Жаҳон | 09:02 / 24.04.2023
10251
2 дақиқада ўқилади

АҚШ Арманистон ва Қорабоғ ўртасида назорат-ўтказиш пункти ўрнатилишини қоралади

АҚШ ва Франсия Озарбойжоннинг Лочин коридорида назорат-ўтказиш пункти ўрнатиш қарорини қоралади. Бу Арманистонни Тоғли Қорабоғ билан боғлайдиган ягона йўл.

Фото: Getty Images

Озарбойжон томонидан Арманистон ва Тоғли Қорабоғ ўртасидаги Лочин йўлагида назорат-ўтказиш пункти ўрнатилиши “тинчлик жараёнига ишонч ўрнатишга қаратилган саъй-ҳаракатларга путур етказади”, деди Вашингтон. “Биз Лочин йўлагида одамлар ва юкларнинг эркин ва очиқ ҳаракатланиши зарурлигини яна бир бор таъкидлаймиз ва томонларни тинчлик музокараларини давом эттиришга, чегара бўйлаб провокация ва душманликдан сақланишга чақирамиз”, дейилади Давлат департаменти 23 апрел, якшанба куни эълон қилинган баёнотида. 

Франция Ташқи ишлар вазирлиги ҳам чегара назорат пунктининг ўрнатилишини музокара жараёнига халақит бериши мумкин бўлган ўт очишни тўхтатиш келишувларини бузиш сифатида баҳолади.

Аввалроқ, 23 апрел куни Озарбойжон Ташқи ишлар вазирлиги Арманистон билан чегарадаги Лочин йўлагида назорат-ўтказиш пункти ўрнатилишини маълум қилганди – бу Арманистонни Тоғли Қорабоғ билан боғлайдиган ягона йўл. Озарбойжон давлат чегара хизмати бу қарорини “аскарлар, ўқ-дорилар, миналар ва бошқа ҳарбий техникалар ўтказилишининг олдини олиш” зарурати билан изоҳлади.

Арманистон Ташқи ишлар вазирлиги бу айбловларни “узоқ ва асоссиз баҳона” деб атади ҳамда россиялик тинчликпарвар кучлар масъулияти зонасида жойлашган Лочин йўлагини зудлик билан очишни талаб қилди. “Биз Россия Федерациясини уч томонлама баёнотнинг 6-бандида кўрсатилган мажбуриятни Лочин коридорининг ноқонуний блокадасини бартараф этиш ва Озарбойжон қўшинларининг олиб чиқиб кетилишини таъминлаш орқали бажаришга чақирамиз”, — дейилади Арманистон ТИВ хабарида. Ереван, шунингдек, БМТга аъзо давлатларни “Халқаро суд қарорини сўзсиз бажариш учун самарали чоралар кўришга” чақирди.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид