Спорт | 13:07 / 23.04.2023
36485
22 дақиқада ўқилади

«Арсенал» чемпионликни қўлдан чиқарадими, Испанияда интрига тириладими ва «Бавария» тахтдан тушириладими?

Европа футболида дам олиш кунларидаги асосий воқеалар, ўйинлардаги голлар ва турнир жадвалларидаги вазият.

Фото: OFFSIDE/OFFSIDE VIA GETTY IMAGES

Англия: «Арсенал»да қаторасига учинчи дуранг

Арсенал — Саутҳэмптон 3:3
Голлар:
Мартинелли (20), Эдегор (88), Сака (90) — Алкарас (1), Уолкотт (14), Чалета-Цар (66).
Арсенал – Рэмсдейл, Уайт, Ҳолдинг, Габриэл, Зинченко (Нкетиа, 72), Парти, Эдегор, Фабиу Виейра (Троссар, 57), Сака, Мартинелли (Нелсон, 85), Жезус.
Саутҳэмптон – Базуну, Уокер-Питерс, Беднарек (Чалета-Цар, 41), Белла-Кочап, Перро, Элюнусси, Уорд-Проуз, Лавиа (Диалло, 86), Алкарас (Войнович, 46), Уолкотт (Сулемана, 77), Армстронг (Онуачу, 77).
Огоҳлантиришлар: Алькарас (27), Перро (32), Уокер-Питерс (42), Зинченко (45), Армстронг (76), Диалло (90+4).

2023 йил 15 январ. «Арсенал» сафарда «Тоттенҳэм»ни чиройли, ўз услубида ва ишонч билан енгиб (2:0), мавсумда иккинчи Шимолий Лондон дербисида ҳам ғалаба қозонди.

Бир ҳафта ўтиб, 22 январ куни, «канонирлар» уйда Эдди Нкетианинг 90-дақиқада урган голи эвазига «Манчестер Юнайтед»ни таслим этди (3:2). Ва яна Микел Артета жамоаси кўрсатган сифатли футбол мухлисларни ҳайратга солди.

Бу икки ўйин, ўша кунларда Англия медиасида ёзилганидек, ҳақиқий statement, яъни чемпионлик амбициялари тўғрисидаги баёнот эди.

18 феврал, Бирмингҳемда «Астон Вилла»га қарши ўйин, «Арсенал» ўйин давомида икки бор ҳисобда ортда боради — 0:1 ва 1:2, аммо якунда ғалабага эришади — 4:2. Ҳал қилувчи голни 90+3-дақиқада амалда Жоржиньо уради (тўп «Вилла» дарвозабони Эми Мартинеснинг бошига тегиб дарвозага кириб кетганди).

4 март, Лондон, «Эмирейтс». «Арсенал» «Борнмут»га қарши ўйиннинг 57-дақиқасига қадар 0:2 ҳисобида ортда эди, аммо қолган вақт давомида учта гол уради — 3:2. Ғалаба голи 90+7-дақиқада захира вакили Рис Нелсоннинг жарима майдони ташқарисидан йўлланган зарбаси орқали урилади.

Бирмингҳемдаги ва «Борнмут»га қарши ўйиндаги каби ғалабалар чемпионларга хос ўйинлар сифатида қабул қилинади. Титулга айнан шундай ўйинларда, бурилиш ясаш ва рақибни таслим этиш, қолаверса, буни сифатли амалга ошириш орқали эришилади.

21 апрел, «Арсенал» «Саутҳемптон»ни қабул қилди, ўйин давомида 0:2 ва 1:3 ҳисобларида ортда борди, аммо 88- ва 90+1-дақиқаларда голлар урди. Қўшиб берилган дақиқаларда Троссарнинг зарбаси тўсинга тегди, Рис Нелсон бу сафар халоскорга айлана олмади, унинг деярли бўш қолган дарвозага йўлланган зарбасига ерда ётган ҳимоячи тўғаноқ бўлди. Ҳакамнинг ўйин якунлангани тўғрисидаги ҳуштагидан кейин лондонлик футболчилар футболкаларини бошларига тортишди, газонга қулашди ёки Лондоннинг тунги осмонига умидсизлик билан тикилишди. Артета эса бу вақтда булутли осмондан ҳам зулматлироқ тус олган кийим алмаштириш хонасига йўл олди.

«Арсенал» мавсумнинг ҳал қилувчи қисмида уч ўйинда ғалаба қозона олмади, уч ўйинда ҳам дуранг ўйнади. Аввалига «Ливерпул» ва «Вест Ҳэм» билан ўйинларда тезкор голлар туфайли қўлга киритилган устунликни бой берди, ҳар икки ўйинда ҳам 2:0 ҳисоби 2:2 кўринишига келганди, энди эса турнир жадвалининг энг охирги ўрнида жойлашган, мавсум давомида уч мураббий алмашган жамоа билан ўйинда очколар бўлишиб олинди. Натижада «канонирлар» йўқотилган очколар бўйича «Манчестер Сити»дан ортда қолмоқда, «Этиҳад»да 26 апрел куни ўтказиладиган ўзаро учрашув эса ҳаёт-мамот жангига айланди. Лекин энди лондонликларни бу ўйинда дуранг ҳам қониқтирмайди, жамоа барчаси ўзига боғлиқ бўлиши учун фақат ғалаба қозониши даркор.

Ҳозирда футболдаги асосий мавзу — «Арсенал» 19 йил кутилган чемпионликни қўлдан чиқараётгани ҳақида. Асосий лейтмотив (асосий фикр) — ўз бахтидан чўчиб кетиш, руҳий босимга дош беролмаслик, бундай чемпионлик пойгаларидаги тажриба ва тобланиш йўқлиги. Аммо, умуман олганда, булар вазиятни тўла тушунтира олмайдиган сўзлар тўплами. Чунки «канонирлар»нинг сўнгги уй ўйинини умумлаштирадиган жиҳат фақат битта — натижа, бу натижалар эса турлича ўйинларда қайд этилди.

Тажриба, албатта, муҳим жиҳат, аммо «Арсенал» сафида чемпионлик таъмини тотиб кўрган Габриэл Жезус, Олександр Зинченко ва Жоржиньо ҳам бор. Қолаверса, 2021 йил «Лилл» ва 2022 йилда «Милан» тегишли тажрибага эга бўлмай туриб, узоқ йиллардан кейинги илк чемпионлик пойгасида устунликни сақлаб қола олганди.

Юқорида эслаб ўтилган «Вилла» ва «Борнмут»га қарши ўйинлар ҳам «чўчиб кетиш», «характер етишмаслиги» ва бошқа тезисларни рад этади. Аммо буни бутун чемпионат контекстидан кўриб чиқиш қизиқарлироқ. «МЮ» устидан қозонилган ғалаба ортидан нима бўлганди – аутсайдер «Эвертон»га сафарда мағлубиятга учралган (0:1), уйда «Брентфорд» билан дуранг қайд этилган (1:1), «Эмирейтс»да «Сити»га қарши ўртамиёна ўйин кўрсатилиб, ютқазилганди (1:3). Шундан кейин ҳам «барчаси тугагани» ва соврин учун курашдаги ташаббус «МС» қўлига ўтиб кетгани ҳақида гапира бошлашганди.

Уч кун ўтиб эса «Арсенал» «Вилла»га ташриф буюрди ва бу ерда Жоржиньо 90+3-дақиқадаги ҳаракати билан етти учрашувдан иборат ғалабали серияга старт берди, бу оралиқда «Борнмут»га қарши ҳеппи-энд кузатилган ўйин ҳам бор. Бу шуни англатадики, «канонирлар»да бу мавсумда «ёмон оралиқ» рўй бериб бўлган. Ўшанда барчаси ёмон бўлиб кўринган, аммо улар тўғри реакция қилиш учун ресурслар топа олишганди. Ҳозир ҳам шунга ўхшаш ҳолат. Ўшанда Жезуссиз вазиятни ўнглашга тўғри келган, ҳозир эса — ҳимоя марказида йўқлиги сезилаётган Уилям Салибасиз. Амбицияларни тасдиқлаш учун бундан яхшироқ тақвим бўлмайди: «Сити» (сафар), «Челси» (уй) ва «Ньюкасл» (сафар).

