Мюнхенликларнинг мавсумдаги илк мағлубияти

«Арсенал» кузнинг асосий ўйинида «Бавария»ни мағлуб этди (3:1). Лондонликлар ҳимояси мюнхенликлар ҳужум чизиғини тўхтатди, Ҳарри Кейнга умуман имкон берилмади.

«Арсенал» – «Бавария» 3:1
Голлар: Тимбер, 22 (1:0). Карл, 32 (1:1). Мадуэке, 69 (2:1). Мартинелли, 77 (3:1)
«Арсенал»: Райя, Салиба, Москера, Люис-Скелли (Калафиори, 68), Тимбер (Уайт, 80), Субименди, Райс, Эзе (Эдегор, 80), Троссар (Мадуэке, 38), Сака (Мартинелли, 68), Мерино
«Бавария»: Нойер, Упамекано (Ким Мин Жэ, 81), Та, Станишич, Лаймер (Бишоф, 72), Киммиҳ (Рафаэл Геррейру, 81), Павлович, Карл (Горецка, 81), Гнабри (Жексон, 72), Олисе, Кейн
Огоҳлантиришлар: Салиба, 74. Мерино, 80 – Упамекано, 23. Лаймер, 43

Бу ўйин олдидан интригалар етарлича эди. «Арсенал» АПЛда, «Бавария» – Бундеслигада яққол пешқадамлик қилмоқда. Улар Чемпионлар лигаси стартида ҳам тўрт ўйинда максимум очко тўплаб (12 тадан), биринчи ва иккинчи ўринларни бўлишиб туришганди. Лондонликлар бу тўрт ўйиннинг бирортасида гол ўтказмаган, мюнхенликлар эса барчадан кўп гол урганди. «Арсенал» сентябр ойи бошидан буён мағлубиятсиз серия қайд этаётган, «Бавария» эса бу мавсумда умуман ютқазмаганди. Умуман олганда, қайси ракурсдан қаралса ҳам, бу ЕЧЛ гуруҳ босқичидаги энг асосий тўқнашув бўлиши кутилаётганди.

Микел Артета бошланғич таркиб бўйича икки қарори билан бироз ажабланирди: чап қанот ҳимоясида тажрибали Риккардо Калафиори эмас, 19 ёшли Майлз Люис-Скелли тушди. Марказий ҳимоянинг чап қанотида эса жароҳатдаги Габриел Магаляеш ўрнига «Тоттенҳэм»га қарши ўйинда ишончли ҳаракатланган Пиеро Инкапиэ эмас, 21 ёшли Кристиан Москера тушди. Асосий марказий ҳужумчи Виктор Йокереш, иккинчи ва учинчи ҳужумчилар Кай Ҳаверц ҳамда Габриел Жезус ҳали жароҳатдан тўлиқ тузалиб сафга қайтмагани туфайли бу вазифа яна бир бор асли яримҳимоячи бўлган Микел Меринога ишониб топширилди.

Ўз навбатида, «Бавария» дисквалификация туфайли Луис Диас хизматларидан фойдалана олмасди ва унинг ўрнига 17 ёшли вундеркинд Леннарт Карл бошланғич таркибда тушди. Шунингдек, Венсан Компани тезкор Сакага қарши чап қанот ҳимоясида асли ўнг қанот вакили бўлган Лаймерга ишонч билдирди.

Мюнхенликлар ўйиннинг дастлабки дақиқаларида тўпга эгалик қилишди, аммо вазиятлар ярата олишмади, мезбонлар эса аста-секинлик билан рақиб жарима майдони атрофида босим уюштиришга киришишди ва кетма-кет вазиятларга эга бўлишди. Мюнхенликлар эса илк зарбасини фақат 20-дақиқага келиб йўллади, аммо Упамекано Олисенинг қанотдан узатмасига тўғри зарба беролмади. Жавоб ҳужумида эса «Арсенал» асосий фишкасини ишга солиб, ҳисобни очди: Субимендининг прессингдаги фаоллиги эвазига ўйиндаги илк бурчак зарбаси ишланди, Сака у ердан тўпни яқин устун олдига етказиб берди, бу ерда эса Тимбер Нойердан илдамроқ ҳаракат қилди ва тўпни бош билан дарвоза тўрига киритди.