Жаҳон | 20:09 / 22.04.2023
20267
2 дақиқада ўқилади

Украина ўз ҳаво ҳудуди устидан назоратни йўқотиши мумкин - The Times

Киев ғарбий иттифоқчиларнинг қўшимча қурол етказиб беришига муҳтож.

Фото: The Times

Украина ҳарбийлари мамлакат ҳаво ҳудуди устидан назоратни йўқотиш хавфи остида. Ғарб қўшимча қурол сўровига жавоб бермаса, бундай сценарий юзага келиши мумкин.

The Times нашрининг ёзишича, Пентагоннинг интернетга сиздирилган ўта махфий ҳужжатлари Украина армиясининг заиф томонларини очиб берган ва хавотир қўнғироғини чалмоқда. Улар Украинада ҳаво ҳужумига қарши ўқ-дорилар камлигини кўрсатган, оқибатда келаси ойдаёқ мамлакат ўз осмони устидаги назоратни Россияга бой бериши мумкин.

Россия аллақачон Украинага ҳаво ҳужумидан мудофаа воситаларини етказиб беришнинг қисқаришига эътибор қаратган. Украинанинг фуқаролик инфратузилмасини йўқ қилиш бўйича қишки кампания муваффақиятли бўлмади, бироқ у шаҳарлар ва муҳим иншоотлар яқинида ҳаво мудофаа воситаларининг тўпланишига олиб келди. Оқибатда фронт чизиғи осмони деярли очиқ ҳолда, ҳимоясиз қолди.

Шу билан бирга, Россия ўзининг ФАБ-500 бомбасини мукаммаллаштирди, унинг қанотларини GPS тизими билан жиҳозлади. Бу эса уни жанговар самолётдан ташлаш ва мустақил равишда нишонга етиб бориш имконини беради. Бунда самолётнинг Украина ҳудудига кириши ҳам шарт эмас. Бу эса унинг уриб туширилиш эҳтимолини йўққа чиқаради.

Айнан шундай бомбанинг Су-34 самолётидан ташлаб юборилиши оқибатида Россиянинг Белгород шаҳрига тасодифий зарба берилди. Бунда камида уч кишини жароҳатланди. Таҳлилчилар бу каби ҳодисаларнинг кўпайишини Россия ҳарбий парвозлари сонининг кескин ошгани билан боғламоқда.

Украина ҳарбийлари энди яқинлашиб келаётган қарши ҳужумда қуруқликдаги кучларни ҳаводан қандай ҳимоя қилиш ҳақида бош қотирмоқда.

Мавзуга оид