Ва ниҳоят, айтиб ўтиш керак бўлган яна бир нарса бор — бу кутилма. «Вест Ҳэм» билан ўйиндан кейин Британиядаги спорт медиасидаги бош консерватор саналган Рой Кин Sky Sports эфирида агар «Арсенал» мавсум якунида совринни қўлга кирита олмаса, бу «фожиа» бўлишини айтди. Лекин интернет барчасини ёдда сақлайди ва қуйида шунчаки факт келтирилади: мавсум аввалида Кин ҳам бошқа барча экспертлар қатори «канонирлар»ни умуман чемпионликка номзод сифатида кўрмаган.

Августда ВВС’нинг мавсум учун прогноз берган 12 экспертидан бирортаси «Арсенал»ни тўртинчи ўриндан юқорига қўймаган. The Athletic нашрининг 42 журналистидан бирортаси жамоага тахминий топ-2’дан ўрин топиб бермаган ва фақат олти нафари лондонликлар учинчи ўринни олиши мумкинлигини айтишган. Opta суперкомпьютери Артета жамоасининг чемпионлик учун имкониятларини 0,13 фоизга баҳолаган (таққослаш учун: «Ливерпул»да 49,7 фоиз, «Сити»да — 47 фоиз эди), топ-4’га кириш эҳтимоли эса — атиги 22 фоизга баҳоланган. «Спорт Экспресс» таҳририятида ҳам АПЛ учун прогнозлар берилганида, фақат бир киши «Арсенал»ни топ-4’га киритган, шунда ҳам тўртинчи ўринга қўйган. Энди эса барча «Арсенал» қўлидаги совринни бериб юбораётганини муҳокама қилмоқда.

«Ливерпул»нинг ёрқин ўйини ва Маҳрезнинг ҳет-триги

Ливерпул – Ноттингҳем Форест 3:2
Голлар:
1:0 – 47 Диогу Жота, 1:1 – 51 Уилямс, 2:1 – 55 Диогу Жота, 2:2 – 67 Гиббс-Уайт, 3:2 – 70 Салоҳ.
Ливерпул – Алиссон, Александер-Арнолд, ван Дейк, Конате, Робертсон, Ҳендерсон, Фабиньо (Тиаго Алкантара, 60), Жонс (Милнер, 81), Салоҳ, Диогу Жота (Диас, 81), Гакпо (Нуньес, 60).
Ноттингем Форест – Навас, Уилямс, Фелипе (Деннис, 87), Маккенна (Уоррелл, 30), Ниакате, Лоди (Айю, 87), Фройлер (Жонсон, 76), Мангаля, Гиббс-Уайт, Данило, Авонийи (Серриж, 87).

«Энфилд»даги ўйиннинг биринчи бўлимида дарвозалар дахлсиз қолгач, қизиллар иккинчи бўлимни жуда кучли бошлашди. «Ливерпул» ўтказган гол ҳам мавсум арафасида «Нотингҳем»га сотилган клуб тарбияланувчиси Неко Уилямс ҳисобига ёзилди. Аммо бу ҳимоячи ҳам, унинг шериклари ҳам куражни ушлаб олган ва қаторасига иккинчи ўйинда дубл расмийлаштирган Диогу Жотани тўхтата олмади.

Қизиғи шундаки, португалиялик ҳужумчи шу кунларда таниқли ватандошидан иқтибосни эслаганди. «Роналдудан ёдимда қолиб кетган бир гапни эшитгандим. У бир неча ўйинни голсиз ўтказганида ва ундан бу ҳақда сўрашганида, Криштиану айтганди: «Голлар — кетчуп каби». Биринчи гол уриб олинса, қолгани ҳам келаверади, умид қиламанки, бу менга ҳам тегишли бўлади», — деганди Жота ўзининг муваффақиятли сериясидан олдин.

