Ҳар бир инсон боласини ўзидан кўпроқ яхши кўради, ўзи емай едиради, киймай кийдиради. Мен кўрмаган кунларни кўрсин, бахтли яшасин деб ўзини ўққа, чўққа уради.“Ҳаётий ҳикоялар”нинг бу галги қаҳрамони умрини фарзандларига фидо қилган, уларга тўкин ҳаёт яратиб бериш учун мусофир юртларда ишлаган аёллардан.

“Икки фарзандли бўлганимизда ҳам ижарада яшардик. Эрим уйимиз яқинидаги заводда қоровул бўлиб ишларди. Навбатчилиги йўқ бўлган кунлари мардикорлик қилиб пул ишларди. Мен уйда болаларимдан ортиб у бу нарса пишириб сотардим. Рўзғоримизга ҳарна, ёрдам бўлади, дердим.

Баъзида қўшниларимизникига меҳмон келса чиқиб ишларига қарашар, улар чиқарадиган майда-чуйдаларга болаларим қорни тўйганига хурсанд бўлардим.

Қизларимиз юқори синфга ўтганида ҳам турмушимиз ўнгланмади. Аксинча, кундан кунга болалар билан уларнинг харажатлари ҳам ўсиб борар, квартира пулини ҳам базўр тўлардик.

Ҳадемай бўйи етади, биров эшигимни тақиллатиб келадиган уйимиз ҳам йўқ, қизларимнинг келажаги нима бўлади деб эр-хотин кечаси билан ўйланиб чиқардик. Ўйлаб-ўйлаб ахийри мен чет элга кетадиган бўлдим. Эримнинг соғлиғи яхши эмасди, чет элга боргани билан эркак кишига енгил иш бўлмаса. Қора ишда ишлолмайди.

Тоби қочса мусофир юртда ким корига ярайди? Аёллар бола қараб, уй тозалаб ҳам яхши ҳақ олишади-ку, деган қарорга келдик. Сўраб-суриштириб танишлар орқали уйига хизматчи излаётган чет эллик аёл билан боғландим.

Ўртада турган танишим гаплашиб берди. Иш ҳал бўлди. Қарз-ҳавола қилиб билет олдик. Қизларимнинг бири 12, бири 14 ёшда эди. Уларни ташлаб кетиш осон бўлмади. Бир кўнглимни оилам билан қолдириб уларнинг келажаги учун умримда кўрмаган, билмаган юртимга ишлаш учун кетдим. Худога шукур, алдамаган экан, яхши инсонларнинг қўлига тушдим. Уйда хизматчи бўлиб ишлаганим учун ётоқ жойи, еб-ичишга пул сарфламасдим.

Аввалига билет пулини тезроқ тўплаб қарзимдан қутулишини ўйлаган бўлсам, кейин энди уйга йиғинишим керак, деган ўй тунлари уйқу бермасди. Ҳаммасидан оилам соғинчи азоб берарди. Қизларимни бирам соғинардим.

Ҳар гаплашганимизда мендан хавотир олманглар мен яхшиман, дердим. Гарчи осон бўлмаса-да, хавотир олишларини истамасдим. Бир йил битта жойда ишладим. Қарасам бу аҳволда ҳали-бери уйга етадиган маблағ тўплай олмас эканман. Иккинчи йилдан яна бир жойдан иш олдим. Энди иккита ишда ишлай бошладим. Ёшман, қувватим, ғайратим бор. Ишлайвердим. Тезроқ уйга етадиган пул жамғарсам-да оилам бағрига қайтсам.