реал» Чемпионлар лигасидаги ғалабали сериясини тўхтатиб, «Энфилд»да мағлубиятга учради. «Ливерпул»га қарши ўйинда меҳмонлар деярли хавфли вазият ярата олишмади. Мезбонлар кучли прессинг уюштириб, биринчи бўлимнинг ўзида бир қанча хавфли ҳужумлар уюштиришди – фақат Тибо Куртуанинг қаҳрамонлиги жамоани голлардан қутқариб турди. 32-дақиқада эса «Ливерпул» пеналти тепиши мумкин эди: Доминик Собослаининг зарбасидан кейин тўп Орелен Тчуаменининг қўлига тегди.
Ҳакам Иштван Ковач эса тўп билан контакт жарима майдони ташқарисида бўлган деб топди ва жарима зарбаси белгилашга қарор қилди, видеотакрорда эса тўп чизиқдан ичкарида бўлганини кўриш мумкин эди.
Лекин бу ҳолатда мадридликлар футболчисининг қўли табиий ҳолатда бўлган деб топилди ва хавфли жарима зарбаси ҳам бекор бўлди.
Иккинчи бўлимда ўйин картинаси ўзгармади. «Ливерпул» устунлик қилди ва бу 61-дақиқада голга айланди: жарима зарбасидан кейин Алексис Мак Аллистер ҳисобни очди. Хаби Алонсо футболчиларни алмаштиришга кечикди. Ҳолбуки Винисиус ва Килиан Мбаппе умуман майдонда кўзга ташланмаётганди. Ўйин охирида эса мезбонлар иккинчи голни уришга яқин келишди, бу сафар Куртуа Эдер Милитао билан биргаликда хавфни бартараф этди. Мезбонлар жами зарбалар сони бўйича яққол устунликка эришди – 17:8.
«Реал» эса қаторасига олти ғалабадан кейин илк мағлубиятини тан олишга мажбур бўлди. Бу оралиқда «Юве» ва «Барса» каби кучли рақиблар устидан қозонилган ғалабалар бўлганди (умумий тўплар нисбати 16:2). Бу мадридликларнинг мавсумдаги иккинчи мағлубияти бўлди: «Атлетико»га қарши ўйинда 2:5, «Ливерпул»дан 0:1. Хаби Алонсо ҳозирча топ-жамоаларга қарши чора топа олмаяпти.
Мавзуга оид
Кейинги турда «Ливерпул» ПСВни қабул қилади, «Реал» «Олимпиакос» майдонига сафар қилади.
«Бавария» «ПСЖ» майдонида иккинчи бўлимда бир киши кам бўлиб ўйнади, лекин ғалабани сақлаб қоди – 2:1.
Биринчи бўлим охирида Луис Диас жамоадошларини қийин аҳволда қолдириб кетди. Шу билан бирга, айнан унинг саъй-ҳаракатлари эвазига мюнхенликлар ҳисобни қулай кўринишга келтириб олганди: колумбиялик ҳужумчи 4-дақиқада ҳисобни очганди – бу ҳужумда Майкл Олисе Нуну Мендешнинг хатосидан фойдаланиб, зарба берди, дарвозабондан қайтган тўпни Диас тўрга киритиб юборди. «ПСЖ» 22-дақиқада жавоб қайтарди, аммо Усмон Дембеленинг голи офсайд туфайли бекор қилинди.
Кейин эса парижликларда муаммолар давом этди: биринчидан, Усмонни захирага олишга тўғри келди. «Олтин тўп» соҳиби жароҳатидан тўлиқ соғаймасдан майдонга тушганди ва бу қимматга тушди.
Ўн дақиқа ўтиб «Бавария» яна бир гол урди: бу сафар Диас Маркиноснинг сусткашлигидан фойдаланди. «ПСЖ» биринчи бўлимнинг ўзида учинчи тўпни олиб чиқиши мумкин эди, аммо меҳмонлар бир неча вазиятда уларни кечиришди. Танаффус арафасида эса Диас антиқаҳрамонга айланди, у Ашраф Ҳакимига қарши ўта қўпол ўйнади ва қизил карточка олди.
Марокашлик ҳимоячи ҳам кўзда ёш билан майдонни тарк этди.
Иккинчи бўлимда «ПСЖ» сон жиҳатдан устунлик эвазига тўпга эгалик қилди ва босим уюштирди. Аммо бу фақат бир гол учун етарли бўлди – Жоау Невеш 74-дақиқада ҳисобни қисқартирди. «Бавария» озчилик бўлиб ҳужумларга дош берди ва якунда ғалабали ҳисобни сақлаб қолди. Венсан Компани шогирдлари бу мавсумда илк бор ҳимояга ётди ва буни уддалади.
«Бавария» жорий мавсумда барча ўйинларда ғалаба қозонмоқда: дуранг ҳам, мағлубият ҳам йўқ. Барча турнирлар доирасида 16 ўйинда ғалаба. Бу оралиқдаги умумий ҳисоб – 59:11.
«ПСЖ» эса сентябрдан буён илк бор ютқазди: ўшанда жамоа «Марсел»га сафарда 0:1 ҳисобида ютқазган, шундан кейин саккиз ўйиндан иборат мағлубиятсиз серия қайд этганди. Шу билан бирга, бу оралиқда учта ўйинда дуранг бўлган: «Лилл» ва «Лорян» билан ўйинларда 1:1, «Страсбур»га қарши 3:3.
Кейинги турда «Бавария» Лондонда «Арсенал» меҳмони бўлади, «ПСЖ» «Тоттенҳэм»ни қабул қилади.
Таркибдаги жароҳатлар туфайли Прагадаги ўйинда аралаш таркибни туширган Микел Артета бу сафар ҳам стандарт вазиятлардан фойдаланиб, натижага эришди. Бу сафар бурчак зарбасидан гол урилмади, аммо айнан корнердан кейин «канонирлар» пеналти тепиш ҳуқуқига эга бўлди ва Сака ҳисобни очди. У лондонликларнинг ЕЧЛда қаторасига тўрт сафар ўйинида гол урган илк футболчисига айланди.
Иккинчи бўлимда эса яна марказий ҳужумчи позициясида ҳаракат қилган Микел Мерино ўйин тақдирини ҳал қилди. Дастлаб қарши ҳужумда мезбон ҳимоячилар уни жарима майдонида ёлғиз қолдиришди ва испаниялик яримҳимоячи Троссарнинг узатмасини осонлик билан голга айлантирди. Бўлим давомида яна бир стандарт вазият лондонликларга гол олиб келди. Райснинг узатмасидан кейин Мерино тўп учун курашда дарвозабондан устун келди ва боши билан дарвоза тўрини ишғол этди. Шундан кейин Артета тарихий ўзгаришни амалга оширди. Нванери ўрнига майдонга тушган Доуман (15 ёшу 308 кунлик) ЕЧЛ тарихидаги энг ёш футболчига айланди.
Ўйин охирларида ҳакам меҳмонлар дарвозасига пеналти белгилади, аммо VAR аралашувидан кейин қоидабузарлик йўқлиги маълум бўлди. Шу тариқа, «канонирлар» қуруқ сериясини давом эттирадиган бўлди – жамоа барча турнирлар доирасида саккиз ўйиндан буён гол ўтказмасдан ғалаба қозониб келмоқда. Клуб бу орқали ўз тарихидаги янги рекордни ўрнатди (олис 1903 йилда ҳам жамоа кетма-кет саккиз учрашувда гол ўтказмаган, аммо ҳозиргидан фарқли равишда бу ўйинларнинг барчасида ҳам ғалаба қозонилмаган).
Умуман олганда, «Арсенал» бу мавсумда ҳимояда ўта ишончли ўйнамоқда – 33:3. ЕЧЛнинг кейинги турида ёки «Бавария» илк бор очко йўқотади, ёки «Арсенал» қуруқ сериясини тўхтатади.
Лондондаги ўйин «Копенҳаген» дарвозабони Котарски учун даҳшатли тушга айланди, унинг икки қўпол хатоси амалда ўйин тақдирини ҳал қилди. Аввалига хорватиялик посбон ўзига қаттиқ ишониб юбориб, жарима майдони ташқарисига югуриб чиқди ва Жонсон бўш дарвозани ишғол этди. Кейин эса Коло Муанининг босими остида тўпни йўқотди ва тўпга эга чиққан Одобер иккинчи голни урди. Иккинчи бўлимда Жонсон майдондан четлатилиши ҳам данияликларни йирик ҳисобдан қутқариб қололмади ва «шпорлар» бир киши кам ҳолатида яна иккита гол уришди. Аввалига ҳимоячи Микки ван де Вен деярли бутун майдонни тўп билан босиб ўтиб, дарвозабонни ҳам доғда қолдирди ва турнинг энг чиройли голини урди.
Эндиликда у олти гол билан Томас Франк жамоасининг энг яхши тўпурари бўлиб турибди. Уч дақиқа ўтиб Палиня ҳисобдаги фарқни оширди. Ўйин охирида мезбонлар бешинчи голни ҳам уриши мумкин эди, аммо Ришарлисон пеналтидан фойдалана олмади, унинг кучли зарбасидан кейин тўп дарвоза тўсинига борди.
Бу сафар «Айнтрахт» ўзига хос бўлмаган прагматик ўйин намойиш этди. Олдинги турларда «Атлетико» ва «Ливерпул»дан 5 тадан гол ўтказиб юборган ҳамда 3 турдан кейин «Аякс» билан бирга энг кўп гол ўтказиб юборган (11) икки жамоадан бири бўлиб турган «бургутлар» жамоаси уч марказий ҳимоячи билан майдонга тушди ва мақсадига эришди. Меҳмонлар ўйин якунида ғалабани илиб кетиши ҳам мумкин эди, аммо Кнауфф яқин масофадан йўллаган зарба тўғри дарвозабон Ваня Милинкович-Савич томон борди. Шу билан бирга, немислар дарвозабони Зеттерер ўйиннинг қўшимча дақиқаларида Ҳойлунднинг хавфли зарбасини бартараф этиб, жамоаси учун дуранг ҳисобни сақлаб қолди.
Ўйин стартида «Ювентус» Максимилиано Арауходан тезкор гол ўтказиб юборди, бир неча дақиқа ўтиб туринликларни дарвоза устуни иккинчи голдан қутқариб қолди. Лучано Спаллетти шогирдлари фақат шундан кейин уйғонишди: мезбонлар рақиб дарвозаси томон 18 бор зарба беришди, португаллар дарвозабони Руй Силва 7 бор сейв ижро этиб, тур қаҳрамонларидан бирига айланди. У фақат Влаҳовичнинг зарбасини ўтказиб юборди, шу билан бирга жамоаси учун дуранг ҳисобни сақлаб қолди. Бу дурангдан кейин лиссабонликлар ўнинчи ўринни сақлаб қолди, «Кекса Синиора»да эса ҳали ҳам ғалаба йўқ (=3-1) ва учта дурангдан кейин жамоа ҳозирча 23-ўринда. Аммо бундай старт жамоа учун янгилик эмас — «Юве» 1998 ва 2013 йилларда ҳам ЕЧЛни қаторасига тўрт ғалабасиз серия билан бошлаганди.
0:4 ҳисобларидаги икки мағлубиятдан кейин «Юнион» Мадридда нисбатан муносиб ўйин намойиш этди, аммо барибир ютқазди. Биринчи бўлим охирларида Жулиано Симеоне белгияликлар мудофаасини ёриб ўтиб, бир ҳаракат билан ҳимоячини йўлдан олди ва Алваресни зарба бериш нуқтасига чиқарди. Бу Хулианнинг ЕЧЛда «Атлетико» сафида 13 ўйиндаги тўққизинчи голи бўлди ва у аллақачон «Манчестер Сити» сафидаги кўрсаткичини (17 ўйинда 8 гол) яхшилади. Иккинчи бўлимда Галлаҳер ҳисобдаги фарқни оширди, меҳмонлар кўп ўтмай ҳисобни қисқартирганди, аммо қўшимча дақиқаларда Лиоренте интригани ўлдирди. Турнирдаги иккинчи ғалабадан кейин «матрасчилар» топ-8 учун курашга қайтди.
Ўтган турларда «Манчестер Сити» (2:2) ва «Тоттенҳэм»дан (0:0) очко олишга эришган «Монако» бу сафар турнирдаги илк ғалабасига эришди. Норвегиядаги ўйинда Балогуннинг биринчи бўлим охиридаги ягона голи барчасини ҳал қилди. Монегаскликлар бунгача ЕЧЛда қаторасига олти ўйиндан буён ғалаба қозона олмаётганди, қолаверса, жамоа ўн бир йилдан буён илк бор ЕЧЛда қаторасига икки ўйинда дарвозаси дахлсизлигини сақлаб қолди.