Ҳиссиётлари уни алдамади, аммо бу сафарги ўйинда Юрген Клопп жамоасига унинг голлари ҳам ёрдам бера олмаслиги мумкин эди. Жотанинг иккинчи голига Гиббс-Уайт томонидан ҳам жавоб қайтарилди. Лекин шундан кўп вақт ўтмасдан Салоҳ Александр-Арнолднинг стандарт вазиятдан узатган тўпини дарвозага жойлади, ўйин охирларида эса Жонсон уюштирган ҳужумдан кейин Алиссон дарвозасини голдан тўсин қутқариб қолди. Энди «Ливерпул» бешинчи ўринда бораётган «Тоттенҳэм» билан орадаги фарқни уч очкогача қисқартирди.

Манчестер Сити – Шеффилд Юнайтед 3:0
Голлар:
1:0 – 43, пеналти Маҳрез, 2:0 – 61 Маҳрез, 3:0 – 66 Маҳрез.
Манчестер Сити – Ортега, Уокер, Лапорт, Аканжи, Бернарду Силва (Льюис, 81), Серхио Гомес, Гундўған (Филлипс, 75), Грилиш (Палмер, 67), Маҳрез, Холанд (Фоден, 68), Алварес.
Шеффилд Юнайтед – Фодерингэм, Болдок (Богл, 76), Робинсон, Иган, Аҳмедҳожич (Кулибали, 76), Лоу, Флек (Шарп, 66), Норвуд, Берге (Башем, 75), Ндиай, Жеббисон (Макберни, 58).

Чоршанба куни «Манчестер Сити» Чемпионлар лигаси яримфиналига йўлланмани ҳал қилганди. Жума куни «Арсенал» қаторасига учинчи ўйинда дуранг ўйнаши  «шаҳарликлар»ни АПЛ турнир жадвалининг соядаги етакчисига айлантирди, ҳафта эса Хосеп Гвардиола жамоаси учун Англия Кубоги финалига чиқиш билан якунланди. Яримфиналдаги рақиб чемпионшип вакили экани ҳисобга олинса, бундан бошқача натижа кутилмаганди ҳам.

Бу ўйинда ҳатто Ҳоланднинг голларига эҳтиёж сезилгани йўқ. Тўпурар ролини ҳет-трик амалга оширган Маҳрез бажарди. «Уэмбли»да турнир яримфиналида 1958 йилдан буён ҳеч бир футболчи учта гол урмаганди. Ўшанда бундай трюкни «МЮ» вакили Алекс Доусон уддалаган. Жаҳон футболидаги энг кекса тарихга яна бир мурожаат 1965/66 йиллар мавсумидаги Англия Кубогини ёдга солади. Ўшанда «Эвертон» финалгача бирорта гол ўтказмасдан, уникал натижа қайд этганди. 57 йил ўтиб эса «Манчестер Сити» буни такрорламоқда.

Германия: Тухелнинг муваффақиятсизлиги

Майнц – Бавария 3:1
Голлар:
0:1 – 29 Мане, 1:1 – 65 Ажорк, 2:1 – 73 Баррейро, 3:1 – 79 Аарон Мартин.
Майнц – Центнер, Видмер, Белль, Ханче-Ольсен, Фернандеш (Хак, 83), Каси (Аарон Мартин, 46), Кор (Штах, 64), Ли Чжэ Сон (Баркок, 77), Баррейро, Онисиво, Ажорк (Ингвартсен, 77).
Бавария – Зоммер, Жоау Канселу, Упамекано, де Лигт, Станишич, Горетцка, Киммиҳ (Гравенберҳ, 75), Мюллер (Тел, 75), Мане (Сане, 80), Мусиала (Гнабри, 80), Дэвис (Мазравий, 9).

