Жаҳон | 17:17 / 21.04.2023
3415
2 дақиқада ўқилади

Руминия Украинадан ғалла импортига тақиқ жорий этмайди

Фото: AP

Руминия божхонаси Украинадан транзит юк намуналарини олади, транспортни муҳрлайди ва унинг йўналишини кузатиб боради. Бироқ, Бухарестда Украина маҳсулотларини импорт қилишни тақиқлаш ғоясидан воз кечилди.

Европа Иттифоқининг бошқа Шарқий Европа давлатларидан фарқли ўлароқ, Руминия Украинадан ғалла ва бошқа озиқ-овқат маҳсулотларини олиб киришга тақиқ қўймайди. Бу ҳақда 21 апрель, жума куни Руминия қишлоқ хўжалиги вазири Петре Дая украиналик ҳамкасби Николай Солский билан учрашувдан сўнг маълум қилди, деб ёзади Mediafax.

Дая Бухарестнинг яна бир қанча Шарқий Европа давлатлари Украинадан ғалла импорти учун чегараларини вақтинча ёпиб қўйганлиги сабабли вазият янада ёмонлашишидан қўрққанига эътибор қаратди. Полша, Венгрия, Словакия ва Болгария 2022 йил июнидан буён антидемпинг божлари бекор қилинган арзон Украина маҳсулотлари туфайли ўз ички бозорлари зарар кўраётганини тушунтириб, шундай қадам ташлади. 

Братислава ўз чора-тадбирларини Украина ғалласининг айрим намуналарида пестицидлар миқдори Европа Иттифоқи стандартларидан ошиб кетгани билан ҳам оқлади. Руминия қишлоқ хўжалиги вазири сўзларига кўра, Бухарест Словакиядан олинган таҳлил натижаларини жиддий қабул қилган. Шу сабабли Руминия божхоначилари энди Украинадан транзит юк намуналарини олиб, транспорт воситаларини муҳрлаб, улар йўналишини электрон маълумотлар йиғиш орқали кузатиб боради, деди Петре Дая ва украиналик ҳамкасби Николай Солский бундай чораларга хайрихоҳ эканини таъкидлади. 

Руминиялик фермерлар учун арзон Украина ғалласи импорти туфайли етказилган зарарни қоплаш учун Бухарестдаги ҳукумат компенсация тўловларини оширишга қарор қилди. 

Украина ғалласини Шарқий Европа орқали экспорт қилиш учун транзит йўлларининг аҳамияти сўнгги бир йил ичида сезиларли даражада ошди, чунки Россия блокадаси туфайли Қора денгиздаги кемалар томонидан юк ташиш фақат чекланган даражада амалга оширилиши мумкин. 

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид