Жаҳон | 21:18 / 23.04.2023
22833
3 дақиқада ўқилади

ISW украин ҳарбийлари Херсон областида Днипронинг чап соҳилига ўтгани ҳақида хабар қилди 

Alex Babenko / Reuters / Scanpix / LETA

Украиналик ҳарбийлар Херсон областида Днипро дарёсининг сўл соҳилига десант туширган. Бу ҳақда Американинг Урушларни ўрганиш институти (ISW) янги ҳисоботида, россиялик ҳарбий мухбирларнинг кадрлари геолокациясига таянган ҳолда хабар тарқатди.

ISW ҳисоботида айтилишича, 22 апрел ҳолатига кўра, украиналик ҳарбийлар Алешки шаҳридан шимолдаги позицияларни эгаллашга ва Е97 трассаси бўйлаб унинг шимолий чеккаларида илгарилашга, шунингдек Дачи посёлкасидан ғарбдаги ҳудудларга яқинлашишга муваффақ бўлган. Алешки Херсондан етти километр, Дачи — ўн километр масофада жойлашган.

ISW таҳлилчилари қайд этишича, Днипронинг сўл соҳилига ўтган украин гуруҳидаги ҳарбийлар сони ва унинг вазифаси аниқ эмас. Россиялик ҳарбий мухбирларга кўра, гап тўлақонли плацдарм ташкил этиш ҳақидамас, балки, катта эҳтимол билан украин ҳарбийларининг «эпизодик мавжудлиги» ҳақида бормоқда. 

Инситут таҳлилчилари тахмин қилишича, Украина қуролли кучлари дарёнинг чап соҳилига ўтгани факти Россия кучлари Конка ва Чайка дарёларидаги оролларни назорат қила олмаётганини кўрсатади.

Украина жанубидаги мудофаа кучлари матбуот котиби Наталья Гуменюк эса ISW маълумотига изоҳ бераркан, «сабрли бўлиш»га чақирган. «Мен жуда истардимки, масалан, Днипро каби тўсиқни енгиб ўтиш керак бўлганида, жуда мураккаб иш олиб борилаётганини барча тушунсин. Фронт чизиғи шундай кенг, кучли дарё орқали ўтган ҳолатда. Шунинг учун ҳарбий амалиёт шартлари, бу бизнинг ҳарбийларимиз учун етарлича хавфсиз бўлгунига қадар, ахборий сукутни талаб қилади», — дея Гуменюкнинг сўзларини келтирган «Громадьске».

Херсон областининг аннексия қилинган қисмининг Кремл томонидан тайинланган «раҳбари» Владимир Сальдо РИА Новости агентлигига айни вақтда Днипро дарёсининг чап соҳилига украин ҳарбийлари туширилгани ҳақидаги маълумотлар ҳақиқатга тўғри келмаслигини айтган. Унинг сўзларига кўра, россиялик ҳарбий хизматчилар регионнинг чап соҳилдаги қисмини тўлиқ назорат қилмоқда.

РФ мудофаа вазирлиги бу маълумотга муносабат билдирмади.

Мавзуга оид