Сўнгги вақтларда ҳар икки ўйиндан бирида қоқилаётган «Бавария» «Майнц»га қарши сафар ўйинида бу анъанасини давом эттириши кўпчиликни ҳайрон қолдиргани йўқ. Бу рақиб иккинчи даврани жуда кучли ўтказмоқда ва еврокубокларга йўлланма олишга даъвогар бўлиб турибди. Лекин Сане билан можародан кейин оқланиб, сафга қайтган Мане биринчи бўлимда ҳисобни очгач, барчаси мюнхенликлар назоратида тургандек тасаввур уйғонди. Иккинчи бўлимда эса чемпионларнинг таъзири берилди.

Барчаси мезбонлар стандарт вазиятда тўпни ўйинга киритганида, рақиб жарима майдони ичидаги палапартишлик юзага келиши ва Зоммер қайтарган тўпга биринчи бўлиб Ажорка етиб келиши билан бошланди. Кейин ушбу француз ҳавода тўп учун курашда ютиб чиқди, Онисиво эса Станишични ортда қолдириб, қулай позицияда турган Баррейрони тўп билан таъминлади. Шу куни ўз туғилган кунида узоқ бурчакни аниқ нишонга олган Мартин эса меҳмонларни бутунлай нокаутга учратди.

Ҳозирча Юлиан Нагельсманнинг истеъфоси раҳбариятнинг аҳмоқона қарори бўлиб кўринмоқда. Томас Тухел эса жамоа бошқарувига келганидан буён етти ўйинда фақат икки ғалабага эришди. «Бавария» бошқарувидаги бу етти ўйиндан учтасида у ютқазди — Нагельсманн 37 учрашувда жами шунча ўйинда мағлуб бўлганди. Шу билан бирга, «Бавария»нинг бу сафарги мағлубиятида «Майнц»да ишлаётган Бо Свенссонинг ҳам ҳиссасини қайд этиш керак. Икки йил муқаддам жамоа бошқарувига келган ушбу 43 ёшли даниялик Германиянинг ушбу гегемон жамоасига қарши учта уй ўйинида ҳам ғалаба қозонган. Лекин бу рекорд эмас: 90-йиллар ўрталарида Фолькер Финке ҳам «Фрайбург»да шундай бошлаганди.

Боруссия Д — Айнтрахт 4:0
Голлар:
Беллингем (19), Мален (24, 66), Ҳуммелс (41).
Боруссия Д – Кобел, Рюэрсон, Ҳуммелс, Шлоттербек (Зюле, 25), Геррейру (Волф, 70), Жан, Брандт (Ройс, 70), Беллингем (Ўзжан, 77), Аллер (Мукоко, 77), Мален, Адейеми.
Айнтрахт – Трапп, Бута, Ленц, Тута, Ҳасебе (Гебур, 70), Гётце, Роде (Борре, 52), Соу, Эбимбе (Алиду, 84), Коло-Муани (Ааронсон, 70), Кнауфф (Камада, 46).
Огоҳлантиришлар: Ленц (13), Коло-Муани (23), Роде (49), Беллингем (54), Адейеми (82).

Аввалги турда «Боруссия» Штутгартда кечган ўйиннинг қўшиб берилган еттинчи дақиқасида гол ўтказиб юбориб (3:3) бундеслига турнир жадвалида пешқадамликни қўлга олиш имкониятидан фойдалана олмаганди. Лекин анча кучли рақиб саналган «Айнтрахт»га қарши ўйинда дортмундликлар жуда самарали ҳаракат қилди. Биринчи бўлим давомида Гётце собиқ жамоадошларини ранжитиш учун қатор имкониятларга эга бўлди. Аммо у ёки зарба беришда адашди, ёки Кобел қутқарди, ёки зарба йўлига ҳимоячилар тўғаноқ бўлишди.

Ўз навбатида, «асаларилар» ҳужум чизиғи идеал эди. 19-дақиқада Брандтнинг узатмасидан кейин жарима майдони ичида қайрилиб тўпни дарвоза бурчагига йўллаган Беллингем ҳисобни очди. Кўп ўтмай Кобелнинг узоқ масофага етказиб берган тўпидан кейин Аллер ва Адейеми ҳавода тўп учун курашда устунлик қилишди ва бу ҳужум Маленнинг аниқ зарбаси билан якунланди. Бўлим охирида эса бундеслиганинг бу мавсумдаги энг яхши ассистенти Рафаэл Геррейрунинг узатмасидан кейин кутилмаганда марказий форвард позициясида пайдо бўлган Ҳуммелс ҳисобни йирик кўринишга келтирди.

Натижада иккинчи бўлим расмиятчиликка айланди, шунга қарамай Эдин Терзич жамоаси суръатни пасайтирмади ва тўртинчи гол билан ҳам чекланмаслиги мумкин эди. Аммо бу моҳиятни ўзгартирмайди. Асосийси — Дортмунд жамоасини яна пешқадамликка қайтарган ғалаба. Жамоа бу чемпионатда қаторасига тўққиз ўйинда ғалаба қозонди ва бу клубнинг янги рекорди саналади. Иккинчи ўринга тушириб юборилган  «Бавария» атиги бир очколик фарқ билан таъқиб қилмоқда, лекин энди барчаси «Боруссия»нинг ўз қўлида — жамоаларнинг ўзаро ўйини ўтиб бўлган. Дортмундликлар сўнгги 10 йилликда гегемонлик қилган «Бавария»ни тахт тушириб, ўз орзусига етиши учун кейинги 5 турда ғалаба қозонса кифоя. Рақибларнинг тўрттаси 10-ўриндан пастдаги жамоалар — «Боҳум» (сафар), «Волфсбург» (уй), «Боруссия» М (уй), «Аугсбург» (сафар), «Майнц» (уй). «Бавария» эса кейинги турларни «Ҳерта» (у), «Вердер» (с), «Шальке 04» (у), «Лейпциг» (уй), «Кёлн» (с). 

Испания: Милитао — ҳаводаги қирол

Реал — Сельта 2:0
Голлар:
Асенсио (42), Милитао (48).
Реал – Куртуа, Начо, Рюдигер, Милитао, Камавинга, Себальос (Модрич, 81), Вальверде, Тчуамени, Асенсио (Васкес, 76), Винисиус (Родриго, 81), Бензема.
Сельта – Вильяр, Васкес (Фернандо, 78), Нуньес, Тапия, Галан (Сведберг, 73), Солари (Серви, 46), Де Ла Торре, Бельтран, Вейга (Пасиенсия, 63), Сеферович (Оскар Родригес, 63), Аспас.
Огоҳлантиришлар: Васкес (19), Себальос (45), Галан (70).

Карло Анчелотти ўз ветеранлари Кроос ва Модричга дам берди. Уларнинг иккиси ҳам Чемпионлар лигасида кўп куч сарфлашган, олдинда эса миллий чемпионатнинг икки тури ўтказиладиган тиғиз ҳафта кутмоқда. Шунинг учун ҳам биринчи бўлимда «Реал»га ушбу футболчиларнинг доно ҳаракатлари етишмади, аммо бўлим охирида «Сельта»нинг яхши уюшган ҳимояси Дани Себалйос, Винисиус Жуниор ва Асенсио томонидан амалга оширилган намунали комбинация орқали бузиб ўтилди.

Натижада 2014 йил майидан буён галисияликларга ютқазмаган қаймоқранглилар муваффақиятли серияни 18 ўйинга етказиб қўядиган бўлди, шанба кунги ўйин тақдири иккинчи бўлим бошидаёқ ҳал қилинди, Эдер Милитао жорий мавсумда чемпионат ўйинларидаги бешинчи голини урди. Табиийки, барчасини тўп бурчакдан узатиб берилганидан кейин бош билан. Бу сафарги бурчак зарбасини Асенсио ижро этди, у кучли бешлик чемпионатларида жорий календар йилида 8 гол урган ҳолда энг самарали испан футболчиси бўлиб турибди.

Финишга қадар саккиз тур қолганида «Реал»нинг «Барселона» билан фарқи 8 очкони ташкил этмоқда. Бу жуда кўп, аммо агар каталонияликлар якшанба куни  «Атлетико»ни енга олмаса, кўк-анорранглилар асабийлаша бошлаши мумкин. Пешқадамлар қаторасига учта ўйинда гол ура олмади, олдинда эса — Хави учун ноқулай бўлган «Райо Вальекано», шунингдек доимо грандларга муаммо туғдира оладиган «Бетис»га қарши ўйинлар кутмоқда. Шундай экан, каталонияликларнинг кейинги уч ўйинида — Испанияда чемпионлик интригаси туғилиш-туғилмаслиги тўғрисидаги саволга жавоб топилади.

Осасуна — Бетис 3:2
Голлар: Будимир (6, 11), Монкайола (41) — Миранда (16), Родригес (70). 

Реал Сосьедад — Райо Вальекано 2:1
Голлар: Сёрлот (59), Лежен (81, автогол) — Палазон (57).

Катта эҳтимол билан шанба куни ла лигадаги интригалар биттага камайди. Гап Чемпионлар лигасига йўлланма берувчи тўртинчи ўрин учун кураш ҳақида кетмоқда, лекин барчаси уч кундан кейин Севиляда «Бетис» ва «Реал Сосьедад» ўртасидаги ўзаро учрашувда узил-кесил ҳал бўлади. 30-тур арафасида бу жамоаларни уч очко ажратиб турганди ва бу яшил-оқлар учун ажойиб имконият эди, чунки Испанияда баллар тенг келган ҳолда тўплар нисбатига эмас, ўзаро ўйинлардаги натижага қаралади, Мануэл Пеллегрини шогирдлари эса биринчи даврада Сан-Себастьянда кечган ўйинда ғалаба қозонганди.

Аммо «Бетис» барчасини ўзи барбод қилди ва сафарда «Осасуна»га ютқазди. Парадокс шундаки, андалусияликлар ўйин давомида дарвозага 21 бор зарба берган бўлса-да, бир очко ҳам ололмади. Бир неча соатдан кейин ўз ўйинини ўтказган «Реал Сосьедад» эса дарвоза соҳасига йўллаган биргина зарба билан ҳам «Райо Вальекано»ни мағлуб эта олди. Ўйинда ҳисобни тенглаштирган Сёрлот — ла лигада урган голлари сонини ўнтага етказиб, бу борада Карьюдан кейинги иккинчи норвегияликка айланди.

Ўйин охирида эса меҳмонлар футболчиси автогол уриб, басклар энг яқин таъқибчисини олти очкога ортда қолдириб кетишини таъминлади. Агар Иманоля Альгуасиля жамоаси сешанба куни «Бенито Вильямарин»да ютқазмаса, унинг Чемпионлар лигасига чиқиш учун имкониятлари юз фоизга яқинлашади.

Кун статистикаси

  • «Торино» уч очколик тизимга ўтилганидан буён илк бор Римдаги «Олимпико» стадионида ўтган қаторасига уч ўйинда мағлуб бўлмади (+1=2).
  • Германия чемпионатининг жорий мавсумида «Вольфсбург» уч ўйинда камида бешта гол урди. «Бўрилар» бундай кўрсаткични 2009/10 йиллар мавсумидан буён қайд эта олмаганди.
  • 8 мағлубиятсиз серия (+2=6) — «Салернитана»нинг А Сериядаги иштироки тарихидаги энг яхши оралиқ давр.
  • «Астон Вилла» Унаи Эмери бошқарувида 19 ўйин ўтказди ва бу ўйинларнинг барчасида гол урди. Бу АПЛ тарихида мураббийлар томонидан қайд этилган энг яхши серия.
  • «Лилл» ҳужумчиси Дэвид Франция чемпионатининг 32 турида 21 гол урди. Сўнгги 75 йилликда ушбу жамоанинг фақат икки футболчиси бундай муддатда бундан яхшироқ самарадорликка эришган. Булар ўтган асрнинг 40-50-йилларидаги юлдузлар Баратт ва Темпровски бўлганди.
Азиз Қаршиев
Муаллиф Азиз Қаршиев
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид